Sura 22 Haj

  1. الَّذِينَ إِنْ مَكَّنَّاهُمْ فِي الْأَرْضِ أَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ وَأَمَرُوا بِالْمَعْرُوفِ وَنَهَوْا عَنِ الْمُنْكَرِ ۗ وَلِلَّهِ عَاقِبَةُ الْأُمُورِ

    Уларга ер юзида имкон берсак, намозни тўкис адо этарлар, закотни берарлар, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарарлар. Ишларнинг оқибати Аллоҳга оиддир. (Ояти каримадаги «Уларга ер юзида имкон берсак» жумласидан «макон берсак» маъноси ҳам тушунилади. Бунга қўшимча «ер юзида нусрат, ғалаба берсак» маънолари ҳам чиқади. Диёрларидан «Роббимиз Аллоҳ» деганлари учун чиқарилган мусулмонларга ер юзида макон, нусрат, ғалаба–имкон берсак: Ховлиқиб кетмайдилар, балки Аллоҳ таолога ихлос билан ибодат қиладилар, у билан боғланишни кучайтирадилар. Аллоҳ хоҳлаган оқибатини келтириб чиқаради. Хоҳласа, мағлубиятни ҳам ғалабага айлантириб юборади.)

    22:41
  2. وَإِنْ يُكَذِّبُوكَ فَقَدْ كَذَّبَتْ قَبْلَهُمْ قَوْمُ نُوحٍ وَعَادٌ وَثَمُودُ

    Агар сени ёлғончи қилаётган бўлсалар, бас, булардан олдин Нуҳ қавми, Од ва Самуд ҳам ёлғончи қилган эдилар.

    22:42
  3. وَقَوْمُ إِبْرَاهِيمَ وَقَوْمُ لُوطٍ

    Иброҳим қавми, Лут қавми.

    22:43
  4. وَأَصْحَابُ مَدْيَنَ ۖ وَكُذِّبَ مُوسَىٰ فَأَمْلَيْتُ لِلْكَافِرِينَ ثُمَّ أَخَذْتُهُمْ ۖ فَكَيْفَ كَانَ نَكِيرِ

    Мадян эгалари ҳам. Ва Мусо ҳам ёлғончи қилинди. Мен кофирларга бир оз муҳлат бердим, сўнгра уларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?! (Албатта, ўта шиддатли бўлди. Ўта қўрқинчли бўлди. Ўша кофир, жиноятчи, Пайғамбарларини ёлғончига чиқарган қавмларнинг баъзиларини тўфон азоби тутди. Баъзиларини ер ютди, зилзила ва бошқа азобларга дучор бўлдилар.)

    22:44
  5. فَكَأَيِّنْ مِنْ قَرْيَةٍ أَهْلَكْنَاهَا وَهِيَ ظَالِمَةٌ فَهِيَ خَاوِيَةٌ عَلَىٰ عُرُوشِهَا وَبِئْرٍ مُعَطَّلَةٍ وَقَصْرٍ مَشِيدٍ

    Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳалок этдик. Бас, улар (ҳозирда) шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, (ҳувиллаган) юксак қаср (ҳолидадир).

    22:45
  6. أَفَلَمْ يَسِيرُوا فِي الْأَرْضِ فَتَكُونَ لَهُمْ قُلُوبٌ يَعْقِلُونَ بِهَا أَوْ آذَانٌ يَسْمَعُونَ بِهَا ۖ فَإِنَّهَا لَا تَعْمَى الْأَبْصَارُ وَلَٰكِنْ تَعْمَى الْقُلُوبُ الَّتِي فِي الصُّدُورِ

    Ахир, ер юзида айланиб юрмайдимиларки, уларга ақл этадиган қалблар, эшитадиган қулоқлар бўлсин. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур. (Ўша кофирлар ер юзида айланиб юрганларида, ўтган кофирлардан қолган асарларни кўрар эдилар. Уларни кўриб, тафаккур қилганларида қалблари таъсирланиб, ақллари кирар эди. Одамлардан ўтган золим кофир қавмлар нима учун ва қандай қилиб ҳалокатга учраганлари ҳақидаги ривоятларни эшитар, улардан ибрат олар эдилар.)

    22:46
  7. وَيَسْتَعْجِلُونَكَ بِالْعَذَابِ وَلَنْ يُخْلِفَ اللَّهُ وَعْدَهُ ۚ وَإِنَّ يَوْمًا عِنْدَ رَبِّكَ كَأَلْفِ سَنَةٍ مِمَّا تَعُدُّونَ

    Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир. (Модомики кофирларга азоб юборишни ваъда қилдими, уларга Аллоҳнинг азоби, албатта, келади. Шошилмай турсинлар. Азобни қачон юборишни Аллоҳнинг Ўзи билади. Аллоҳ таоло ҳеч шошилмайди. «Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун сиз санайдиган минг йилдекдир». Шунинг учун ҳам У зот шошилмайди.)

    22:47
  8. وَكَأَيِّنْ مِنْ قَرْيَةٍ أَمْلَيْتُ لَهَا وَهِيَ ظَالِمَةٌ ثُمَّ أَخَذْتُهَا وَإِلَيَّ الْمَصِيرُ

    Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларга зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳам муҳлат бердим. Сўнгра уларни (азобга) тутдим. Қайтиш фақат менгагинадир.

    22:48
  9. قُلْ يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّمَا أَنَا لَكُمْ نَذِيرٌ مُبِينٌ

    Сен: «Эй одамлар! Мен сизлар учун фақат бир очиқ огоҳлантиргувчиман, холос», деб айт.

    22:49
  10. فَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَهُمْ مَغْفِرَةٌ وَرِزْقٌ كَرِيمٌ

    Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларга мағфират ва икромли ризқ бордир.

    22:50
  11. وَالَّذِينَ سَعَوْا فِي آيَاتِنَا مُعَاجِزِينَ أُولَٰئِكَ أَصْحَابُ الْجَحِيمِ

    Бизнинг оятларимизни ожиз қолдирмоқчи бўлиб, саъйи-ҳаракат қилганлар, ана ўшалар жаҳийм эгаларидир.

    22:51
  12. وَمَا أَرْسَلْنَا مِنْ قَبْلِكَ مِنْ رَسُولٍ وَلَا نَبِيٍّ إِلَّا إِذَا تَمَنَّىٰ أَلْقَى الشَّيْطَانُ فِي أُمْنِيَّتِهِ فَيَنْسَخُ اللَّهُ مَا يُلْقِي الشَّيْطَانُ ثُمَّ يُحْكِمُ اللَّهُ آيَاتِهِ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

    Биз сендан илгари ҳеч бир Расул ва Набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказур. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилур. Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳикматли зотдир. (Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак «Таманний» сўзи араб тилида «олий орзу» (ажНабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни шу ҳолда қолдиришни раво кўрдик. Ушбу ояти каримада, бу олий орзу бошқа Расул ва Набийларда ҳам бўлганлиги, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳ доимо Ўзи Пайғамбарларни бундан сақлаб келганлиги айтилмоқда. Ушбу ҳолат Пайғамбаримиз (с. а. в) ҳаётларида бир неча марта кўрилган.)

    22:52
  13. لِيَجْعَلَ مَا يُلْقِي الشَّيْطَانُ فِتْنَةً لِلَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ وَالْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ ۗ وَإِنَّ الظَّالِمِينَ لَفِي شِقَاقٍ بَعِيدٍ

    Шайтон ташлайдиган нарсанинг қалбларида касали борларга ва қалблари тошларга фитна бўлиши учундир. Албатта, золимлар (ҳақдан) узоқ тортишувдадирлар.

    22:53
  14. وَلِيَعْلَمَ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ أَنَّهُ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكَ فَيُؤْمِنُوا بِهِ فَتُخْبِتَ لَهُ قُلُوبُهُمْ ۗ وَإِنَّ اللَّهَ لَهَادِ الَّذِينَ آمَنُوا إِلَىٰ صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ

    Илм берилганлар у(Қуръон) Роббингдан келган ҳақ эканини билишлари, унга иймон келтиришлари ва қалблари унга боғланиб, таскин топиши учундир. Албатта, Аллоҳ иймон келтирганларни тўғри йўлга ҳидоят қилгувчидир.

    22:54
  15. وَلَا يَزَالُ الَّذِينَ كَفَرُوا فِي مِرْيَةٍ مِنْهُ حَتَّىٰ تَأْتِيَهُمُ السَّاعَةُ بَغْتَةً أَوْ يَأْتِيَهُمْ عَذَابُ يَوْمٍ عَقِيمٍ

    Куфр келтирганлар, уларга (қиёмат) соати тўсатдан келгунича ёки қисир Кун азоби келгунича у(Қуръон)дан шубҳада бўлишда давом этурлар. (Кофирлар қиёматгача Қуръони Карим Аллоҳдан келган ҳақ эканига шубҳада бўладилар. Шунинг учун иймон келтирмайдилар. Лекин бу билан фақат ўзларига зиён қиладилар, холос.)

    22:55
  16. الْمُلْكُ يَوْمَئِذٍ لِلَّهِ يَحْكُمُ بَيْنَهُمْ ۚ فَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فِي جَنَّاتِ النَّعِيمِ

    Ўша кунда ҳукмронлик (ёлғиз) Аллоҳгагина хосдир. У улар орасида ҳукм қилур. Бас, иймон келтирганлар ва яхши амал қилганлар нозу неъмат жаннатларидадирлар.

    22:56
  17. وَالَّذِينَ كَفَرُوا وَكَذَّبُوا بِآيَاتِنَا فَأُولَٰئِكَ لَهُمْ عَذَابٌ مُهِينٌ

    Куфр келтирган ва оятларимизни ёлғонга чиқарганлар эса, бас, ана ўшаларга хорловчи азоб бордир.

    22:57
  18. وَالَّذِينَ هَاجَرُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ ثُمَّ قُتِلُوا أَوْ مَاتُوا لَيَرْزُقَنَّهُمُ اللَّهُ رِزْقًا حَسَنًا ۚ وَإِنَّ اللَّهَ لَهُوَ خَيْرُ الرَّازِقِينَ

    Аллоҳ йўлида ҳижрат қилганлар, сўнгра ўлдирилиб ёки вафот этганларни, албатта, Аллоҳ гўзал ризқ ила ризқлантирур. Албатта, Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг энг яхшисидир. (Ҳижрат Аллоҳ йўлида ватандан, қариндош-уруғдан, молу дунёдан, турли қулайликлардан узоқда бўлишдир. Ҳижрат барча Пайғамбарлар, улуғ зотлар бошидан ўтказган ҳолатдир. Исломда эса, Ислом Пайғамбари Муҳаммад (с. а. в.) ва у кишининг сафдошлари–саҳобаларнинг бир қисми ҳаётидаги катта синовдир. Аллоҳ таоло уларнинг Маккадан Мадинага қилган ҳижратларидан сўнг Исломга фатҳу футуҳ, шону шавкат берди.)

    22:58
  19. لَيُدْخِلَنَّهُمْ مُدْخَلًا يَرْضَوْنَهُ ۗ وَإِنَّ اللَّهَ لَعَلِيمٌ حَلِيمٌ

    Албатта, У зот уларни ўзлари рози бўладиган жойга киритур. Албатта, Аллоҳ ўта билгувчи ва ҳалим зотдир.

    22:59
  20. ذَٰلِكَ وَمَنْ عَاقَبَ بِمِثْلِ مَا عُوقِبَ بِهِ ثُمَّ بُغِيَ عَلَيْهِ لَيَنْصُرَنَّهُ اللَّهُ ۗ إِنَّ اللَّهَ لَعَفُوٌّ غَفُورٌ

    Иш бундоқ. Ким ўзига иқоб қилинганига ўхшаш иқоб қилсаю, сўнгра унга яна зўравонлик қилинса, Аллоҳ, албатта, унга нусрат берур. Албатта, Аллоҳ авфли ва мағфиратли зотдир. (Биров зулмга учраб, бошқа бир киши томонидан иқобга учраса, қасос олиш тариқасида ўша золимдан ўзига қилинган иқоб даражасида ўч олсаю, сўнгра унга яна тажовуз қилинса, ўша одамга Аллоҳ ёрдам беради. Чунки у зулм қилмаяпти, ҳаддидан ошмаяпти, фақат ўз ҳаққини талаб қиляпти. Бошқа томон эса, аввал ноҳақдан тажовузкорлик қилган эди. Тажовузига яраша жавоб келганида, тушуниб ўзини тийиши керак эди. Аммо у яна тажовузкорлик қилди.)

    22:60

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf