Sura 19 Maryam

  1. قَالَ كَذَٰلِكِ قَالَ رَبُّكِ هُوَ عَلَيَّ هَيِّنٌ ۖ وَلِنَجْعَلَهُ آيَةً لِلنَّاسِ وَرَحْمَةً مِنَّا ۚ وَكَانَ أَمْرًا مَقْضِيًّا

    У: «Ана шундай, Роббинг айтдики, бу Мен учун осондир ва уни одамларга белги қилиш учун ҳамда Биздан раҳмат бўлиш учун, бу, ҳукми чиқиб бўлган ишдир», деди.

    19:21
  2. فَحَمَلَتْهُ فَانْتَبَذَتْ بِهِ مَكَانًا قَصِيًّا

    Бас, унга ҳомиладор бўлди. Сўнгра у билан узоқ маконга четланди. (Яъни, Жаброил алайҳиссалом Марямнинг ёқасидан пуфлаганидан кейин Ийсога алайҳиссалом ҳомиладор бўлди.)

    19:22
  3. فَأَجَاءَهَا الْمَخَاضُ إِلَىٰ جِذْعِ النَّخْلَةِ قَالَتْ يَا لَيْتَنِي مِتُّ قَبْلَ هَٰذَا وَكُنْتُ نَسْيًا مَنْسِيًّا

    Бас, тўлғоқ уни хурмо танасига олиб борди. У: «Кошки бундан олдин ўлсам эди ва бутунлай унутилиб кетсам эди», деди.

    19:23
  4. فَنَادَاهَا مِنْ تَحْتِهَا أَلَّا تَحْزَنِي قَدْ جَعَلَ رَبُّكِ تَحْتَكِ سَرِيًّا

    Унинг остидан: «Маҳзун бўлма, батаҳқиқ, Роббинг остингдан оқар ариқ қилди.

    19:24
  5. وَهُزِّي إِلَيْكِ بِجِذْعِ النَّخْلَةِ تُسَاقِطْ عَلَيْكِ رُطَبًا جَنِيًّا

    Хурмо танасини силкит, сенга янги мева туширади», деб нидо қилди. (Тафсирчи уламоларимиз ушбу ояти каримани икки хил талқин қиладилар. Баъзилар «Унинг остидан» иборасини хурмонинг остидан маъносида, «нидо қилди» иборасини, фаришта нидо қилди мазмунида шарҳлаганлар. Айрим уламолар эса, «Унинг остидан»ни «Марямнинг остидан» ва «нидо қилди»ни, Ийсо нидо қилди, деб талқин этганлар.)

    19:25
  6. فَكُلِي وَاشْرَبِي وَقَرِّي عَيْنًا ۖ فَإِمَّا تَرَيِنَّ مِنَ الْبَشَرِ أَحَدًا فَقُولِي إِنِّي نَذَرْتُ لِلرَّحْمَٰنِ صَوْمًا فَلَنْ أُكَلِّمَ الْيَوْمَ إِنْسِيًّا

    Е, ич ва кўзинг қувонсин. Бас, бирор одамни кўрар бўлсанг: «Мен Роҳманга рўза назр қилдим. Бугун инсон зотига зинҳор гапирмасман», дегин.

    19:26
  7. فَأَتَتْ بِهِ قَوْمَهَا تَحْمِلُهُ ۖ قَالُوا يَا مَرْيَمُ لَقَدْ جِئْتِ شَيْئًا فَرِيًّا

    Бас, уни кўтариб қавмига олиб келди. Улар: «Эй Марям, сен ажойиб нарса келтирдинг-ку!

    19:27
  8. يَا أُخْتَ هَارُونَ مَا كَانَ أَبُوكِ امْرَأَ سَوْءٍ وَمَا كَانَتْ أُمُّكِ بَغِيًّا

    Эй Ҳорун синглиси, отанг ёмон одаммас ва онанг ҳам бузуқ бўлмаган эди-ку!» дедилар. (Биби Марям Ийсо алайҳиссаломни кўтариб қавми ҳузурига борди. Қавм бу ҳолни кўриб ҳайратга тушди. Дарҳол Марямни тергаб, дашном бера бошлади.)

    19:28
  9. فَأَشَارَتْ إِلَيْهِ ۖ قَالُوا كَيْفَ نُكَلِّمُ مَنْ كَانَ فِي الْمَهْدِ صَبِيًّا

    Бас, у унга ишорат қилди. Улар: «Бешикдаги гўдак ила қандай гаплашамиз?!» дедилар. (Бешикдаги бола ҳеч қачон гапирмайди. Аммо Аллоҳ ҳар нарсага қодир. У хоҳлаган иш бўлади. Бешикдаги гўдак Ийсо алайҳиссалом тилга кирдилар.)

    19:29
  10. قَالَ إِنِّي عَبْدُ اللَّهِ آتَانِيَ الْكِتَابَ وَجَعَلَنِي نَبِيًّا

    У: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Пайғамбар қилди.

    19:30
  11. وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنْتُ وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا

    Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди.

    19:31
  12. وَبَرًّا بِوَالِدَتِي وَلَمْ يَجْعَلْنِي جَبَّارًا شَقِيًّا

    Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади.

    19:32
  13. وَالسَّلَامُ عَلَيَّ يَوْمَ وُلِدْتُ وَيَوْمَ أَمُوتُ وَيَوْمَ أُبْعَثُ حَيًّا

    Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир«, деди.

    19:33
  14. ذَٰلِكَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ ۚ قَوْلَ الْحَقِّ الَّذِي فِيهِ يَمْتَرُونَ

    Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир. (Баъзилар уни «худо» дедилар, баъзилар оналари Биби Марямни зинокорликда айбладилар. Бу қуруқ ва асоссиз сўзларга эмас, Аллоҳнинг ҳақ каломига ишониш керак.)

    19:34
  15. مَا كَانَ لِلَّهِ أَنْ يَتَّخِذَ مِنْ وَلَدٍ ۖ سُبْحَانَهُ ۚ إِذَا قَضَىٰ أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ

    Бола тутмоқ Аллоҳга ҳеч тўғри келмас. У бундан покдир. У бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейдир. Бас, бўладир.

    19:35
  16. وَإِنَّ اللَّهَ رَبِّي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ ۚ هَٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَقِيمٌ

    «Ва, албатта, Аллоҳ менинг Роббимдир ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир».

    19:36
  17. فَاخْتَلَفَ الْأَحْزَابُ مِنْ بَيْنِهِمْ ۖ فَوَيْلٌ لِلَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ مَشْهَدِ يَوْمٍ عَظِيمٍ

    Сўнгра фирқалар ўзаро ихтилофга тушдилар. Куфр келтирганларга буюк кундаги кўринишдан вой бўлсин. (Насоролар ҳозиргача Ийсо алайҳиссалом хусусида ихтилофдалар. Баъзилари, Ийсо Аллоҳнинг ўғли деса, баъзилари Ийсо ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборат учликнинг бири дейди; баъзилари эса, Ийсо ота худо, она худо ва бола худодан бири–бола ўғил худо, дейдилар. Уларнинг орасида Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, Расули, руҳи ва калимаси дейдиганлар ҳам бор. Аммо ҳанузгача мазкур ихтилофлар давом этиб келмоқда.

    19:37
  18. أَسْمِعْ بِهِمْ وَأَبْصِرْ يَوْمَ يَأْتُونَنَا ۖ لَٰكِنِ الظَّالِمُونَ الْيَوْمَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

    Бизга келадиган куни қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар. Лекин золимлар бугунги кунда очиқ залолатдадирлар.

    19:38
  19. وَأَنْذِرْهُمْ يَوْمَ الْحَسْرَةِ إِذْ قُضِيَ الْأَمْرُ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ وَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ

    Уларни ҳасрат кунидан, иш битмиш пайтидан огоҳ қил. Улар ғафлатдадирлар, улар иймон келтирмаслар.

    19:39
  20. إِنَّا نَحْنُ نَرِثُ الْأَرْضَ وَمَنْ عَلَيْهَا وَإِلَيْنَا يُرْجَعُونَ

    Албатта, Биз ерга ва унинг устидаги кимсаларга меросхўр бўламиз ва Бизгагина қайтурлар.

    19:40

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf