Sura 13 Ra'd, oyat 38 – 43

  1. وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلًا مِنْ قَبْلِكَ وَجَعَلْنَا لَهُمْ أَزْوَاجًا وَذُرِّيَّةً ۚ وَمَا كَانَ لِرَسُولٍ أَنْ يَأْتِيَ بِآيَةٍ إِلَّا بِإِذْنِ اللَّهِ ۗ لِكُلِّ أَجَلٍ كِتَابٌ

    Батаҳқиқ, Биз сендан олдин ҳам Пайғамбарлар юбордик ва уларга хотинлар ва зурриётлар ато қилганмиз. Ҳеч бир Пайғамбар Аллоҳнинг изнисиз оят-мўъжиза келтирган эмас. Ҳар бир ажалнинг ўз китоби бордир. (Яъни, сенинг оддий башар бўлишингнинг ажабланадиган жойи йўқ. Биров, бу ўзимизга ўхшаган одам экан, унга иймон келтирмайман, агар фаришта бўлганида иймон келтирар эдим, дейишга ҳаққи йўқ. Биз доимо оддий одамларни Пайғамбар қилиб келганмиз, фаришталарни эмас. Ўша сендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг ҳам сенга ўхшаб оиласи, бола-чақалари бўлган.)

    13:38
  2. يَمْحُو اللَّهُ مَا يَشَاءُ وَيُثْبِتُ ۖ وَعِنْدَهُ أُمُّ الْكِتَابِ

    Аллоҳ нимани хоҳласа, маҳв қилур, нимани хоҳласа, собит қилур. Она китоб Унинг даргоҳидадир. (Дунёдаги нарсалардан нимани хоҳласа, фойдасиз ёки муддати битди, деб топса, маҳв этади, йўқотади. Нимани фойдали деб топса, турсин деса, собит қилади, қолдиради. Буларнинг ҳаммаси ва бошқа нарсалар ёзилган она китоб Аллоҳнинг ҳузуридадир.)

    13:39
  3. وَإِنْ مَا نُرِيَنَّكَ بَعْضَ الَّذِي نَعِدُهُمْ أَوْ نَتَوَفَّيَنَّكَ فَإِنَّمَا عَلَيْكَ الْبَلَاغُ وَعَلَيْنَا الْحِسَابُ

    Уларга ваъда қилганимизнинг баъзисини сенга кўрсатармиз ёки сени (ундан олдин) вафот этдираримз. Албатта, етказиш сенинг зиммангда, ҳисоб қилиш Бизнинг зиммамиздадир.

    13:40
  4. أَوَلَمْ يَرَوْا أَنَّا نَأْتِي الْأَرْضَ نَنْقُصُهَا مِنْ أَطْرَافِهَا ۚ وَاللَّهُ يَحْكُمُ لَا مُعَقِّبَ لِحُكْمِهِ ۚ وَهُوَ سَرِيعُ الْحِسَابِ

    Биз ерга келиб, унинг атрофидан қисқартириб бораётганимизни кўрмайдиларми?! Ҳукмни Аллоҳ қиладир. Унинг ҳукмини таъқиб қилгувчи йўқ. У ҳисоби тез зотдир. (Кофирлар вақт ўтиши билан ердаги ҳайротлар камайиб бораётганини кўрмайдиларми? Бой-бадавлат, ҳайротларга тўла юртлар аҳолисининг кофирлиги туфайли бойлиги, давлати ва ҳайротларидан жудо бўлаётганларини кўрмайдиларми? Уни биз қилмоқдамиз. Аллоҳдан ўзга ҳеч ким ҳукм қила олмайди. Агар У бирор юртни таназзулга учрашига ҳукм қилса, ўша бўлади. Агар ишонмайдиган бўлсалар, тарихга бир назар солсинлар.)

    13:41
  5. وَقَدْ مَكَرَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَلِلَّهِ الْمَكْرُ جَمِيعًا ۖ يَعْلَمُ مَا تَكْسِبُ كُلُّ نَفْسٍ ۗ وَسَيَعْلَمُ الْكُفَّارُ لِمَنْ عُقْبَى الدَّارِ

    Батаҳқиқ, улардан олдингилар ҳам макр қилдилар. Аммо барча макрлар Аллоҳнинг (илкидадир). У ҳар бир жон нима қилишини биладир. Яқинда кофирлар оқибат диёри кимга бўлишини билажаклар.

    13:42
  6. وَيَقُولُ الَّذِينَ كَفَرُوا لَسْتَ مُرْسَلًا ۚ قُلْ كَفَىٰ بِاللَّهِ شَهِيدًا بَيْنِي وَبَيْنَكُمْ وَمَنْ عِنْدَهُ عِلْمُ الْكِتَابِ

    Куфр келтирганлар: «Пайғамбар эмассан», дерлар. Сен: «Мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб илми бор кимсалар етарли гувоҳдир», деб айт.

    13:43

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf