Sura 29 Ankabut, oyat 31 – 44
-
وَلَمَّا جَاءَتْ رُسُلُنَا إِبْرَاهِيمَ بِالْبُشْرَىٰ قَالُوا إِنَّا مُهْلِكُو أَهْلِ هَٰذِهِ الْقَرْيَةِ ۖ إِنَّ أَهْلَهَا كَانُوا ظَالِمِينَ
Бизнинг элчиларимиз Иброҳимга хушхабарни келтиришганида: «Албатта, биз ушбу шаҳар аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Албатта, унинг аҳли зулм қилгувчилардан бўлдилар», дедилар.
29:31 -
قَالَ إِنَّ فِيهَا لُوطًا ۚ قَالُوا نَحْنُ أَعْلَمُ بِمَنْ فِيهَا ۖ لَنُنَجِّيَنَّهُ وَأَهْلَهُ إِلَّا امْرَأَتَهُ كَانَتْ مِنَ الْغَابِرِينَ
У: «Унда Лут бор-ку?!» деди. Улар: «Биз унда ким борлигини яхши биламиз. Биз, албатта, унга ва унинг аҳлига нажот берамиз. Магар унинг хотини ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир», дедилар.
29:32 -
وَلَمَّا أَنْ جَاءَتْ رُسُلُنَا لُوطًا سِيءَ بِهِمْ وَضَاقَ بِهِمْ ذَرْعًا وَقَالُوا لَا تَخَفْ وَلَا تَحْزَنْ ۖ إِنَّا مُنَجُّوكَ وَأَهْلَكَ إِلَّا امْرَأَتَكَ كَانَتْ مِنَ الْغَابِرِينَ
Элчиларимиз Лутга келишганида, у улар сабабли маҳзун бўлди ва келишларидан юраги сиқилди. Улар: «Сен хавфсирама ва маҳзун ҳам бўлма, албатта, биз сени ва аҳлингни қутқаргувчилармиз. Магар хотининг ҳалок бўлгувчилардан бўлгандир. (Лутнинг алайҳиссалом Аллоҳ юборган фаришталарни кўриб хафа бўлишларига сабаб бор эди. Аввалло, элчи-фаришталар навқирон ҳуснли йигитлар қиёфасида келган эдилар. Қолаверса, Лут алайҳиссалом уларнинг элчи-фаришталар эканидан ҳали-ҳануз хабар топмаган эдилар. Шунинг учун ёш ва чиройли меҳмон йигитларга жиноятчи қавм тажовуз қилиб, мезбон Лутни алайҳиссалом шарманда этишлари мумкин эди. Шу сабабли Лут алайҳиссалом уларни кўриб маҳзун бўлдилар ва юраклари сиқилди.)
29:33 -
إِنَّا مُنْزِلُونَ عَلَىٰ أَهْلِ هَٰذِهِ الْقَرْيَةِ رِجْزًا مِنَ السَّمَاءِ بِمَا كَانُوا يَفْسُقُونَ
Албатта, Биз ушбу шаҳар аҳолиси бошига фосиқлик қилганлари туфайли осмондан азоб туширгувчимиз», дедилар.
29:34 -
وَلَقَدْ تَرَكْنَا مِنْهَا آيَةً بَيِّنَةً لِقَوْمٍ يَعْقِلُونَ
Батаҳқиқ, Биз ундан ақл юритгувчи қавмлар учун очиқ-ойдин оят-белгилар қолдирганмиз. (Лут қавмидан, улар яшаб ўтган диёрдан уларнинг жиноятлари оқибати нима билан тугаганини эслатиб турувчи нишоналар қолдирилгандир. Бу нишоналар ўша қавм ҳақидаги қисса, оят ва эсдаликлар бўлиши мумкин. Шунингдек, улар яшаб ўтган юртнинг қолдиқлари ҳам бўлиши мумкин. Ўлик денгиз ҳудудида Садум шаҳрининг қолдиқлари топилган, ҳозирда кўпчилик бориб кўрмоқда.)
29:35 -
وَإِلَىٰ مَدْيَنَ أَخَاهُمْ شُعَيْبًا فَقَالَ يَا قَوْمِ اعْبُدُوا اللَّهَ وَارْجُوا الْيَوْمَ الْآخِرَ وَلَا تَعْثَوْا فِي الْأَرْضِ مُفْسِدِينَ
Ва Мадянга биродарлари Шуайбни (юбордик). Бас, у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинг, охират кунидан умидвор бўлинг ва ер юзида бузғунчилик ила харакат қилиб юрманг», деди. (Шуайб алайҳиссалом ҳам, Иброҳимнинг алайҳиссалом зурриётларидан чиққан араблардандирлар.)
29:36 -
فَكَذَّبُوهُ فَأَخَذَتْهُمُ الرَّجْفَةُ فَأَصْبَحُوا فِي دَارِهِمْ جَاثِمِينَ
Бас, уни ёлғончига чиқардилар. Шунда уларни бир силкиниш тутди ва диёрларида чўккалаб қолдилар. (Мадян аҳлининг қай тарзда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар тафсилоти бошқа сураларда ўтди. Аввал уларга қаттиқ ва даҳшатли овоз келиб, қалбларини ёриб юборди. Кейин кучли зилзила бўлиб, уларни тутдек тўкиб қўйди. Ҳаммалари турган жойларида чўккалаб қолиб, ҳалок бўлдилар. Бу ҳалокат уларнинг иймон йўлига юрмаганликларининг жазоси эди.)
29:37 -
وَعَادًا وَثَمُودَ وَقَدْ تَبَيَّنَ لَكُمْ مِنْ مَسَاكِنِهِمْ ۖ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ أَعْمَالَهُمْ فَصَدَّهُمْ عَنِ السَّبِيلِ وَكَانُوا مُسْتَبْصِرِينَ
Ва Од ва Самудни (ҳам ҳалок этдик). Батаҳқиқ, бу сизга уларнинг масканларидан аён бўлиб турибди. Шайтон уларга амалларини зийнатлаб кўрсатиб, уларни йўлдан тўсди. Ҳолбуки, улар кўриб-билиб тургувчи эдилар.
29:38 -
وَقَارُونَ وَفِرْعَوْنَ وَهَامَانَ ۖ وَلَقَدْ جَاءَهُمْ مُوسَىٰ بِالْبَيِّنَاتِ فَاسْتَكْبَرُوا فِي الْأَرْضِ وَمَا كَانُوا سَابِقِينَ
Қорун, Фиръавн ва Ҳомонларни (ҳам ҳалок қилдик). Батаҳқиқ, Мусо уларга очиқ-ойдин ҳужжатлар келтирди. Бас, улар ер юзида мутакаббирлик қилдилар ва қочиб қутулгувчи бўлмадилар.
29:39 -
فَكُلًّا أَخَذْنَا بِذَنْبِهِ ۖ فَمِنْهُمْ مَنْ أَرْسَلْنَا عَلَيْهِ حَاصِبًا وَمِنْهُمْ مَنْ أَخَذَتْهُ الصَّيْحَةُ وَمِنْهُمْ مَنْ خَسَفْنَا بِهِ الْأَرْضَ وَمِنْهُمْ مَنْ أَغْرَقْنَا ۚ وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيَظْلِمَهُمْ وَلَٰكِنْ كَانُوا أَنْفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ
Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзилари устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга ютдирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этгувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар.
29:40 -
مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنْكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا ۖ وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنْكَبُوتِ ۖ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ
Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.)
29:41 -
إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مِنْ شَيْءٍ ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ
Албатта, Аллоҳ улар ўзидан бошқа нима нарсага дуо қилаётганларини яхши биладир. Ва У азиз ва ҳаким зотдир.
29:42 -
وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ ۖ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ
Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас. (Ҳа, Аллоҳ таоло келтираётган мисолларни ақлли кишиларгина тўла тушуниб етадилар. Ундан ўзларига ибрат оладилар. Ақлсизлар эса, бу мисолларни тушуниш ўрнига Макка мушриклари каби: «Муҳаммаднинг Робби пашша ва ўргимчакни гапириб юрибди», деб масхара қиладилар.)
29:43 -
خَلَقَ اللَّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَةً لِلْمُؤْمِنِينَ
Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ ила яратгандир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-белги бордир.
29:44
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf