Sura 24 Nur, oyat 35 – 40
-
اللَّهُ نُورُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۚ مَثَلُ نُورِهِ كَمِشْكَاةٍ فِيهَا مِصْبَاحٌ ۖ الْمِصْبَاحُ فِي زُجَاجَةٍ ۖ الزُّجَاجَةُ كَأَنَّهَا كَوْكَبٌ دُرِّيٌّ يُوقَدُ مِنْ شَجَرَةٍ مُبَارَكَةٍ زَيْتُونَةٍ لَا شَرْقِيَّةٍ وَلَا غَرْبِيَّةٍ يَكَادُ زَيْتُهَا يُضِيءُ وَلَوْ لَمْ تَمْسَسْهُ نَارٌ ۚ نُورٌ عَلَىٰ نُورٍ ۗ يَهْدِي اللَّهُ لِنُورِهِ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَيَضْرِبُ اللَّهُ الْأَمْثَالَ لِلنَّاسِ ۗ وَاللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيمٌ
Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилур. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир. (Суранинг номи ушбу ояти каримадан олинган. Бу ояти карима «Нур» ояти деб ҳам номланади. Оятда Аллоҳ таолонинг Ўзи Ўз зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. Бу жумлани баъзи уламоларимиз, «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилгувчидир», деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса, «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтиргувчидир», деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни, борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир. «Нур» сўзи аслида ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғуликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади-кўрсатади.)
24:35 -
فِي بُيُوتٍ أَذِنَ اللَّهُ أَنْ تُرْفَعَ وَيُذْكَرَ فِيهَا اسْمُهُ يُسَبِّحُ لَهُ فِيهَا بِالْغُدُوِّ وَالْآصَالِ
(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар;
24:36 -
رِجَالٌ لَا تُلْهِيهِمْ تِجَارَةٌ وَلَا بَيْعٌ عَنْ ذِكْرِ اللَّهِ وَإِقَامِ الصَّلَاةِ وَإِيتَاءِ الزَّكَاةِ ۙ يَخَافُونَ يَوْمًا تَتَقَلَّبُ فِيهِ الْقُلُوبُ وَالْأَبْصَارُ
Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар.
24:37 -
لِيَجْزِيَهُمُ اللَّهُ أَحْسَنَ مَا عَمِلُوا وَيَزِيدَهُمْ مِنْ فَضْلِهِ ۗ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ
Аллоҳ уларни қилган амалларининг энг гўзали ила мукофотлаши ва фазли карамидан зиёда қилиб бериши учундир. Аллоҳ хоҳлаган кишига беҳисоб ризқ берур.
24:38 -
وَالَّذِينَ كَفَرُوا أَعْمَالُهُمْ كَسَرَابٍ بِقِيعَةٍ يَحْسَبُهُ الظَّمْآنُ مَاءً حَتَّىٰ إِذَا جَاءَهُ لَمْ يَجِدْهُ شَيْئًا وَوَجَدَ اللَّهَ عِنْدَهُ فَوَفَّاهُ حِسَابَهُ ۗ وَاللَّهُ سَرِيعُ الْحِسَابِ
Куфр келтирганларнинг амаллари саҳродаги саробга ўхшайдир. Чанқоқ одам уни сув деб ҳисоблайдир. Қачонки, унинг олдига келса, ҳеч нарсани топмас. Ва у олдида Аллоҳни топур. Бас, У зот унинг ҳисобини тўлиқ қилур. Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилгувчидир. (Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳоли ажойиб услуб ила васф этилмоқда. Ўзлари чанқоқ одамга, амаллари эса, саҳродаги саробга ўхшатилмоқда. Мунофиқлар ҳам бу дунёда ўзларича, у қилдим-бу қилдим, деб амалларини санаб, »яхши-яхши« умидлар билан охират томон кетаверадилар. Қиёмат қоим бўлиб, »манзил«га етганларида эса, ҳеч нарса топмайдилар. Қилган амалимизнинг савобини топамиз, деб борган жойларида Аллоҳни топадилар ва Аллоҳ уларни бекаму кўст ҳисоб-китоб қилади.)
24:39 -
أَوْ كَظُلُمَاتٍ فِي بَحْرٍ لُجِّيٍّ يَغْشَاهُ مَوْجٌ مِنْ فَوْقِهِ مَوْجٌ مِنْ فَوْقِهِ سَحَابٌ ۚ ظُلُمَاتٌ بَعْضُهَا فَوْقَ بَعْضٍ إِذَا أَخْرَجَ يَدَهُ لَمْ يَكَدْ يَرَاهَا ۗ وَمَنْ لَمْ يَجْعَلِ اللَّهُ لَهُ نُورًا فَمَا لَهُ مِنْ نُورٍ
Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшайдир. Унинг устидан мавж қоплагандир, у(мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса, булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас. (Ушбу ояти каримада ҳам Аллоҳнинг нуридан маҳрум бўлган кофир ва мунофиқларнинг ҳолати ажойиб услуб ила васф қилинмоқда. Яъни, денгизни катта тўлқин қоплаб олгандир. Бу тўлқин эса, зулмат устига зулматдир. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўша қоп-қора тўлқиннинг устидан қоп-қора булут қоплаб турибди. Бу зулматлар остида кофир ва мунофиқ қандай қилиб Аллоҳнинг нурини кўрсин. У ўз қўлини кўра олмагандан кейин, Аллоҳнинг нурини кўра олмаслиги турган гап.)
24:40
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf