Sura 18 Kahf, oyat 16 – 17

  1. وَإِذِ اعْتَزَلْتُمُوهُمْ وَمَا يَعْبُدُونَ إِلَّا اللَّهَ فَأْوُوا إِلَى الْكَهْفِ يَنْشُرْ لَكُمْ رَبُّكُمْ مِنْ رَحْمَتِهِ وَيُهَيِّئْ لَكُمْ مِنْ أَمْرِكُمْ مِرْفَقًا

    Модомики улардан ва улар Аллоҳдан бошқа ибодат қилаётган нарсадан узоқлашмоқчи бўлсангиз, каҳфдан паноҳ жой олингиз. Роббингиз сизга Ўз раҳматини таратур ва сизга ишингизда осонлик яратур», дедилар. (Роббиларига иймон келтирган, Роббилари ҳидоятларини зиёда қилиб, қалбларини мустаҳкамлаган йигитлар кофирлар билан баҳслашиш бефойдалиги, улар ёмонлигидан фақат қочибгина қутулиш мумкинлигини англаб етгач, иймонлари муҳофазаси учун каҳф-ғорга кириб бекинишни ўзаро маслаҳат қилдилар.)

    18:16
  2. وَتَرَى الشَّمْسَ إِذَا طَلَعَتْ تَزَاوَرُ عَنْ كَهْفِهِمْ ذَاتَ الْيَمِينِ وَإِذَا غَرَبَتْ تَقْرِضُهُمْ ذَاتَ الشِّمَالِ وَهُمْ فِي فَجْوَةٍ مِنْهُ ۚ ذَٰلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ ۗ مَنْ يَهْدِ اللَّهُ فَهُوَ الْمُهْتَدِ ۖ وَمَنْ يُضْلِلْ فَلَنْ تَجِدَ لَهُ وَلِيًّا مُرْشِدًا

    Қуёш чиққанида уларнинг каҳфининг ўнг томонидан мойил бўлганини, ботганда эса, чап томонидан қийиб ўтганини кўрасан. Улар эса у(ғор)нинг кенг жойидадирлар. Ана шу ҳам Аллоҳнинг оят-мўъжизаларидандир. Кимни Аллоҳ ҳидоятга бошласа, ўша ҳидоят топгувчидир. Кимни адаштирса, бас, ҳаргиз унга иршод қилувчи бирон дўст топа олмассан. (Араб тили билимдонлари, бу тасвир ёлғиз Аллоҳга хос, дейдилар. Ғорда бир гуруҳ йигитлар бир неча йилдан бери ухлаб ётишибди. Ҳар куни қуёш чиқади, уларга тегмайди. Сўнгра оғиб ботишга мойил бўлади, яна ғор аҳлига тегмайди.)

    18:17

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf