Sura 26 Shuaro, oyat 34 – 51

  1. قَالَ لِلْمَلَإِ حَوْلَهُ إِنَّ هَٰذَا لَسَاحِرٌ عَلِيمٌ

    У(Фиръавн) атрофидаги аъёнларига: «Албатта, бу ўта билимдон сеҳргардир.

    26:34
  2. يُرِيدُ أَنْ يُخْرِجَكُمْ مِنْ أَرْضِكُمْ بِسِحْرِهِ فَمَاذَا تَأْمُرُونَ

    У ўз сеҳри билан сизларни ерингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар?», деди. (Худонинг динига қарши чиққан, Аллоҳнинг йўлидаги даъватчиларни ўзига душман билган туғёнкорларнинг доимий гапларидан бири. Атрофидаги гумашталарига ва содда халққа даъватчини хавфли қилиб кўрсатади ва уларни қўрқитади.)

    26:35
  3. قَالُوا أَرْجِهْ وَأَخَاهُ وَابْعَثْ فِي الْمَدَائِنِ حَاشِرِينَ

    Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.

    26:36
  4. يَأْتُوكَ بِكُلِّ سَحَّارٍ عَلِيمٍ

    Сенга барча ўта билимдон сеҳргарларни олиб келсинлар», дедилар. (Бу таклиф Фиръавнга маъқул тушди. Зотан, у атрофидагилардан айнан шу жавобни кутган эди. Бошқа сура ва оятлардан биламизки, Мусо алайҳиссалом билан сеҳргарларнинг мусобақалашадиган жойи, вақти ва бошқа шартлари келишиб олинади. Фиъравн шаҳарларга одамларини юбориб, сеҳргарларни тўплатиб келади.)

    26:37
  5. فَجُمِعَ السَّحَرَةُ لِمِيقَاتِ يَوْمٍ مَعْلُومٍ

    Бас, сеҳргарлар маълум куни келишилган вақтда жамландилар.

    26:38
  6. وَقِيلَ لِلنَّاسِ هَلْ أَنْتُمْ مُجْتَمِعُونَ

    Ва одамларга: «Сизлар тўпланиб бўлдингизми?

    26:39
  7. لَعَلَّنَا نَتَّبِعُ السَّحَرَةَ إِنْ كَانُوا هُمُ الْغَالِبِينَ

    Ажаб эрмас, устин келсалар, сеҳргарларга эргашсак», дейилди. (Турли муносабатлар ила одамларни тўплаш, билан уларни чалғитиш ва ўзига маҳлиё этиш ҳам туғёнкор ҳокимларнинг одати. Сеҳргарлар билан Мусо алайҳиссалом тортишувини ғанимат билиб роса одам йиғдилар.)

    26:40
  8. فَلَمَّا جَاءَ السَّحَرَةُ قَالُوا لِفِرْعَوْنَ أَئِنَّ لَنَا لَأَجْرًا إِنْ كُنَّا نَحْنُ الْغَالِبِينَ

    Сеҳргарлар келган чоғларида Фиръавнга: «Агар биз ғолиб келгувчи бўлсак, бизга, албатта, ҳақ бериладими?» дедилар.

    26:41
  9. قَالَ نَعَمْ وَإِنَّكُمْ إِذًا لَمِنَ الْمُقَرَّبِينَ

    У: «Ҳа! У ҳолда сиз, албатта, энг яқинларимдан бўласиз», деди.

    26:42
  10. قَالَ لَهُمْ مُوسَىٰ أَلْقُوا مَا أَنْتُمْ مُلْقُونَ

    Мусо уларга: «Сиз ташлайдиган нарсангизни ташланг», деди.

    26:43
  11. فَأَلْقَوْا حِبَالَهُمْ وَعِصِيَّهُمْ وَقَالُوا بِعِزَّةِ فِرْعَوْنَ إِنَّا لَنَحْنُ الْغَالِبُونَ

    Бас, улар арқонлари ва асоларини ташладилар ва «Фиръавннинг иззати билан қасамки, албатта, биз ғолиблармиз», дедилар.

    26:44
  12. فَأَلْقَىٰ مُوسَىٰ عَصَاهُ فَإِذَا هِيَ تَلْقَفُ مَا يَأْفِكُونَ

    Сўнгра Мусо асосини ташлаган эди, бирдан у уларнинг уйдирмаларини юта бошлади. (Сеҳргарлар арқонларини ташлаганида, илонга айланмаган, уларнинг найранги туфайлигина кишилар кўзига шундай кўринган эди, холос. Кейин Мусо алайҳиссалом асоларини ташладилар ва у аждарга айланиб, Фиръавн сеҳргарларининг асо ва арқонларини юта бошлади.)

    26:45
  13. فَأُلْقِيَ السَّحَرَةُ سَاجِدِينَ

    Бас, сеҳргарлар сажда қилган ҳолларида йиқилдилар.

    26:46
  14. قَالُوا آمَنَّا بِرَبِّ الْعَالَمِينَ

    Улар: «Роббул Оламийнга иймон келтирдик.

    26:47
  15. رَبِّ مُوسَىٰ وَهَارُونَ

    Мусо ва Ҳоруннинг Роббига», дедилар.

    26:48
  16. قَالَ آمَنْتُمْ لَهُ قَبْلَ أَنْ آذَنَ لَكُمْ ۖ إِنَّهُ لَكَبِيرُكُمُ الَّذِي عَلَّمَكُمُ السِّحْرَ فَلَسَوْفَ تَعْلَمُونَ ۚ لَأُقَطِّعَنَّ أَيْدِيَكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ مِنْ خِلَافٍ وَلَأُصَلِّبَنَّكُمْ أَجْمَعِينَ

    У: «Мен сизга изн бермасимдан олдин унга иймон келтирдингиз! Албатта, у сизга сеҳр ўргатган каттангиздир! Энди тезда биласиз, мен, албатта, қўл-оёғингизни қарама-қарши томонидан кесажакман ва барчангизни осажакман», деди.

    26:49
  17. قَالُوا لَا ضَيْرَ ۖ إِنَّا إِلَىٰ رَبِّنَا مُنْقَلِبُونَ

    Улар: «Зарари йўқ. Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.

    26:50
  18. إِنَّا نَطْمَعُ أَنْ يَغْفِرَ لَنَا رَبُّنَا خَطَايَانَا أَنْ كُنَّا أَوَّلَ الْمُؤْمِنِينَ

    Мўминларнинг аввалгиси бўлганимиз учун Роббимиз хатоларимизни кечиришидан умид қиламиз», дедилар.

    26:51

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf