Sura 21 Anbiyo, oyat 57 – 65

  1. وَتَاللَّهِ لَأَكِيدَنَّ أَصْنَامَكُمْ بَعْدَ أَنْ تُوَلُّوا مُدْبِرِينَ

    Аллоҳга қасамки, сизлар ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қиламан», деди. (Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари билан тортишаётган қавмларига, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини қасам ила таъкидлаб айтдилар. Аммо нима қилишларини очиқ-ойдин айтмадилар. Араб тилида «санам» деб бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади.)

    21:57
  2. فَجَعَلَهُمْ جُذَاذًا إِلَّا كَبِيرًا لَهُمْ لَعَلَّهُمْ إِلَيْهِ يَرْجِعُونَ

    Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Мушрик қавм йиллик байрамларида шаҳардан ташқарига чиқар эди. Улар навбатдаги йиллик байрамни нишонлаш учун кетганларида Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар.)

    21:58
  3. قَالُوا مَنْ فَعَلَ هَٰذَا بِآلِهَتِنَا إِنَّهُ لَمِنَ الظَّالِمِينَ

    Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар.

    21:59
  4. قَالُوا سَمِعْنَا فَتًى يَذْكُرُهُمْ يُقَالُ لَهُ إِبْرَاهِيمُ

    Улар: «Уларни эслаб юрган бир йигитни эшитган эдик, уни Иброҳим, деб айтиларди», дедилар.

    21:60
  5. قَالُوا فَأْتُوا بِهِ عَلَىٰ أَعْيُنِ النَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَشْهَدُونَ

    Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар.

    21:61
  6. قَالُوا أَأَنْتَ فَعَلْتَ هَٰذَا بِآلِهَتِنَا يَا إِبْرَاهِيمُ

    Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар.

    21:62
  7. قَالَ بَلْ فَعَلَهُ كَبِيرُهُمْ هَٰذَا فَاسْأَلُوهُمْ إِنْ كَانُوا يَنْطِقُونَ

    У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди.

    21:63
  8. فَرَجَعُوا إِلَىٰ أَنْفُسِهِمْ فَقَالُوا إِنَّكُمْ أَنْتُمُ الظَّالِمُونَ

    Бас, улар ўзларига келдилар ва: «Албатта, сизлар ўзингиз золимдирсиз», дедилар. (Иброҳимнинг алайҳиссалом мантиқли саволларидан кейин мушриклар ўзларига келдилар.)

    21:64
  9. ثُمَّ نُكِسُوا عَلَىٰ رُءُوسِهِمْ لَقَدْ عَلِمْتَ مَا هَٰؤُلَاءِ يَنْطِقُونَ

    Сўнгра яна бошлари айланиб: «Сен, батаҳқиқ, буларнинг гапирмаслигини билар эдинг!» дедилар.

    21:65

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf