Sura 10 Yunus

  1. وَمَا تَكُونُ فِي شَأْنٍ وَمَا تَتْلُو مِنْهُ مِنْ قُرْآنٍ وَلَا تَعْمَلُونَ مِنْ عَمَلٍ إِلَّا كُنَّا عَلَيْكُمْ شُهُودًا إِذْ تُفِيضُونَ فِيهِ ۚ وَمَا يَعْزُبُ عَنْ رَبِّكَ مِنْ مِثْقَالِ ذَرَّةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي السَّمَاءِ وَلَا أَصْغَرَ مِنْ ذَٰلِكَ وَلَا أَكْبَرَ إِلَّا فِي كِتَابٍ مُبِينٍ

    Қайси ҳолда бўлсанг, Қуръондан нимани тиловат этсанг, ишлардан қай бирини қилсанг, албатта, биз ўшанга киришаётган пайтингларда сизларга гувоҳмиз. На ер юзида ва на осмонларда зарра миқдоридаги, ундан кичикроқ ёки каттароқ нарса Роббингдан махфий бўла олмас, балки очиқ-ойдин китобдадир. (Аллоҳ нафақат кўради ёки билади, балки унга гувоҳ бўлади ва очиқ-ойдин китобга ёзиб ҳам қўяди. Шундай бўлгандан кейин, дунёда энг катта гуноҳни қилганларнинг–Аллоҳ таологагина хос бўлган ҳаққа тажовуз этиб, унинг шаънига ёлғон тўқиб, берган ризқининг баъзисини ҳаром, баъзисини ҳалол деганларнинг гуноҳи махфий бўлиб қолармиди? Аллоҳ гувоҳ бўлиб турибди, очиқ-ойдин китобга ёзилиб турибди, деган эътиқод билан яшаб, Аллоҳга ихлос ила эътиқод ва бандалик қилганларнинг бирор амали зое бўлармиди? Албатта, йўқ. Ҳаммаси ҳисобга олинади ва мукофоти берилади.)

    10:61
  2. أَلَا إِنَّ أَوْلِيَاءَ اللَّهِ لَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

    Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.

    10:62
  3. الَّذِينَ آمَنُوا وَكَانُوا يَتَّقُونَ

    Улар иймон келтирганлар ва тақво қилганлардир. (Демак, Аллоҳнинг дўсти бўлиш жуда ҳам осон экан. Бунинг учун аввало, У зотга иймон келтириш; иккинчидан эса, тақводор бўлиш, яъни, Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш лозим экан. Кимнинг иймонида заррача хато бўлса ёки Аллоҳнинг кўрсатмалари асосида эмас, ўзганинг йўлида ҳаёт кечирса ёхуд ўзи ўзига йўлланма тузиб олса, у одам Аллоҳга дўст бўлиш бахтидан маҳрумдир.)

    10:63
  4. لَهُمُ الْبُشْرَىٰ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَفِي الْآخِرَةِ ۚ لَا تَبْدِيلَ لِكَلِمَاتِ اللَّهِ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

    Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Ана ўша улуғ ютуқдир. (Аллоҳнинг дўстларига икки дунё саодатининг хушхабари бор. Улар иймонлари ва тақволари туфайли, Аллоҳнинг инояти ила, аввало, бу дунёда саодатли ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, худди шу иймонлари ва тақволари сабабли жаннатга дохил бўладилар. Мазкур хушхабар Аллоҳнинг сўзларидир. Ҳозирда баъзи мусулмон жамиятлар ўша улуғ ютуққа бу дунё ҳаётида эриша олмаётган бўлсалар, бу нарса Аллоҳнинг калималари ўзгарганига эмас, балки иймон ва тақвода камчилик борлигига ёки иймон ва тақвонинг умуман йўқлигига далилдир.)

    10:64
  5. وَلَا يَحْزُنْكَ قَوْلُهُمْ ۘ إِنَّ الْعِزَّةَ لِلَّهِ جَمِيعًا ۚ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

    Уларнинг гапи сени хафа қилмасин. Азизликнинг барчаси Аллоҳникидир. У эшитгувчи ва билгувчи зотдир.

    10:65
  6. أَلَا إِنَّ لِلَّهِ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ ۗ وَمَا يَتَّبِعُ الَّذِينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ شُرَكَاءَ ۚ إِنْ يَتَّبِعُونَ إِلَّا الظَّنَّ وَإِنْ هُمْ إِلَّا يَخْرُصُونَ

    Огоҳ бўлингким, осмонларда ким бўлса ва ер юзида ким бўлса, албатта, Аллоҳникидир. Аллоҳдан ўзга шерикларга илтижо қилаётганлар нимага эргашадилар? Улар фақат гумонга эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар, холос.

    10:66
  7. هُوَ الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ اللَّيْلَ لِتَسْكُنُوا فِيهِ وَالنَّهَارَ مُبْصِرًا ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَسْمَعُونَ

    У сизларга сокинлик топишингиз учун кечани ва кўрсатувчи этиб кундузни қилган зот. Албатта, бунда эшитадиган қавмлар учун оят-аломатлар бордир.

    10:67
  8. قَالُوا اتَّخَذَ اللَّهُ وَلَدًا ۗ سُبْحَانَهُ ۖ هُوَ الْغَنِيُّ ۖ لَهُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَمَا فِي الْأَرْضِ ۚ إِنْ عِنْدَكُمْ مِنْ سُلْطَانٍ بِهَٰذَا ۚ أَتَقُولُونَ عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

    Улар: «Аллоҳ фарзанд тутди», дедилар. У (бундан) покдир. У беҳожатдир. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Бу ҳақда сизнинг ҳеч қандай далилингиз йўқ-ку! Аллоҳга нисбатан билмаган нарсангизни айтаверасизми? (Одатда инсон қай ҳолларда фарзанд тутади? Фарзандсизлигим билинмасин; менга ёрдам бўлсин; кўнглимни кўтариб турсинн ва ҳоказо ҳожатларни кўзлаб фарзанд тутади. Ажабо, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шу каби ишларга муҳтожми? Унга нисбатан бунақа сифат бериш дурустми? Йўқ, албатта.)

    10:68
  9. قُلْ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللَّهِ الْكَذِبَ لَا يُفْلِحُونَ

    Сен: «Албатта Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганлар нажот топмаслар», деб айт.

    10:69
  10. مَتَاعٌ فِي الدُّنْيَا ثُمَّ إِلَيْنَا مَرْجِعُهُمْ ثُمَّ نُذِيقُهُمُ الْعَذَابَ الشَّدِيدَ بِمَا كَانُوا يَكْفُرُونَ

    Бу дунёда (бир оз) фойдаланиш, кейин Бизга қайтишлари бор. Сўнгра Биз уларга, куфр келтириб ўтганлари учун, шиддатли азобни тоттирамиз.

    10:70
  11. وَاتْلُ عَلَيْهِمْ نَبَأَ نُوحٍ إِذْ قَالَ لِقَوْمِهِ يَا قَوْمِ إِنْ كَانَ كَبُرَ عَلَيْكُمْ مَقَامِي وَتَذْكِيرِي بِآيَاتِ اللَّهِ فَعَلَى اللَّهِ تَوَكَّلْتُ فَأَجْمِعُوا أَمْرَكُمْ وَشُرَكَاءَكُمْ ثُمَّ لَا يَكُنْ أَمْرُكُمْ عَلَيْكُمْ غُمَّةً ثُمَّ اقْضُوا إِلَيَّ وَلَا تُنْظِرُونِ

    Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Вақтики у ўз қавмига: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳга таваккал қилдим. Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни билаверинглар. Яна ишларингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлиб қолмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар.

    10:71
  12. فَإِنْ تَوَلَّيْتُمْ فَمَا سَأَلْتُكُمْ مِنْ أَجْرٍ ۖ إِنْ أَجْرِيَ إِلَّا عَلَى اللَّهِ ۖ وَأُمِرْتُ أَنْ أَكُونَ مِنَ الْمُسْلِمِينَ

    Бас, агар юз ўгирсангиз, мен сизлардан ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳдан. Ва мен мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман», деди. (Эй Муҳаммад, ўз вақтида Нуҳ (а. с.) ҳам сенга ўхшаб қавмига Пайғамбар бўлиб келган эди. Сен билан қавминг ўртасидаги ҳолат уларнинг ҳам бошидан кечган. Сенинг қавминг ичидан ҳам Нуҳ қавмидагига ўхшаш саркашлар чиқди. Улар Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи турли оят-белгилардан ўрнак олмаяптилар.)

    10:72
  13. فَكَذَّبُوهُ فَنَجَّيْنَاهُ وَمَنْ مَعَهُ فِي الْفُلْكِ وَجَعَلْنَاهُمْ خَلَائِفَ وَأَغْرَقْنَا الَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا ۖ فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُنْذَرِينَ

    Сўнгра уни ёлғончига чиқаришди. Бас, Биз уни ва у ила бирга бўлганларни кемада қутқардик ва уларни халифалар қилдик. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ этдик. Огоҳлантирилганларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол.

    10:73
  14. ثُمَّ بَعَثْنَا مِنْ بَعْدِهِ رُسُلًا إِلَىٰ قَوْمِهِمْ فَجَاءُوهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ فَمَا كَانُوا لِيُؤْمِنُوا بِمَا كَذَّبُوا بِهِ مِنْ قَبْلُ ۚ كَذَٰلِكَ نَطْبَعُ عَلَىٰ قُلُوبِ الْمُعْتَدِينَ

    Сўнгра ундан кейин Пайғамбарларни қавмларига юбордик. Бас, улар очиқ-ойдин ҳужжатлар ила келдилар. Аммо у(қавм)лар олдин ёлғонга чиқарган нарсаларига иймон келтирувчи бўлмадилар. Тажовузкорларнинг қалбига шундай қилиб муҳр босамиз. (Эй сиз инсонлар, ушбу оятлар билан танишаётганлар! Сизлар ҳам ўша қавмларга ўхшаб аввал-бошдан Пайғамбарни, Қуръонни ёлғонга чиқариб, тажовузкорлик этманг. Агар шундай қиладиган бўлсангиз, ўшаларга ўхшаб қалбингизга муҳр босилиши, оқибатда ҳалокатга учрашингиз турган гап. Мана, қуйида қиссаси келадиган қавм ҳам худди шундай тақдирга дуч келган эди.)

    10:74
  15. ثُمَّ بَعَثْنَا مِنْ بَعْدِهِمْ مُوسَىٰ وَهَارُونَ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَمَلَئِهِ بِآيَاتِنَا فَاسْتَكْبَرُوا وَكَانُوا قَوْمًا مُجْرِمِينَ

    Сўнгра улардан кейин Мусо ва Ҳорунни Фиръавн ва унинг қавмига Ўз оят-мўъжизаларимиз ила юбордик. Бас, улар кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи қавм бўлдилар.

    10:75
  16. فَلَمَّا جَاءَهُمُ الْحَقُّ مِنْ عِنْدِنَا قَالُوا إِنَّ هَٰذَا لَسِحْرٌ مُبِينٌ

    Бизнинг ҳузуримиздан уларга ҳақ келган пайтда: «Бу, албатта, очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар.

    10:76
  17. قَالَ مُوسَىٰ أَتَقُولُونَ لِلْحَقِّ لَمَّا جَاءَكُمْ ۖ أَسِحْرٌ هَٰذَا وَلَا يُفْلِحُ السَّاحِرُونَ

    Мусо: «Сизга ҳақ келганда (шундай) дейсизларми?! Шу сеҳрми?! Сеҳргарлар нажот топмаслар», деди.

    10:77
  18. قَالُوا أَجِئْتَنَا لِتَلْفِتَنَا عَمَّا وَجَدْنَا عَلَيْهِ آبَاءَنَا وَتَكُونَ لَكُمَا الْكِبْرِيَاءُ فِي الْأَرْضِ وَمَا نَحْنُ لَكُمَا بِمُؤْمِنِينَ

    Улар: «Сен бизни оталаримиз тутиб келаётганида топган нарсамиздан буриш учун ва икковингизга ер юзида катталик бўлиши учун келдингми? Биз икковингизга иймон келтирувчилардан эмасмиз», дедилар. (Улар илм-маърифат асосида эмас, қалбларидаги аввалдан ўрнашиб қолган дард туфайли Аллоҳ томонидан келган динни инкор қилаётган эканлар. Бу фақат Фиръавн ва унинг қавмигагина эмас, балки Аллоҳнинг динига юришни хоҳламаган ҳар бир тоғут ва унинг қавмига хос хусусиятдир.)

    10:78
  19. وَقَالَ فِرْعَوْنُ ائْتُونِي بِكُلِّ سَاحِرٍ عَلِيمٍ

    Фиръавн: «Менга барча билимдон сеҳргарни келтиринглар», деди.

    10:79
  20. فَلَمَّا جَاءَ السَّحَرَةُ قَالَ لَهُمْ مُوسَىٰ أَلْقُوا مَا أَنْتُمْ مُلْقُونَ

    Сеҳргарлар келганида, Мусо уларга: «Сизлар ташламоқчи бўлган нарсангизни ташлангиз», деди.

    10:80

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf