Sura 10 Yunus, oyat 71 – 82
-
وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ نُوحٍ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ يَا قَوْمِ إِنْ كَانَ كَبُرَ عَلَيْكُمْ مَقَامِي وَتَذْكِيرِي بِآيَاتِ اللَّهِ فَعَلَى اللَّهِ تَوَكَّلْتُ فَأَجْمِعُوا أَمْرَكُمْ وَشُرَكَاءَكُمْ ثُمَّ لَا يَكُنْ أَمْرُكُمْ عَلَيْكُمْ غُمَّةً ثُمَّ اقْضُوا إِلَيَّ وَلَا تُنْظِرُونِ
Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар.
10:71 -
فَإِنْ تَوَلَّيْتُمْ فَمَا سَأَلْتُكُمْ مِنْ أَجْرٍ ۖ إِنْ أَجْرِيَ إِلَّا عَلَى اللَّهِ ۖ وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ
Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди. (Эй Муҳаммад, ўз вақтида Нуҳ (а. с.) ҳам сенга ўхшаб қавмига Пайғамбар бўлиб келган эди. Сен билан қавминг ўртасидаги ҳолат уларнинг ҳам бошидан кечган. Сенинг қавминг ичидан ҳам Нуҳ қавмидагига ўхшаш саркашлар чиқди. Улар Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи турли оят-белгилардан ўрнак олмаяптилар.)
10:72 -
فَكَذَّبُوهُ فَنَجَّيْنَاهُ وَمَنْ مَعَهُ فِي الْفُلْكِ وَجَعَلْنَاهُمْ خَلَائِفَ وَأَغْرَقْنَا الَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا ۖ فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُنْذَرِينَ
Сўнгра уни ёлғончига чиқаришди. Бас, Биз уни ва у ила бирга бўлганларни кемада қутқардик ва уларни халифалар қилдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ этдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.
10:73 -
ثُمَّ بَعَثْنَا مِنْ بَعْدِهِ رُسُلًا إِلَىٰ قَوْمِهِمْ فَجَاءُوهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَمَا كَانُوا لِيُؤْمِنُوا بِمَا كَذَّبُوا بِهِ مِنْ قَبْلُ ۚ كَذَٰلِكَ نَطْبَعُ عَلَىٰ قُلُوبِ الْمُعْتَدِينَ
Сўнгра ундан кейин Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келдилар. Аммо у(қавм)лар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкорларнинг қалбига шундай қилиб муҳр босамиз. (Эй сиз инсонлар, ушбу оятлар билан танишаётганлар! Сизлар ҳам ўша қавмларга ўхшаб аввал-бошдан Пайғамбарни, Қуръонни ёлғонга чиқариб, тажовузкорлик этманг. Агар шундай қиладиган бўлсангиз, ўшаларга ўхшаб қалбингизга муҳр босилиши, оқибатда ҳалокатга учрашингиз турган гап. Мана, қуйида қиссаси келадиган қавм ҳам худди шундай тақдирга дуч келган эди.)
10:74 -
ثُمَّ بَعَثْنَا مِنْ بَعْدِهِمْ مُوسَىٰ وَهَارُونَ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَمَلَئِهِ بِآيَاتِنَا فَاسْتَكْبَرُوا وَكَانُوا قَوْمًا مُجْرِمِينَ
Сўнгра улардан кейин Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва унинг қавмига Ўз оят-мўъжизаларимиз ила юбордик. Бас, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.
10:75 -
فَلَمَّا جَاءَهُمُ الْحَقُّ مِنْ عِنْدِنَا قَالُوا إِنَّ هَٰذَا لَسِحْرٌ مُبِينٌ
Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақ келган пайтда: «Бу, албатта, очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.
10:76 -
قَالَ مُوسَىٰ أَتَقُولُونَ لِلْحَقِّ لَمَّا جَاءَكُمْ ۖ أَسِحْرٌ هَٰذَا وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُونَ
Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди.
10:77 -
قَالُوا أَجِئْتَنَا لِتَلْفِتَنَا عَمَّا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا وَتَكُونَ لَكُمَا الْكِبْرِيَاءُ فِي الْأَرْضِ وَمَا نَحْنُ لَكُمَا بِمُؤْمِنِينَ
Улар: «Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга иймон келтирувчилардан эмасмиз», дедилар. (Улар илм-маърифат асосида эмас, қалбларидаги аввалдан ўрнашиб қолган дард туфайли Аллоҳ томонидан келган динни инкор қилаётган эканлар. Бу фақат Фиръавн ва унинг қавмигагина эмас, балки Аллоҳнинг динига юришни хоҳламаган ҳар бир тоғут ва унинг қавмига хос хусусиятдир.)
10:78 -
وَقَالَ فِرْعَوْنُ ائْتُونِي بِكُلِّ سَاحِرٍ عَلِيمٍ
Фиръавн: «Менга барча билимдон сеҳргарни келтиринглар», деди.
10:79 -
فَلَمَّا جَاءَ السَّحَرَةُ قَالَ لَهُمْ مُوسَىٰ أَلْقُوا مَا أَنْتُمْ مُلْقُونَ
Сеҳргарлар келганида, Мусо уларга: «Сизлар ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз», деди.
10:80 -
فَلَمَّا أَلْقَوْا قَالَ مُوسَىٰ مَا جِئْتُمْ بِهِ السِّحْرُ ۖ إِنَّ اللَّهَ سَيُبْطِلُهُ ۖ إِنَّ اللَّهَ لَا يُصْلِحُ عَمَلَ الْمُفْسِدِينَ
Улар ташлаганларида, Мусо: «Сиз келтирган нарса сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ўнгламас.
10:81 -
وَيُحِقُّ اللَّهُ الْحَقَّ بِكَلِمَاتِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُجْرِمُونَ
Ва Аллоҳ Ўз калимаси ила, гарчи жиноятчилар ёқтирмаса ҳам, ҳақни рўёбга чиқарур», деди. (Kиссанинг тафсилоти бошқа сураларда келган. Бу сурада эса, сиёқига мос равишда баъзи ҳолатлар баён қилинмоқда. Чунки Аллоҳ томонидан берилган мўъжизага соҳиб бўлган Пайғамбар сеҳрни осонликча билиши ажабланарлик эмас. У киши қалби Аллоҳга иймон ила тўла, ўз ишининг ҳақлигига, бошқаларнинг иши ботиллигига ишончи комил зотдирлар. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Аллоҳнинг «Бўл!» деган калимаси ила ҳар нарса бўлиши турган гап. Сеҳргарларнинг сеҳри ботил бўлди. Аллоҳ ҳақни рўёбга чиқарди.)
10:82
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf