Sura 16 Nahl, oyat 35 – 40
-
وَقَالَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا لَوْ شَاءَ اللَّهُ مَا عَبَدْنَا مِنْ دُونِهِ مِنْ شَيْءٍ نَحْنُ وَلَا آبَاؤُنَا وَلَا حَرَّمْنَا مِنْ دُونِهِ مِنْ شَيْءٍ ۚ كَذَٰلِكَ فَعَلَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ ۚ فَهَلْ عَلَى الرُّسُلِ إِلَّا الْبَلَاغُ الْمُبِينُ
Ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида, биз ҳам, ота-боболаримиз ҳам Ундан ўзга ҳеч нарсага ибодат қилмас эдик ҳамда Унинг ҳукмисиз бирон нарсани ҳаром қилмаган бўлар эдик», дедилар. Улардан олдингилар ҳам шундай қилганлар. Пайғамбарлар зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бор, холос. (Аллоҳ таоло инсонни ҳидоятга ҳам, залолатга ҳам қобилиятли қилиб яратди. Сўнгра хоҳлаган йўлини танлашни ихтиёрига ҳавола этди. Шунга яраша уларга ақл ва сезги аъзоларини берди. Шунингдек, Пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилди ва шариатлар жорий этди.)
16:35 -
وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَسُولًا أَنِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَاجْتَنِبُوا الطَّاغُوتَ ۖ فَمِنْهُمْ مَنْ هَدَى اللَّهُ وَمِنْهُمْ مَنْ حَقَّتْ عَلَيْهِ الضَّلَالَةُ ۚ فَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَانْظُرُوا كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ
Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди. Бас, ер юзида сайр қилиб юриб ёлғонга чақирувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг. (Ҳидоят йўлини ихтиёр қилиб, унга интилганларни Аллоҳ таоло ҳидоятга йўллади. Залолат-куфр йўлини ихтиёр этиб, ўша томонни кўзлаганларга залолат ҳақ бўлди. Бу икки тоифанинг ҳеч бирини Аллоҳ мажбурлагани йўқ.)
16:36 -
إِنْ تَحْرِصْ عَلَىٰ هُدَاهُمْ فَإِنَّ اللَّهَ لَا يَهْدِي مَنْ يُضِلُّ ۖ وَمَا لَهُمْ مِنْ نَاصِرِينَ
Агар сен уларнинг ҳидоятига ўта қизиқсанг ҳам, Аллоҳ залолатга кетказган кимсаларни ҳидоят қилмас. Уларга нусрат бергувчилардан бўлмас.
16:37 -
وَأَقْسَمُوا بِاللَّهِ جَهْدَ أَيْمَانِهِمْ ۙ لَا يَبْعَثُ اللَّهُ مَنْ يَمُوتُ ۚ بَلَىٰ وَعْدًا عَلَيْهِ حَقًّا وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ
Улар жон-жаҳдлари билан: «Аллоҳ ўлганларни қайта тирилтирмас», деб Аллоҳ номи ила қасам ичдилар. Йўқ! Бу, У зотнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар. (Йўқ! Эй мушриклар, сиз айтаётган гаплар бехуда гаплардир. Ўлганларни қайта тирилтириш, Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмайди. Ўлганларни албатта қайта тирилтиради.)
16:38 -
لِيُبَيِّنَ لَهُمُ الَّذِي يَخْتَلِفُونَ فِيهِ وَلِيَعْلَمَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّهُمْ كَانُوا كَاذِبِينَ
Уларга ихтилоф қилиб юрган нарсаларини баён қилиб бериш учун, куфр келтирганлар ўзларининг шубҳасиз ёлғончи эканларини билишлари учун (қайта тирилтиради).
16:39 -
إِنَّمَا قَوْلُنَا لِشَيْءٍ إِذَا أَرَدْنَاهُ أَنْ نَقُولَ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ
Агар Биз бир нарсанинг бўлишини ирода қилсак, унга «бўл» демоғимиз кифоя. Бас, ўша нарса бўладир.
16:40
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf