Sura 17 Isro, oyat 31 – 40

  1. وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ خَشْيَةَ إِمْلَاقٍ ۖ نَحْنُ نَرْزُقُهُمْ وَإِيَّاكُمْ ۚ إِنَّ قَتْلَهُمْ كَانَ خِطْئًا كَبِيرًا

    Болаларингизни фақирликдан қўрқиб ўлдирманг. Биз уларни ҳам, сизларни ҳам ризқлантирамиз. Албатта, уларни ўлдириш катта хатодир. (Жоҳилият даврида арабларда фақирлик ва очликдан қўрқиб фарзандни тириклай кўмиб юбориш одати бор эди.)

    17:31
  2. وَلَا تَقْرَبُوا الزِّنَا ۖ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاءَ سَبِيلًا

    Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир. (Оятда «зино қилманглар» эмас, балки «зинога яқинлашманглар» дейилмоқда. Бу дегани, зино қилманглар, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим.)

    17:32
  3. وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ۗ وَمَنْ قُتِلَ مَظْلُومًا فَقَدْ جَعَلْنَا لِوَلِيِّهِ سُلْطَانًا فَلَا يُسْرِفْ فِي الْقَتْلِ ۖ إِنَّهُ كَانَ مَنْصُورًا

    Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ўлдирманг. Магар ҳақ ила бўлса, майли. Кимки мазлум ҳолида ўлдирилса, унинг валийсига ҳақ берганмиз. Бас, у ўлдиришда исроф қилмасин. Албатта, у нусрат берилган одамдир.

    17:33
  4. وَلَا تَقْرَبُوا مَالَ الْيَتِيمِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ حَتَّىٰ يَبْلُغَ أَشُدَّهُ ۚ وَأَوْفُوا بِالْعَهْدِ ۖ إِنَّ الْعَهْدَ كَانَ مَسْئُولًا

    Етимнинг молига, токи у балоғат ёшига етгунча, яқинлашманглар. Магар яхшилик ила бўлса, майли. Аҳдга вафо қилинглар. Албатта, аҳд масъул бўлган ишдир.

    17:34
  5. وَأَوْفُوا الْكَيْلَ إِذَا كِلْتُمْ وَزِنُوا بِالْقِسْطَاسِ الْمُسْتَقِيمِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

    Ўлчаган чоғингизда тўлиқ ўлчанг ва тўғри тарози ила тортинг. Ана ўша яхшидир ва оқибати гўзалдир.

    17:35
  6. وَلَا تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ ۚ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولَٰئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْئُولًا

    Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар.

    17:36
  7. وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا ۖ إِنَّكَ لَنْ تَخْرِقَ الْأَرْضَ وَلَنْ تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولًا

    Ер юзида кибру ҳаво ила юрма! Албатта, сен зинҳор ерни тешиб юбора олмайсан ва зинҳор бўйда тоғларга ета олмассан!

    17:37
  8. كُلُّ ذَٰلِكَ كَانَ سَيِّئُهُ عِنْدَ رَبِّكَ مَكْرُوهًا

    Буларнинг барча ёмони Роббининг ҳузурида хуш кўрилмагандир. (Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган нарсаларнинг ёмонлари Аллоҳ севмаган ишлардир.)

    17:38
  9. ذَٰلِكَ مِمَّا أَوْحَىٰ إِلَيْكَ رَبُّكَ مِنَ الْحِكْمَةِ ۗ وَلَا تَجْعَلْ مَعَ اللَّهِ إِلَٰهًا آخَرَ فَتُلْقَىٰ فِي جَهَنَّمَ مَلُومًا مَدْحُورًا

    Ушбулар Роббинг сенга ваҳий қилган баъзи ҳикматлардир. Аллоҳ билан бирга ўзга илоҳ қилма. Яна жаҳаннамга маломат қилинган ва қувилган ҳолингда ташланмагин.

    17:39
  10. أَفَأَصْفَاكُمْ رَبُّكُمْ بِالْبَنِينَ وَاتَّخَذَ مِنَ الْمَلَائِكَةِ إِنَاثًا ۚ إِنَّكُمْ لَتَقُولُونَ قَوْلًا عَظِيمًا

    Роббингиз сизларга ўғилларни хос қилиб бериб, фаришталарни ўзига қиз қилиб олдими? Албатта, сизлар зўр гапни айтмоқдасизлар. (Араб мушриклари қиз фарзандни ҳеч ёқтирмас эдилар. Бошқа оятларда зикр қилинганидек, улардан қиз кўргани қаттиқ хафа бўлиб, юзи қорайиб кетар эди. Kиз фарзанд тўғрисида шунчалар салбий эътиқодда бўла туриб, араб мушриклари, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, деб эътиқод қилишар эди. Ояти каримада уларнинг мазкур нотўғри ақидалари инкор этилмоқа.)

    17:40

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf