Sura 28 Qasas, oyat 29 – 42

  1. فَلَمَّا قَضَىٰ مُوسَى الْأَجَلَ وَسَارَ بِأَهْلِهِ آنَسَ مِنْ جَانِبِ الطُّورِ نَارًا قَالَ لِأَهْلِهِ امْكُثُوا إِنِّي آنَسْتُ نَارًا لَعَلِّي آتِيكُمْ مِنْهَا بِخَبَرٍ أَوْ جَذْوَةٍ مِنَ النَّارِ لَعَلَّكُمْ تَصْطَلُونَ

    Қачонки, Мусо муддатни тугатиб, аҳли билан йўлга тушиб кетаётиб, Тур томонда узоқдан оловни кўриб қолди. У аҳлига: «Туриб туринглар, аниқки, мен узоқдан оловни кўрдим. Балки у ердан сизга бирор хабар ёки исинишингиз учун бир тутам чўғ олиб келарман», деди. (Мусо алайҳиссалом қайинотаси билан келишган муддатни ўтаб, аҳли аёлларини олиб Мисрга қайтиш учун йўлга чиқдилар. Йўлда, Сийна ярим оролидаги Тур тоғига яқинлашганда, тоғ томонда узоқдан бир олов ёниб турганини кўрдилар.)

    28:29
  2. فَلَمَّا أَتَاهَا نُودِيَ مِنْ شَاطِئِ الْوَادِ الْأَيْمَنِ فِي الْبُقْعَةِ الْمُبَارَكَةِ مِنَ الشَّجَرَةِ أَنْ يَا مُوسَىٰ إِنِّي أَنَا اللَّهُ رَبُّ الْعَالَمِينَ

    Бас, қачонки унинг олдига етиб келганида, водийнинг ўнг томонидан, муборак жойдан, дарахтдан унга: «Эй Мусо, албатта, Мен, Ўзим, оламларнинг Робби Аллоҳдирман.

    28:30
  3. وَأَنْ أَلْقِ عَصَاكَ ۖ فَلَمَّا رَآهَا تَهْتَزُّ كَأَنَّهَا جَانٌّ وَلَّىٰ مُدْبِرًا وَلَمْ يُعَقِّبْ ۚ يَا مُوسَىٰ أَقْبِلْ وَلَا تَخَفْ ۖ إِنَّكَ مِنَ الْآمِنِينَ

    Ва асонгни ташла», деб нидо қилинди. Қачонки унинг катта илон каби қимирлаётганини кўргач, қарамасдан ортга қочди. «Эй Мусо, бери кел, қўрқма, албатта, сен омонликдагилардансан» (дейилди). (Бу ҳол ҳақиқатда ажойиб эди. Бепоён саҳродаги тоғнинг ўнг томонида, муборак бир жойда Аллоҳ таоло фариштани ҳам ўртага қўймай, Мусога алайҳиссалом бевосита ўзи нидо қилмоқда. Бу жой ҳақиқатда ҳам муборак бир жой эди. Бу пайт, шубҳасиз, муборак бир пайт эди. Бу нидо ҳақиқатда ҳам муборак бир нидо эди.)

    28:31
  4. اسْلُكْ يَدَكَ فِي جَيْبِكَ تَخْرُجْ بَيْضَاءَ مِنْ غَيْرِ سُوءٍ وَاضْمُمْ إِلَيْكَ جَنَاحَكَ مِنَ الرَّهْبِ ۖ فَذَانِكَ بُرْهَانَانِ مِنْ رَبِّكَ إِلَىٰ فِرْعَوْنَ وَمَلَئِهِ ۚ إِنَّهُمْ كَانُوا قَوْمًا فَاسِقِينَ

    «Қўлингни ёқангдан (қўлтиғингга) суқ, бирон нуқсонсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қўрқувда қанот(қўл)ингни ўзингга тортиб ол. Бас, шу иккиси Роббингдан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Албатта, улар фосиқ қавм бўлдилар» (дейилди).

    28:32
  5. قَالَ رَبِّ إِنِّي قَتَلْتُ مِنْهُمْ نَفْسًا فَأَخَافُ أَنْ يَقْتُلُونِ

    У: «Эй Роббим, мен улардан бир жонни ўлдирганман, улар мени ўлдиришларидан қўрқурман.

    28:33
  6. وَأَخِي هَارُونُ هُوَ أَفْصَحُ مِنِّي لِسَانًا فَأَرْسِلْهُ مَعِيَ رِدْءًا يُصَدِّقُنِي ۖ إِنِّي أَخَافُ أَنْ يُكَذِّبُونِ

    Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ, уни ҳам мен билан юбор, мени тасдиқлайдир. Зеро, улар мени ёлғончи қилишларидан қўрқурман», деди. (Мен улардан бани исроиллик билан уришаётган қибтийни билмасдан, нохосдан ўлдириб қўйганман. Фиръавн аъёнлари мени ўлдириш учун тил бириктираётганларида қочиб кетганман. Энди яна кириб борсам, уларнинг эски адовати қўзиб мени ўлдириб қўйсалар, диний даъват иши нима бўлади, деб қўрқаман. Менинг тилимда бир оз дудуқлик бор, оғам Ҳорун эса, тили бурро одам. Кофирлар билан тортишувларда иш беради. Уни ҳам мен билан бирга Пайғамбар қилиб юбор. У ҳам мен билан бирга Пайғамбар бўлиб, мени тасдиқласин.)

    28:34
  7. قَالَ سَنَشُدُّ عَضُدَكَ بِأَخِيكَ وَنَجْعَلُ لَكُمَا سُلْطَانًا فَلَا يَصِلُونَ إِلَيْكُمَا ۚ بِآيَاتِنَا أَنْتُمَا وَمَنِ اتَّبَعَكُمَا الْغَالِبُونَ

    У зот: «Биз сени оғанг билан қувватлаймиз ва икковингизга бир салтанат берурмизки, улар сизга етиша олмаслар. Бизнинг оятларимиз ила иккингиз ва сизга эргашганлар ғолибдирсиз», деди. (Демак, Мусо ва Ҳорун алайҳиссалом ҳамда уларга эргашганлар ғолиб бўлишлари турган гап. Ғалабага эришиш учун Аллоҳнинг оятлари билан ҳаракат қилинса, бас. Шундай ҳаракат бўлди ҳам.)

    28:35
  8. فَلَمَّا جَاءَهُمْ مُوسَىٰ بِآيَاتِنَا بَيِّنَاتٍ قَالُوا مَا هَٰذَا إِلَّا سِحْرٌ مُفْتَرًى وَمَا سَمِعْنَا بِهَٰذَا فِي آبَائِنَا الْأَوَّلِينَ

    Бас, қачонки Мусо уларга очиқ-ойдин оятларимиз ила келганида, улар: «Бу уйдирма, сеҳрдан бошқа нарса эмас. Аввалги ота-боболаримиздан ҳам бу ҳақда эшитмаган эдик», дедилар. (Кўзларига кўриниб турган мўъжизани, кўзбўямачилик, сеҳрдан ўзга нарса эмас, у уйдирмадир, дедилар. Аллоҳнинг Пайғамбарига қарши, Аллоҳнинг мўъжизаларига қарши бундай гапни айтишга бирор далил-ҳужжатлари бормиди? Албатта, йўқ эди. Ота-боболаридан эшитмаганлари учун Аллоҳнинг Пайғамбарини ёлғончи қилиб, мўъжизасани сеҳр дейишлари тўғрими?! Уларнинг ота-боболари ким эди ўзи? Дунёнинг охиригача бўладиган нарсаларни кўрсатиб кетишганми?!)

    28:36
  9. وَقَالَ مُوسَىٰ رَبِّي أَعْلَمُ بِمَنْ جَاءَ بِالْهُدَىٰ مِنْ عِنْدِهِ وَمَنْ تَكُونُ لَهُ عَاقِبَةُ الدَّارِ ۖ إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ

    Ва Мусо: «Роббим Ўз ҳузуридан ким ҳидоят келтирганини ҳам, охират диёри оқибати кимга бўлишини ҳам яхши билгувчи зотдир. Албатта, золимлар нажот топмаслар», деди. (Куфр келтириб, Аллоҳнинг Пайғамбарини инкор этиб, Аллоҳнинг оят-мўъжизаларини сеҳр деб зулм қилганлар нажот топмаслар.)

    28:37
  10. وَقَالَ فِرْعَوْنُ يَا أَيُّهَا الْمَلَأُ مَا عَلِمْتُ لَكُمْ مِنْ إِلَٰهٍ غَيْرِي فَأَوْقِدْ لِي يَا هَامَانُ عَلَى الطِّينِ فَاجْعَلْ لِي صَرْحًا لَعَلِّي أَطَّلِعُ إِلَىٰ إِلَٰهِ مُوسَىٰ وَإِنِّي لَأَظُنُّهُ مِنَ الْكَاذِبِينَ

    Ва Фиръавн: «Эй аъёнлар, мен сизларга ўзимдан бошқа илоҳ борлигини билмасман. Бас, эй Ҳомон, лойга ўт ёқиб, мен учун бир баланд қаср қур, шоядки (унга чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсай. Албатта, мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман», деди. (Худолик даъвосида бўлган аҳмоқ фиръавнлар ўйламай, оғзига нима келса гапираверади. Вазирига нимани хоҳласа, буюраверади. Ҳомон лойга ўт ёқиб ғишт пишириб, ўта баланд қаср қурармиш, Фиръавн унга чиқиб, осмонда Аллоҳни кўрар эмиш. Аллоҳ осмонда сенинг чиқишингга қараб турадиган зотмиди?! Сенга ўхшаган ифлос Аллоҳнинг даргоҳига бора олармиди?! Осмон сенга ўхшаш бандалар учун Аллоҳ таоло томонидан яратилган бир нарса-ку, нима учун Аллоҳни осмон билан чегаралаб қўймоқчисан?! Ушбу саволлар ҳам ўзини худо санаётган Фиръавнинг нақадар эси паст эканини тушунишга ёрдам беради. Ўша эси паст махлуқ ўзининг аҳмоқона гапи билан Аллоҳ юборган Пайғамбар Мусони алайҳиссалом ёлғончига чиқармоқда.)

    28:38
  11. وَاسْتَكْبَرَ هُوَ وَجُنُودُهُ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَظَنُّوا أَنَّهُمْ إِلَيْنَا لَا يُرْجَعُونَ

    У ва унинг аскарлари ер юзида ноҳақдан такаббурлик қилдилар ҳамда ўзларини Бизга қайтарилмайдилар деб гумон қилдилар.

    28:39
  12. فَأَخَذْنَاهُ وَجُنُودَهُ فَنَبَذْنَاهُمْ فِي الْيَمِّ ۖ فَانْظُرْ كَيْفَ كَانَ عَاقِبَةُ الظَّالِمِينَ

    Бас, Биз уни ва унинг аскарларини тутдик ва денгизга отдик. Энди золимларнинг оқибати қандоқ бўлганига назар сол.

    28:40
  13. وَجَعَلْنَاهُمْ أَئِمَّةً يَدْعُونَ إِلَى النَّارِ ۖ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ لَا يُنْصَرُونَ

    Ва уларни дўзахга чақирадиган пешволар қилдик. Қиёмат куни эса, уларга ёрдам берилмас. (Ахир, бу дунёдан ноҳақ такаббурлик қилиб, дўзахга даъват бўйича пешволик билан ўтган бўлсалар, уларга қандай қилиб ёрдам берилиши мумкин?)

    28:41
  14. وَأَتْبَعْنَاهُمْ فِي هَٰذِهِ الدُّنْيَا لَعْنَةً ۖ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ هُمْ مِنَ الْمَقْبُوحِينَ

    Ва бу дунёда уларга лаънатни эргаштириб қўйдик. Қиёмат куни эса, улар (раҳматдан) йироқ қилинганлардандирлар.

    28:42

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf