Sura 22 Haj, oyat 11 – 22

  1. وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَعْبُدُ اللَّهَ عَلَىٰ حَرْفٍ ۖ فَإِنْ أَصَابَهُ خَيْرٌ اطْمَأَنَّ بِهِ ۖ وَإِنْ أَصَابَتْهُ فِتْنَةٌ انْقَلَبَ عَلَىٰ وَجْهِهِ خَسِرَ الدُّنْيَا وَالْآخِرَةَ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْخُسْرَانُ الْمُبِينُ

    Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир. (Ислом тижорат эмаски, унга ўткинчи фойдани кўзлаб кирилса. Ислом–иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда мунофиқ, Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?)

    22:11
  2. يَدْعُو مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَضُرُّهُ وَمَا لَا يَنْفَعُهُ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الضَّلَالُ الْبَعِيدُ

    У Аллоҳни қўйиб, ўзига зарар ҳам бермайдиган, манфаат ҳам бермайдиган нарсага илтижо қилур. Шунинг ўзи қаттиқ адашишдир.

    22:12
  3. يَدْعُو لَمَنْ ضَرُّهُ أَقْرَبُ مِنْ نَفْعِهِ ۚ لَبِئْسَ الْمَوْلَىٰ وَلَبِئْسَ الْعَشِيرُ

    У манфаатидан кўра зарари яқинроқ бўлганга илтижо қиладир. У қандай ҳам ёмон хожа ва қандай ҳам ёмон дўстдир!

    22:13
  4. إِنَّ اللَّهَ يُدْخِلُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يُرِيدُ

    Албатта, иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни Аллоҳ остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритадир. Албатта, Аллоҳ ирода этган нарсани қиладир.

    22:14
  5. مَنْ كَانَ يَظُنُّ أَنْ لَنْ يَنْصُرَهُ اللَّهُ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ فَلْيَمْدُدْ بِسَبَبٍ إِلَى السَّمَاءِ ثُمَّ لْيَقْطَعْ فَلْيَنْظُرْ هَلْ يُذْهِبَنَّ كَيْدُهُ مَا يَغِيظُ

    Кимки унга бу дунёю охиратда Аллоҳ нусрат беришига шубҳа қилса, бир восита топиб, осмонга осилсин, сўнгра уни кессин. Бас, назар солсин-чи, унинг бу ҳийласи ғам-ғуссани кеткизармикан?! (Аллоҳга иймони йўқ кишининг ҳоли шундай бўлади. Унинг бало-офатдан, ғам-ғуссадан қутулишга чораси йўқ. Аллоҳга иймони бўлмагани учун ундан нусрат келишига ҳам умид қилмайди. Шунинг учун ё осмонга чиқиб, ёрдам топсин, ё, ундай қила олмаса, ўзини оссин. Бошқа иложи йўқ.)

    22:15
  6. وَكَذَٰلِكَ أَنْزَلْنَاهُ آيَاتٍ بَيِّنَاتٍ وَأَنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَنْ يُرِيدُ

    Мана шундай қилиб, Биз у(Қуръон)ни очиқ-ойдин оятлар ҳолида нозил қилдик. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кишиларни ҳидоят қиладир.

    22:16
  7. إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ هَادُوا وَالصَّابِئِينَ وَالنَّصَارَىٰ وَالْمَجُوسَ وَالَّذِينَ أَشْرَكُوا إِنَّ اللَّهَ يَفْصِلُ بَيْنَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ

    Албатта, Аллоҳ қиёмат куни иймон келтирганлар, яҳудий бўлганлар, собиийлар, насоролар, мажусийлар ва ширк келтирганлар орасида Ўзи ажрим қилур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага шоҳиддир.

    22:17
  8. أَلَمْ تَرَ أَنَّ اللَّهَ يَسْجُدُ لَهُ مَنْ فِي السَّمَاوَاتِ وَمَنْ فِي الْأَرْضِ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ وَالنُّجُومُ وَالْجِبَالُ وَالشَّجَرُ وَالدَّوَابُّ وَكَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ ۖ وَكَثِيرٌ حَقَّ عَلَيْهِ الْعَذَابُ ۗ وَمَنْ يُهِنِ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ مُكْرِمٍ ۚ إِنَّ اللَّهَ يَفْعَلُ مَا يَشَاءُ ۩

    Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар, қуёш, ой, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, жониворлар ва одамлардан кўплари, албатта, Аллоҳга сажда қилишини кўрмайсанми? Кўпларига эса, азоб ҳақ бўлди. Кимни Аллоҳ хор қилса, уни икром қилгувчи бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган нарсасини қилади. (Демак, дунёдаги барча мавжудот Аллоҳ таолога сажда қилади. Уларнинг қандай сажда қилишини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Осмонлардаги кимсалар, ердаги кимсалар Аллоҳга сажда қилади», деб қўйилса, кифоя эди, бутун борлиқнинг сажда қилиши тушунаверилар эди. Лекин баъзи махлуқлар алоҳида қайд этилди, чунки баъзи одамлар ўша махлуқларга–қуёш, ой ва юлдузларга сажда қиладилар. Оятда ўша нарсаларнинг Аллоҳга сажда қилишини таъкидлашдан мақсад улар худо бўла олмаслигини яна бир бор таъкидлашдир. Бутун борлиқ ҳеч бир истисносиз Аллоҳга сажда қилаётгани айтилган бўлса ҳам, одамларга келганда, «кўплари» сажда қилмасликларига ишора этилмоқда. Ҳа, фақат одам боласигина Аллоҳга исён қилади. Аллоҳга сажда қилмагани учун, кофир бўлгани учун уларга азоб ҳақ бўлди. Аллоҳнинг азобига дучор бўлганлар икки дунёда хордир.)

    22:18
  9. هَٰذَانِ خَصْمَانِ اخْتَصَمُوا فِي رَبِّهِمْ ۖ فَالَّذِينَ كَفَرُوا قُطِّعَتْ لَهُمْ ثِيَابٌ مِنْ نَارٍ يُصَبُّ مِنْ فَوْقِ رُءُوسِهِمُ الْحَمِيمُ

    Мана бу икки ғаним Роббилари ҳақида талашган эдилар. Бас, куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди. Бошлари устидан ўта қайноқ сув қуйиладир.

    22:19
  10. يُصْهَرُ بِهِ مَا فِي بُطُونِهِمْ وَالْجُلُودُ

    У билан қоринларидаги нарсалар ва терилари эритилади.

    22:20
  11. وَلَهُمْ مَقَامِعُ مِنْ حَدِيدٍ

    Улар учун темир гурзилар бор.

    22:21
  12. كُلَّمَا أَرَادُوا أَنْ يَخْرُجُوا مِنْهَا مِنْ غَمٍّ أُعِيدُوا فِيهَا وَذُوقُوا عَذَابَ الْحَرِيقِ

    Улар ҳар қачон ундаги ғамдан чиқмоқчи бўлсалар, унга қайтариладилар ва «Ёниш азобини тотинг!» дейиладир.

    22:22

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf