Sura 20 Toxo

  1. وَاصْطَنَعْتُكَ لِنَفْسِي

    Мен сени Ўзим учун танладим. (Яъни, Пайғамбар қилиб олдим. Кейин эса, Пайғамбарлик вазифасига оид топшириқлар берилди:)

    20:41
  2. اذْهَبْ أَنْتَ وَأَخُوكَ بِآيَاتِي وَلَا تَنِيَا فِي ذِكْرِي

    Сен ва оғанг мўъжизаларимни олиб боринглар ва Мени зикр этишда сусткашлик қилманглар.

    20:42
  3. اذْهَبَا إِلَىٰ فِرْعَوْنَ إِنَّهُ طَغَىٰ

    Фиръавнга боринглар! Чунки, у туғёнга кетди.

    20:43
  4. فَقُولَا لَهُ قَوْلًا لَيِّنًا لَعَلَّهُ يَتَذَكَّرُ أَوْ يَخْشَىٰ

    Бас, унга юмшоқ сўз айтинглар. Шояд эсласа ёки қўрқса». (Юмшоқ сўз тасир қилиши мумкин. Юмшоқ сўз кофирни ва туғёнга кетган шахсни ҳам мулойим қилиб қўйиши мумкин. Шояд Фиръавн ҳам ўзига келиб, инсоф қилса.)

    20:44
  5. قَالَا رَبَّنَا إِنَّنَا نَخَافُ أَنْ يَفْرُطَ عَلَيْنَا أَوْ أَنْ يَطْغَىٰ

    Икковлари: «Эй Роббимиз, биз унинг тезда бизга ёмонлик қилишидан ёки ҳаддан ошишидан қўрқамиз», дедилар.

    20:45
  6. قَالَ لَا تَخَافَا ۖ إِنَّنِي مَعَكُمَا أَسْمَعُ وَأَرَىٰ

    У зот: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман», деди.

    20:46
  7. فَأْتِيَاهُ فَقُولَا إِنَّا رَسُولَا رَبِّكَ فَأَرْسِلْ مَعَنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ وَلَا تُعَذِّبْهُمْ ۖ قَدْ جِئْنَاكَ بِآيَةٍ مِنْ رَبِّكَ ۖ وَالسَّلَامُ عَلَىٰ مَنِ اتَّبَعَ الْهُدَىٰ

    Бас, унинг олдига боринглар ва унга: «Албатта, биз Роббингнинг Пайғамбарларимиз, Бани Исроилни биз билан қўйиб юбор. Уларни азоблама. Батаҳқиқ, биз сенга Роббингдан мўъжиза келтирдик. Ҳидоятга эргашган кимсага салом бўлур.

    20:47
  8. إِنَّا قَدْ أُوحِيَ إِلَيْنَا أَنَّ الْعَذَابَ عَلَىٰ مَنْ كَذَّبَ وَتَوَلَّىٰ

    Албатта, бизга ваҳий қилиндики, ёлғонга чиқарганларга ва юз ўгириб кетганларга шубҳасиз азоб бўлур», денглар.

    20:48
  9. قَالَ فَمَنْ رَبُّكُمَا يَا مُوسَىٰ

    У: «Эй Мусо, икковингизнинг Роббингиз ким?» деди.

    20:49
  10. قَالَ رَبُّنَا الَّذِي أَعْطَىٰ كُلَّ شَيْءٍ خَلْقَهُ ثُمَّ هَدَىٰ

    У: «Бизнинг Роббимиз ҳар нарсага ўз яратилишини берган ҳамда уни ҳидоятга солган зотдир», деди.

    20:50
  11. قَالَ فَمَا بَالُ الْقُرُونِ الْأُولَىٰ

    У: «Ўтган асрларнинг ҳоли недир?» деди.

    20:51
  12. قَالَ عِلْمُهَا عِنْدَ رَبِّي فِي كِتَابٍ ۖ لَا يَضِلُّ رَبِّي وَلَا يَنْسَى

    У: «Уларнинг илми Роббим ҳузурида, китобдадир. Роббим адашмас ва унутмас. (Яъни, ўтган асрлар ҳақидаги барча илм Роббим ҳузуридаги китобда ёзилгандир. Қанча асрлар ўтиб, қанча одамлар яшаб, нима ишлар қилган бўлсалар, ҳамма-ҳаммаси Роббим ҳузурида турибди, китобда ёзилган. Шунга қараб жазолайди ёки мукофотлайди.)

    20:52
  13. الَّذِي جَعَلَ لَكُمُ الْأَرْضَ مَهْدًا وَسَلَكَ لَكُمْ فِيهَا سُبُلًا وَأَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجْنَا بِهِ أَزْوَاجًا مِنْ نَبَاتٍ شَتَّىٰ

    У сизга ерни бешик қилган, сизга унда йўллар очган ва осмондан сув туширган зотдир», деди. Бас, ўша (сув) ила турли набототлар жуфтларини чиқардик.

    20:53
  14. كُلُوا وَارْعَوْا أَنْعَامَكُمْ ۗ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِأُولِي النُّهَىٰ

    Енглар ва чорваларингизни боқинглар. Албатта, бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.

    20:54
  15. مِنْهَا خَلَقْنَاكُمْ وَفِيهَا نُعِيدُكُمْ وَمِنْهَا نُخْرِجُكُمْ تَارَةً أُخْرَىٰ

    Сизларни ундан яратдик, унга қайтарамиз ва яна бир бор ундан чиқариб оламиз. (Яъни, Биз сизларни ердан яратдик, ўлганингиздан сўнг яна унга қайтарамиз. Қиёмат куни эса, сизларни қайта тирилтириб, ердан чиқариб оламиз. Эй Фиръавн, сен ҳам одамсан, сенинг ҳам бошингга шу кун тушади.)

    20:55
  16. وَلَقَدْ أَرَيْنَاهُ آيَاتِنَا كُلَّهَا فَكَذَّبَ وَأَبَىٰ

    Батаҳқиқ, Биз унга оят-мўъжизаларимизнинг ҳаммасини кўрсатдик. Бас, у ёлғонга чиқарди ва бош тортди.

    20:56
  17. قَالَ أَجِئْتَنَا لِتُخْرِجَنَا مِنْ أَرْضِنَا بِسِحْرِكَ يَا مُوسَىٰ

    У: «Эй Мусо, бизни еримиздан чиқариш учун сеҳринг ила келдингми?!

    20:57
  18. فَلَنَأْتِيَنَّكَ بِسِحْرٍ مِثْلِهِ فَاجْعَلْ بَيْنَنَا وَبَيْنَكَ مَوْعِدًا لَا نُخْلِفُهُ نَحْنُ وَلَا أَنْتَ مَكَانًا سُوًى

    Бас, албатта, биз ҳам унга ўхшаш сеҳр келтирамиз, биз билан ўзинг орангда ваъда вақти тайин қил, унга биз ҳам, сен ҳам хилоф қилмайдиган бўлайлик, ўрта жой бўлсин«, деди.

    20:58
  19. قَالَ مَوْعِدُكُمْ يَوْمُ الزِّينَةِ وَأَنْ يُحْشَرَ النَّاسُ ضُحًى

    У: «Ваъда вақтингиз зийнат куни. Одамларнинг чошгоҳда тўпланиши», деди. (Мисрликларнинг «зийнат куни» катта байрами бўлиб, унда барча халойиқ зийнатли кийимлар кийиб чиқар эдилар. Мусо алайҳиссалом ҳамма гувоҳ бўлсин деб зийнат кунини танладилар.)

    20:59
  20. فَتَوَلَّىٰ فِرْعَوْنُ فَجَمَعَ كَيْدَهُ ثُمَّ أَتَىٰ

    Бас, Фиръавн қайтиб кетди, сўнгра ҳийласини йиғиб келди. (Ояти карима, учта ҳолатни тасвир этмоқда. Фиръавн Мусо алайҳиссалом билан бўлган учрашувдан қайтиб кетди. Кейин ҳийласини йиғди–ҳамма кучли сеҳргарларини тўплади. Сўнгра яна қайтиб келди. Тортишув, мусобақага тайёргарлик ниҳоясига етди.)

    20:60

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf