Sura 10 Yunus, oyat 75 – 92

  1. ثُمَّ بَعَثْنَا مِنْ بَعْدِهِمْ مُوسَىٰ وَهَارُونَ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَمَلَئِهِ بِآيَاتِنَا فَاسْتَكْبَرُوا وَكَانُوا قَوْمًا مُجْرِمِينَ

    Сўнгра улардан кейин Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва унинг қавмига Ўз оят-мўъжизаларимиз ила юбордик. Бас, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.

    10:75
  2. فَلَمَّا جَاءَهُمُ الْحَقُّ مِنْ عِنْدِنَا قَالُوا إِنَّ هَٰذَا لَسِحْرٌ مُبِينٌ

    Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақ келган пайтда: «Бу, албатта, очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.

    10:76
  3. قَالَ مُوسَىٰ أَتَقُولُونَ لِلْحَقِّ لَمَّا جَاءَكُمْ ۖ أَسِحْرٌ هَٰذَا وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُونَ

    Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди.

    10:77
  4. قَالُوا أَجِئْتَنَا لِتَلْفِتَنَا عَمَّا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا وَتَكُونَ لَكُمَا الْكِبْرِيَاءُ فِي الْأَرْضِ وَمَا نَحْنُ لَكُمَا بِمُؤْمِنِينَ

    Улар: «Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга иймон келтирувчилардан эмасмиз», дедилар. (Улар илм-маърифат асосида эмас, қалбларидаги аввалдан ўрнашиб қолган дард туфайли Аллоҳ томонидан келган динни инкор қилаётган эканлар. Бу фақат Фиръавн ва унинг қавмигагина эмас, балки Аллоҳнинг динига юришни хоҳламаган ҳар бир тоғут ва унинг қавмига хос хусусиятдир.)

    10:78
  5. وَقَالَ فِرْعَوْنُ ائْتُونِي بِكُلِّ سَاحِرٍ عَلِيمٍ

    Фиръавн: «Менга барча билимдон сеҳргарни келтиринглар», деди.

    10:79
  6. فَلَمَّا جَاءَ السَّحَرَةُ قَالَ لَهُمْ مُوسَىٰ أَلْقُوا مَا أَنْتُمْ مُلْقُونَ

    Сеҳргарлар келганида, Мусо уларга: «Сизлар ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз», деди.

    10:80
  7. فَلَمَّا أَلْقَوْا قَالَ مُوسَىٰ مَا جِئْتُمْ بِهِ السِّحْرُ ۖ إِنَّ اللَّهَ سَيُبْطِلُهُ ۖ إِنَّ اللَّهَ لَا يُصْلِحُ عَمَلَ الْمُفْسِدِينَ

    Улар ташлаганларида, Мусо: «Сиз келтирган нарса сеҳрдир. Албатта, Аллоҳ уни ботил қилур. Зеро, Аллоҳ бузғунчиларнинг ишини ўнгламас.

    10:81
  8. وَيُحِقُّ اللَّهُ الْحَقَّ بِكَلِمَاتِهِ وَلَوْ كَرِهَ الْمُجْرِمُونَ

    Ва Аллоҳ Ўз калимаси ила, гарчи жиноятчилар ёқтирмаса ҳам, ҳақни рўёбга чиқарур», деди. (Kиссанинг тафсилоти бошқа сураларда келган. Бу сурада эса, сиёқига мос равишда баъзи ҳолатлар баён қилинмоқда. Чунки Аллоҳ томонидан берилган мўъжизага соҳиб бўлган Пайғамбар сеҳрни осонликча билиши ажабланарлик эмас. У киши қалби Аллоҳга иймон ила тўла, ўз ишининг ҳақлигига, бошқаларнинг иши ботиллигига ишончи комил зотдирлар. Дарҳақиқат, шундай бўлди ҳам. Аллоҳнинг «Бўл!» деган калимаси ила ҳар нарса бўлиши турган гап. Сеҳргарларнинг сеҳри ботил бўлди. Аллоҳ ҳақни рўёбга чиқарди.)

    10:82
  9. فَمَا آمَنَ لِمُوسَىٰ إِلَّا ذُرِّيَّةٌ مِنْ قَوْمِهِ عَلَىٰ خَوْفٍ مِنْ فِرْعَوْنَ وَمَلَئِهِمْ أَنْ يَفْتِنَهُمْ ۚ وَإِنَّ فِرْعَوْنَ لَعَالٍ فِي الْأَرْضِ وَإِنَّهُ لَمِنَ الْمُسْرِفِينَ

    Мусога ўз қавмидан баъзи зурриётларгина Фиръавн ва амалдор-зодагонларининг фитна қилмоқларидан қўрққан ҳолларида иймон келтирдилар, холос. Албатта, Фиръавн ер юзида баланд кетган эди. Албатта, у исрофчилардан эди.

    10:83
  10. وَقَالَ مُوسَىٰ يَا قَوْمِ إِنْ كُنْتُمْ آمَنْتُمْ بِاللَّهِ فَعَلَيْهِ تَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُسْلِمِينَ

    Мусо: «Эй қавмим, агар Аллоҳга иймон келтирган бўлсангиз, агар мусулмон бўлсангиз, фақат Унгагина таваккал қилинг», деди.

    10:84
  11. فَقَالُوا عَلَى اللَّهِ تَوَكَّلْنَا رَبَّنَا لَا تَجْعَلْنَا فِتْنَةً لِلْقَوْمِ الظَّالِمِينَ

    Улар: «Аллоҳгагина таваккал қилдик. Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма.

    10:85
  12. وَنَجِّنَا بِرَحْمَتِكَ مِنَ الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

    Ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин», дедилар. (Арабчада «фитна» сўзи синов маъносини англатади. Жумладан, темирни ўтга солиб синаб кўришни ҳам фитна дейишади. Шунингдек, фитна сўзи «алдов» ва «адашув» маъносини ҳам англатади. Ушбу оятда эса, мўминлар Аллоҳдан золим қавмларни улар устидан ғолиб қилиб қўймасликни сўрашмоқда. Чунки бу иш фитнага сабаб бўлиши мумкин. Мўминлар, уларнинг ишлари тўғри экан-да, бўлмаса нима учун бизга ғолиб келишади, деган хаёлга боришлари мумкин. Бу эса, катта фитнадир. Аслида, Аллоҳ кофирларни билдирмай олиш учун аввал уларга зоҳиран ғалаба бериб ҳам туриши мумкин. Аммо бу мўминлар гуруҳи шуни ҳам хоҳламаяптилар.)

    10:86
  13. وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ مُوسَىٰ وَأَخِيهِ أَنْ تَبَوَّآ لِقَوْمِكُمَا بِمِصْرَ بُيُوتًا وَاجْعَلُوا بُيُوتَكُمْ قِبْلَةً وَأَقِيمُوا الصَّلَاةَ ۗ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ

    Биз Мусога ва унинг биродарига: «Икковингиз қавмингиз учун Мисрда уйлар тайёрланг, уйларингизни қибла қилиб, намозни тўкис адо этинглар ва мўминларга хушхабар бер», деб ваҳий юбордик.

    10:87
  14. وَقَالَ مُوسَىٰ رَبَّنَا إِنَّكَ آتَيْتَ فِرْعَوْنَ وَمَلَأَهُ زِينَةً وَأَمْوَالًا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا رَبَّنَا لِيُضِلُّوا عَنْ سَبِيلِكَ ۖ رَبَّنَا اطْمِسْ عَلَىٰ أَمْوَالِهِمْ وَاشْدُدْ عَلَىٰ قُلُوبِهِمْ فَلَا يُؤْمِنُوا حَتَّىٰ يَرَوُا الْعَذَابَ الْأَلِيمَ

    Мусо: «Эй Роббимиз, Сен Фиръавнга ва унинг амалдорларига зебу зийнат ва молу дунё бердинг. Роббимиз, бу Сенинг йўлингдан адаштиришлари учундир. Роббимиз, уларнинг молларини йўқ қилгин ва қалбларини қаттиқ қилгин, то аламли азобни кўрмагунларича иймонга келмасинлар», деди.

    10:88
  15. قَالَ قَدْ أُجِيبَتْ دَعْوَتُكُمَا فَاسْتَقِيمَا وَلَا تَتَّبِعَانِّ سَبِيلَ الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ

    У: «Батаҳқиқ, икковингизнинг дуоингиз қабул бўлди. Бас, собит туринглар ва билмайдиганларнинг йўлига эргашманглар», деди.

    10:89
  16. وَجَاوَزْنَا بِبَنِي إِسْرَائِيلَ الْبَحْرَ فَأَتْبَعَهُمْ فِرْعَوْنُ وَجُنُودُهُ بَغْيًا وَعَدْوًا ۖ حَتَّىٰ إِذَا أَدْرَكَهُ الْغَرَقُ قَالَ آمَنْتُ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا الَّذِي آمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ

    Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб этдилар. Токи унга ғарқ бўлиш етганида: «Бани Исроил иймон келтирган зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман», деди.

    10:90
  17. آلْآنَ وَقَدْ عَصَيْتَ قَبْلُ وَكُنْتَ مِنَ الْمُفْسِدِينَ

    Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?!

    10:91
  18. فَالْيَوْمَ نُنَجِّيكَ بِبَدَنِكَ لِتَكُونَ لِمَنْ خَلْفَكَ آيَةً ۚ وَإِنَّ كَثِيرًا مِنَ النَّاسِ عَنْ آيَاتِنَا لَغَافِلُونَ

    Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар. (Соғлик-саломатлик, куч-қувват, молу мулк, ҳукм, мансаб ва бошқа имкониятлар борида қиларини қилиб юрган ҳар қандай одам ҳам ўлимига кўзи етиб қолганида Худони эслайди. Лекин бунинг фойдаси йўқ. Бу ҳақиқат ўша тоифадаги кишиларга уларнинг энг кўзга кўринган вакили Фиръавн мисолида тушунтирилмоқда. Жойингни эмас. Жонингни оламиз. Бошқалар каби ўласан. Чунки сен ҳам оддий-ожиз бандасан. Аммо жасадингни қутқарамиз. Балиқлар ҳам емайди. Сувга оқиб ҳам йўқ бўлмайди. Бошқа сабаб билан ҳам йўқ бўлиб кетмайди. «Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин». Шунчалар мулкка эга бўлсанг ҳам, қанча катта даъволар қилган бўлсанг ҳам, аскарларинг шунча кўп бўлса ҳам, барибир Аллоҳнинг азобидан қутула олмаганингни кўриб ибрат олсинлар. «Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар».)

    10:92

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf