Sura 22 Haj, oyat 26 – 33

  1. وَإِذْ بَوَّأْنَا لِإِبْرَاهِيمَ مَكَانَ الْبَيْتِ أَنْ لَا تُشْرِكْ بِي شَيْئًا وَطَهِّرْ بَيْتِيَ لِلطَّائِفِينَ وَالْقَائِمِينَ وَالرُّكَّعِ السُّجُودِ

    Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.

    22:26
  2. وَأَذِّنْ فِي النَّاسِ بِالْحَجِّ يَأْتُوكَ رِجَالًا وَعَلَىٰ كُلِّ ضَامِرٍ يَأْتِينَ مِنْ كُلِّ فَجٍّ عَمِيقٍ

    Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.

    22:27
  3. لِيَشْهَدُوا مَنَافِعَ لَهُمْ وَيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ فِي أَيَّامٍ مَعْلُومَاتٍ عَلَىٰ مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ ۖ فَكُلُوا مِنْهَا وَأَطْعِمُوا الْبَائِسَ الْفَقِيرَ

    Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.

    22:28
  4. ثُمَّ لْيَقْضُوا تَفَثَهُمْ وَلْيُوفُوا نُذُورَهُمْ وَلْيَطَّوَّفُوا بِالْبَيْتِ الْعَتِيقِ

    Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла. (Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар Қурайш кофирларида эмас, мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга Қурайш кофирлари эмас, мусулмонлар ҳақлидирлар. Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир. Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Ҳаж мавсумнинг авжи, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади, эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда«... ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу. «Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.)

    22:29
  5. ذَٰلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ حُرُمَاتِ اللَّهِ فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ عِنْدَ رَبِّهِ ۗ وَأُحِلَّتْ لَكُمُ الْأَنْعَامُ إِلَّا مَا يُتْلَىٰ عَلَيْكُمْ ۖ فَاجْتَنِبُوا الرِّجْسَ مِنَ الْأَوْثَانِ وَاجْتَنِبُوا قَوْلَ الزُّورِ

    Ана шундай. Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларга риоя қилса, бас, бу Робби ҳузурида унинг ўзи учун яхшидир. Ва сизларга (келажакда) тиловат қилинадиганлардан бошқа чорва ҳайвонлари ҳалол қилинди. Бас, бутлардан иборат нажосатдан йироқ бўлинг ва ёлғон сўздан йироқ бўлинг.

    22:30
  6. حُنَفَاءَ لِلَّهِ غَيْرَ مُشْرِكِينَ بِهِ ۚ وَمَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَكَأَنَّمَا خَرَّ مِنَ السَّمَاءِ فَتَخْطَفُهُ الطَّيْرُ أَوْ تَهْوِي بِهِ الرِّيحُ فِي مَكَانٍ سَحِيقٍ

    Аллоҳга бўлган иймондан оғманг, Унга ширк келтиргувчи бўлманг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўёки осмондан қулаб тушгану уни йиртқич қуш олиб қочган ёки уни шамол узоқ ерга учириб кетган кабидир. (Инсон иймонга эришганда, юқори мартабаларга эришган бўлади, кимки ўша юксак мартабани хоҳламай, Аллоҳга ширк келтирса, худди осмондан қулаб тушган каби бўлади.)

    22:31
  7. ذَٰلِكَ وَمَنْ يُعَظِّمْ شَعَائِرَ اللَّهِ فَإِنَّهَا مِنْ تَقْوَى الْقُلُوبِ

    Иш бундоқ. Ким Аллоҳнинг нишонларини улуғласа, бас, албатта, бу қалбларнинг тақвосидандир. (Ушбу оят маъносида «нишонлар» деб таржима қилган ибора Қуръони Каримда «шаоир» деб айтилган. Бу «шаъийра» сўзининг жами–кўплиги, нишон, белги, аломат маъноларини билдиради. Бу сўз Аллоҳ таолога нисбат берилиб, «шаоируллоҳ–Аллоҳнинг нишонлари», дейилганда эса, Аллоҳнинг дини, Исломнинг кўзга кўринган, шон-шавкати аломати бўлган ибодатлар кўзда тутилади. Ушбу ояти каримада эса, қурбонликка сўйиладиган катта ҳайвонлар кўзда тутилмоқда.)

    22:32
  8. لَكُمْ فِيهَا مَنَافِعُ إِلَىٰ أَجَلٍ مُسَمًّى ثُمَّ مَحِلُّهَا إِلَى الْبَيْتِ الْعَتِيقِ

    Сизга у(нишон)ларда маълум вақтгача манфаатлар бордир. Сўнгра уларни (сўйиш) ҳалол макони «қадимги уй» (атрофи)дадир.

    22:33

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf