Sura 11 Hud, oyat 9 – 24

  1. وَلَئِنْ أَذَقْنَا الْإِنْسَانَ مِنَّا رَحْمَةً ثُمَّ نَزَعْنَاهَا مِنْهُ إِنَّهُ لَيَئُوسٌ كَفُورٌ

    Агар инсонга Ўз томонимиздан роҳатни тоттириб, сўнгра ундан уни тортиб олсак, албатта, у ноумид ва ношукр бўлур.

    11:9
  2. وَلَئِنْ أَذَقْنَاهُ نَعْمَاءَ بَعْدَ ضَرَّاءَ مَسَّتْهُ لَيَقُولَنَّ ذَهَبَ السَّيِّئَاتُ عَنِّي ۚ إِنَّهُ لَفَرِحٌ فَخُورٌ

    Агар унга етган қийинчиликлардан сўнг неъмат тоттирсак, албатта: «Мендан ёмонликлар кетди», дейдир. Албатта, у хурсанд ва фахрлидир.

    11:10
  3. إِلَّا الَّذِينَ صَبَرُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ أُولَٰئِكَ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَأَجْرٌ كَبِيرٌ

    Магар сабр қилганлар ва яхши амаллар қилганлар, ана ўшаларга мағфират ва катта ажр бор.

    11:11
  4. فَلَعَلَّكَ تَارِكٌ بَعْضَ مَا يُوحَىٰ إِلَيْكَ وَضَائِقٌ بِهِ صَدْرُكَ أَنْ يَقُولُوا لَوْلَا أُنْزِلَ عَلَيْهِ كَنْزٌ أَوْ جَاءَ مَعَهُ مَلَكٌ ۚ إِنَّمَا أَنْتَ نَذِيرٌ ۚ وَاللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ وَكِيلٌ

    Эҳтимол сен уларнинг: «Унга хазина туширилса эди» ёки «У билан бирга фаришта келса эди», деганлари учун ўзингга ваҳий қилинган нарсанинг баъзисини тарк қилмоқчи бўларсан ёки ундан юрагинг сиқилар. Сен огоҳлантирувчисан, холос. Аллоҳнинг Ўзи ҳамма нарсага вакилдир. (Албатта, кофир ва мушриклар қанчалик шаккоклик қилмасинлар, қанчалик таклифлар киритмасинлар, Расулуллоҳнинг (с. а. в.) эътиқодларига зарар етказа олмайдилар. У киши Қуръоннинг баъзисини тарк этмоқчи ҳам бўлмайдилар, ундан юраклари сиқилмайди ҳам. Аммо бу оят у кишига ва у киши орқали барча мўмин-мусулмонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келмоқда. Яъни, мушриклар қанчалар ёмонлик қилсалар ҳам, сизлар сабр қилинглар, сиқилманглар, демоқда.)

    11:12
  5. أَمْ يَقُولُونَ افْتَرَاهُ ۖ قُلْ فَأْتُوا بِعَشْرِ سُوَرٍ مِثْلِهِ مُفْتَرَيَاتٍ وَادْعُوا مَنِ اسْتَطَعْتُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ

    Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин. (Мушрикларнинг аввалги оятда келган «Пайғамбарга хазина туширса ёки у билан бирга фаришта ҳам Пайғамбар этиб юборилсагина унга эргашамиз», деган мантиқсиз гаплари етмаганидек, улар: «Қуръонни Пайғамбарнинг ўзи тўқиб олган», ҳам дейдилар. Бундан ҳам аччиғинг чиқмасин, хафа бўлма. «Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин.)

    11:13
  6. فَإِلَّمْ يَسْتَجِيبُوا لَكُمْ فَاعْلَمُوا أَنَّمَا أُنْزِلَ بِعِلْمِ اللَّهِ وَأَنْ لَا إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ۖ فَهَلْ أَنْتُمْ مُسْلِمُونَ

    Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!

    11:14
  7. مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لَا يُبْخَسُونَ

    Кимки бу дунё ҳаётини ва унинг зийнатини хоҳласа, бу борадаги амалларининг (самараси)ни тўлиқ берурмиз. Улар бунда камситилмаслар.

    11:15
  8. أُولَٰئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الْآخِرَةِ إِلَّا النَّارُ ۖ وَحَبِطَ مَا صَنَعُوا فِيهَا وَبَاطِلٌ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

    Ана ўшаларга охиратда дўзах оловидан бошқа ҳеч вақо йўқдир. Бу дунёда қилган ишлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботил бўлди.

    11:16
  9. أَفَمَنْ كَانَ عَلَىٰ بَيِّنَةٍ مِنْ رَبِّهِ وَيَتْلُوهُ شَاهِدٌ مِنْهُ وَمِنْ قَبْلِهِ كِتَابُ مُوسَىٰ إِمَامًا وَرَحْمَةً ۚ أُولَٰئِكَ يُؤْمِنُونَ بِهِ ۚ وَمَنْ يَكْفُرْ بِهِ مِنَ الْأَحْزَابِ فَالنَّارُ مَوْعِدُهُ ۚ فَلَا تَكُ فِي مِرْيَةٍ مِنْهُ ۚ إِنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكَ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يُؤْمِنُونَ

    Ўз Роббидан аниқ ҳужжатга эга бўлган, унга ўша (Робб)нинг Ўзидан гувоҳ эргашган ва у(гувоҳ)дан олдин Мусонинг китоби имом ва раҳмат ҳолида унга (шоҳид) бўлган кишига (куфр келтирилади)ми? Ана ўшалар у(шоҳид)га иймон келтирарлар. Гуруҳлардан ким унга куфр келтирса, унга ваъда қилинган жой жаҳаннамдир. Сен у ҳақда шак-шубҳада бўлма! Албатта, у Роббингдан келган ҳақдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар. (Қуръони Каримдан олдин Мусонинг (а. с.) китоби Таврот ҳам имом ва раҳмат бўлган ҳолида Муҳаммаднинг (с. а. в.) охирзамон Пайғамбари бўлишларига гувоҳ бўлган эди. Ана шундай кишига куфр келтирадиларми?! Қуръонга иймон келтирмасдан жаннатга киришни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмасин. Албатта, Пайғамбармиз (с. а. в.) ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ҳақ эканлигига шак-шубҳа қилмаганлар. Аммо бу сўзлар ўша даврдаги оғир ҳолатни енгиллатиш учун айтилмоқда. Чунки у пайтда одамлар Исломга қаршилик қилиб, даъват ишлари юришмай туриб қолган эди. Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва оз сонли мўмин бандаларига тасалли бериб, бу ҳолатдан ҳайрон бўлмасликларини уқдирмоқда. Нимага Қуръон иши тўхтаб қолди, деб ўйлама, Аллоҳ хоҳлаган вақтида юришиб кетади.)

    11:17
  10. وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّهِ كَذِبًا ۚ أُولَٰئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَىٰ رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الْأَشْهَادُ هَٰؤُلَاءِ الَّذِينَ كَذَبُوا عَلَىٰ رَبِّهِمْ ۚ أَلَا لَعْنَةُ اللَّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ

    Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Ана ўшалар Роббиларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар: «Анавилар Роббилари шаънига ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир», дерлар.

    11:18
  11. الَّذِينَ يَصُدُّونَ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَيَبْغُونَهَا عِوَجًا وَهُمْ بِالْآخِرَةِ هُمْ كَافِرُونَ

    Улар Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар ва унинг эгри бўлишини хоҳларлар ҳамда улар охиратга куфр келтирувчи кимсалардир.

    11:19
  12. أُولَٰئِكَ لَمْ يَكُونُوا مُعْجِزِينَ فِي الْأَرْضِ وَمَا كَانَ لَهُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ مِنْ أَوْلِيَاءَ ۘ يُضَاعَفُ لَهُمُ الْعَذَابُ ۚ مَا كَانُوا يَسْتَطِيعُونَ السَّمْعَ وَمَا كَانُوا يُبْصِرُونَ

    Ана ўшалар ер юзида қочиб қутилувчи бўла олмадилар, уларга Аллоҳдан ўзга дўст ҳам бўлмади, азоб бир неча баробар қилинур. Улар эшитишга қодир бўла олмадилар ва кўра олмадилар ҳам.

    11:20
  13. أُولَٰئِكَ الَّذِينَ خَسِرُوا أَنْفُسَهُمْ وَضَلَّ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَفْتَرُونَ

    Ана ўшалар ўзларига зиён қилганлардир ва тўқиган нарсалари улардан ғойиб бўлди.

    11:21
  14. لَا جَرَمَ أَنَّهُمْ فِي الْآخِرَةِ هُمُ الْأَخْسَرُونَ

    Шак-шубҳасиз, албатта, улар охиратда яна ҳам кўпроқ зиён кўргувчилардир.

    11:22
  15. إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَأَخْبَتُوا إِلَىٰ رَبِّهِمْ أُولَٰئِكَ أَصْحَابُ الْجَنَّةِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

    Албатта, иймон келтирганлар, яхши амаллар қилганлар ва Роббиларига ишонч ила бўйинсунганлар, ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

    11:23
  16. مَثَلُ الْفَرِيقَيْنِ كَالْأَعْمَىٰ وَالْأَصَمِّ وَالْبَصِيرِ وَالسَّمِيعِ ۚ هَلْ يَسْتَوِيَانِ مَثَلًا ۚ أَفَلَا تَذَكَّرُونَ

    Бу икки гуруҳнинг мисоли худди кару кўр ҳамда эшитувчи ва кўрувчига ўхшайдир. Улар бир-бирларига баробар бўла оладиларми? Ибрат олмайсизларми? (Кофир билан мўминнинг орасида ер билан осмонча фарқ бор. Кофир кўр ва кар одамга ўхшайди. Мўмин эса, кўзи, қулоғи бутун, ҳам кўриб, ҳам эшитадиган одам кабидир. Куфри туфайли қалб кўзи кўр, ибрат қулоғи кар бўлиб қолган кофир бу дунёнинг ҳақиқатини кўролмайди, эшитолмайди. Ҳаммаёққа урилиб, туртилиб-суртилиб юради. Иймони сабабли қалб кўзи ва ибрат қулоғи очиқ бўлган мўмин эса, ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, яхши йўлни танлаб, тўғри ва шаҳдам юради.)

    11:24

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf