Sura 20 Toxo, oyat 70 – 73
-
فَأُلْقِيَ السَّحَرَةُ سُجَّدًا قَالُوا آمَنَّا بِرَبِّ هَارُونَ وَمُوسَىٰ
Бас, сеҳргарлар: «Ҳорун ва Мусонинг Роббига иймон келтирдик», деб саждага ташландилар.
20:70 -
قَالَ آمَنْتُمْ لَهُ قَبْلَ أَنْ آذَنَ لَكُمْ ۖ إِنَّهُ لَكَبِيرُكُمُ الَّذِي عَلَّمَكُمُ السِّحْرَ ۖ فَلَأُقَطِّعَنَّ أَيْدِيَكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ مِنْ خِلَافٍ وَلَأُصَلِّبَنَّكُمْ فِي جُذُوعِ النَّخْلِ وَلَتَعْلَمُنَّ أَيُّنَا أَشَدُّ عَذَابًا وَأَبْقَىٰ
У: «Сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингизми?! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Бас, албатта, қўл-оёқларингизни қарама-қаршисидан кесурман ва, албатта, сизларни хурмо танасига осурман, албатта, қайси биримизнинг азобимиз шиддатлироқ ва боқийроқ эканини билурсиз», деди. (Фиръавн ўз қаричи билан ўлчар эди. У таҳдид, азоб-уқубат, қийнаш, чопиш-кесиш, ўлдириш билан одамларни измимда ушлаб тураман, деб хаёл қиларди. Аммо инсоннинг қалбига ҳақиқий иймон кирганида, унинг бу чоралари заррача ҳам таъсир қилмай қолишини англамасди. Унинг собиқ сеҳргарлари қалбига ана шундай иймон жо бўлган эди. Энди улар Фиръавннинг ҳеч қандай дўқ-пўписаларидан қўрқмасдилар.)
20:71 -
قَالُوا لَنْ نُؤْثِرَكَ عَلَىٰ مَا جَاءَنَا مِنَ الْبَيِّنَاتِ وَالَّذِي فَطَرَنَا ۖ فَاقْضِ مَا أَنْتَ قَاضٍ ۖ إِنَّمَا تَقْضِي هَٰذِهِ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا
Улар: «Биз сени зинҳор ўзимизга келган очиқ-ойдин (мўъжиза)лардан ва бизни яратган зотдан устун қўймаймиз. Бас, нима ҳукм қилсанг, қилавер. Сен фақат ҳаёти дунёда ҳукм чиқарасан, холос.
20:72 -
إِنَّا آمَنَّا بِرَبِّنَا لِيَغْفِرَ لَنَا خَطَايَانَا وَمَا أَكْرَهْتَنَا عَلَيْهِ مِنَ السِّحْرِ ۗ وَاللَّهُ خَيْرٌ وَأَبْقَىٰ
Албатта, биз Роббимиз хатоларимизни ва сен бизни мажбур қилган сеҳрни мағфират қилиши учун иймон келтирдик. Аллоҳ яхши ва боқийдир», дедилар.
20:73
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf