Sura 14 Ibrohim, oyat 24 – 26
-
أَلَمْ تَرَ كَيْفَ ضَرَبَ اللَّهُ مَثَلًا كَلِمَةً طَيِّبَةً كَشَجَرَةٍ طَيِّبَةٍ أَصْلُهَا ثَابِتٌ وَفَرْعُهَا فِي السَّمَاءِ
Аллоҳ яхши сўзга қандай мисол келтирганини кўрмайсанми? У худди бир яхши дарахтга ўхшайдир. Унинг асли собит турадир. Шохлари эса, осмонда. (Яхши сўз, ҳақ сўз иймон сўзидир. У сўзни Аллоҳ таоло бир яхши, соғлом дарахтга ўхшатмоқда. Бу дарахтнинг асли собитдир. Унинг томирлари ерга чуқур илдиз отгани учун мустаҳкамдир. Турли шамоллар, бўронлар ва бошқа омиллар уни жойидан қимирлата олмайди. Айни чоқда, бу дарахтнинг шохлари осмонда, юксакликдадир. У доимо мева бериб туради. Иймон ҳам худди шу яхши дарахтга ўхшайди. Асли мустаҳкам. Ҳеч нарсадан таъсирланмайди. Мартабаси олий. Доимо самарасини ҳам бериб туради.)
14:24 -
تُؤْتِي أُكُلَهَا كُلَّ حِينٍ بِإِذْنِ رَبِّهَا ۗ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ
Робби изни ила ҳар доим меваларини бериб турадир. Аллоҳ, шояд эсласалар, деб одамларга мисоллар келтирадир.
14:25 -
وَمَثَلُ كَلِمَةٍ خَبِيثَةٍ كَشَجَرَةٍ خَبِيثَةٍ اجْتُثَّتْ مِنْ فَوْقِ الْأَرْضِ مَا لَهَا مِنْ قَرَارٍ
Ёмон сўзнинг мисоли, худди ёмон дарахтга ўхшайдир. У ердан узилиб қолган, унинг қарори йўқдир. (Ёмон сўз, куфр сўздир. У илдизи ердан узилган, қўпорилган, беқарор бир дарахтга ўхшайди. Суврати, шакли дарахтни эслатади. Аммо унинг на ерга чуқур илдиз отган томири, на осмонга кўтарилган шохлари ва на меваси бор. Шунга ўхшаб, куфрнинг ҳам асли мустаҳкам эмас. Сал нарсага қулайди. Мақташга арзимайди. Берадиган самараси ҳам йўқ.)
14:26
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf