Sura 2 Baqara, oyat 246 – 251

  1. أَلَمْ تَرَ إِلَى الْمَلَإِ مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ مِنْ بَعْدِ مُوسَىٰ إِذْ قَالُوا لِنَبِيٍّ لَهُمُ ابْعَثْ لَنَا مَلِكًا نُقَاتِلْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ۖ قَالَ هَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِتَالُ أَلَّا تُقَاتِلُوا ۖ قَالُوا وَمَا لَنَا أَلَّا نُقَاتِلَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَقَدْ أُخْرِجْنَا مِنْ دِيَارِنَا وَأَبْنَائِنَا ۖ فَلَمَّا كُتِبَ عَلَيْهِمُ الْقِتَالُ تَوَلَّوْا إِلَّا قَلِيلًا مِنْهُمْ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمِينَ

    Мусодан кейинги Бани Исроилдан бўлган аъёнларни билмадингми?! Вақтики ўз Набийларига: «Бизга бир подшоҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик», дедилар. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, урушмасаларингиз-чи?!» деди. Улар: «Бизга нима бўлибдики, диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо қилинсак ҳам, Аллоҳнинг йўлида урушмасак», дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгиналаридан бошқалари юз ўгириб кетдилар. Ва Аллоҳ зулм қилувчиларни билувчидир. (Мусо алайҳиссалом вафот этиб кетганларидан кейин Бани Исроилнинг аъёнлари, катталари, ишбошиларидан бир гуруҳи ўз набийлари олдига келиб: «Бизга бир подшоҳ–бошлиқ тайин қилиб бер, унинг раҳбарлигида Аллоҳнинг йўлида урушмоқчимиз», дейишди. Улар «Аллоҳнинг йўлида уруш»қилмоқчилар. Лекин қуруқ хавас билан иш битмаслигини англаб етмайдилар. Ҳозир кенгликда туриб, бир-бирингизга қизиқиб, бизга подшҳ тайин қилгин, Аллоҳнинг йўлида уруш қилайлик, демоқдалар. Ҳақиқатан шу иш йўлга қўйилса, уруш фарзга айланади ва унда орқага қайтишнинг иложи қолмайди. Ортга қайтган гуноҳкор бўлади.)

    2:246
  2. وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ اللَّهَ قَدْ بَعَثَ لَكُمْ طَالُوتَ مَلِكًا ۚ قَالُوا أَنَّىٰ يَكُونُ لَهُ الْمُلْكُ عَلَيْنَا وَنَحْنُ أَحَقُّ بِالْمُلْكِ مِنْهُ وَلَمْ يُؤْتَ سَعَةً مِنَ الْمَالِ ۚ قَالَ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاهُ عَلَيْكُمْ وَزَادَهُ بَسْطَةً فِي الْعِلْمِ وَالْجِسْمِ ۖ وَاللَّهُ يُؤْتِي مُلْكَهُ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

    Набийлари уларга: «Албатта, Аллоҳ Толутни сизга подшоҳ қилиб тайинлади», деди. Улар: «У бизга қаёқдан подшоҳ бўлсин. Ундан кўра подшоҳликка биз ҳақлироқмиз. Қолаверса, унга кўпроқ мол ҳам берилмаган» дедилар. У: «Албатта, уни Аллоҳнинг Ўзи сизларга танлади ва илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди. Аллоҳ подшоҳлигини кимга хоҳласа, ўшанга беради. Ва Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди. (Бани Исроилнинг талабига биноан, Толут уларга подшоҳ этиб тайинланганида, улар уни ризолик ила қабул қилишнинг ўрнига, Аллоҳнинг амрига исён қилишди. Аллоҳ тайин қилган Толутнинг подшоҳ бўлишини инкор этишди. Унинг подшоҳликка тайинланишини хато деб эълон қилишди.)

    2:247
  3. وَقَالَ لَهُمْ نَبِيُّهُمْ إِنَّ آيَةَ مُلْكِهِ أَنْ يَأْتِيَكُمُ التَّابُوتُ فِيهِ سَكِينَةٌ مِنْ رَبِّكُمْ وَبَقِيَّةٌ مِمَّا تَرَكَ آلُ مُوسَىٰ وَآلُ هَارُونَ تَحْمِلُهُ الْمَلَائِكَةُ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَةً لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ

    Набийлари уларга: «Албатта, унинг подшоҳлигининг белгиси, сизларга Роббингиздан тобут келмоғидир, унда хотиржамлик ва Мусо ҳамда Ҳорун аҳлидан қолган қолдиқ бўлиб, фаришталар кўтариб келур. Агар мўмин бўлсаларингиз, албатта бу нарсада сизларга белги бор», деди. (Толутнинг ҳақиқатда Аллоҳ томонидан тайин қилинган подшоҳ эканини Бани Исроилга исбот этиш учун уларга қоил қолдирадиган, одатдан ташқари, Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир мўъжиза содир этиляпти. Маълумки, Уламоларимиз ушбу ҳодисани Пайғамбарлардан қолган нарсаларни табаррук тутишга далилдир, деганлар. Пайғамбарлари, тобутни фаришталар кўтариб келиши Толутнинг подшоҳлигига белгидир, деди.)

    2:248
  4. فَلَمَّا فَصَلَ طَالُوتُ بِالْجُنُودِ قَالَ إِنَّ اللَّهَ مُبْتَلِيكُمْ بِنَهَرٍ فَمَنْ شَرِبَ مِنْهُ فَلَيْسَ مِنِّي وَمَنْ لَمْ يَطْعَمْهُ فَإِنَّهُ مِنِّي إِلَّا مَنِ اغْتَرَفَ غُرْفَةً بِيَدِهِ ۚ فَشَرِبُوا مِنْهُ إِلَّا قَلِيلًا مِنْهُمْ ۚ فَلَمَّا جَاوَزَهُ هُوَ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ قَالُوا لَا طَاقَةَ لَنَا الْيَوْمَ بِجَالُوتَ وَجُنُودِهِ ۚ قَالَ الَّذِينَ يَظُنُّونَ أَنَّهُمْ مُلَاقُو اللَّهِ كَمْ مِنْ فِئَةٍ قَلِيلَةٍ غَلَبَتْ فِئَةً كَثِيرَةً بِإِذْنِ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ مَعَ الصَّابِرِينَ

    Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар дарёдан ўтганларида улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар. (Асл нарса ўзи оз бўлади. Ҳақиқий мўминлар ҳам оз бўладилар. Чунки улар хатарли сўқмоқлардан қийинчиликларни енгиб ўтиб, мақсадга етадилар, Аллоҳ танлаган, муқарраб бандалар қаторига кирадилар. Аллоҳниг Ўзидан сабр тилаб, қўрқмай, кўп сонли ва қувватли душманнинг кўзига тик боқиб бораверадилар.)

    2:249
  5. وَلَمَّا بَرَزُوا لِجَالُوتَ وَجُنُودِهِ قَالُوا رَبَّنَا أَفْرِغْ عَلَيْنَا صَبْرًا وَثَبِّتْ أَقْدَامَنَا وَانْصُرْنَا عَلَى الْقَوْمِ الْكَافِرِينَ

    Жолут ва унинг аскарларига рўбарў келганларида: «Роббимиз, бизга сабр тўккин, бизни собитқадам қилгин ва кофир қавмларга қарши нусрат бергин», дедилар.

    2:250
  6. فَهَزَمُوهُمْ بِإِذْنِ اللَّهِ وَقَتَلَ دَاوُودُ جَالُوتَ وَآتَاهُ اللَّهُ الْمُلْكَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَهُ مِمَّا يَشَاءُ ۗ وَلَوْلَا دَفْعُ اللَّهِ النَّاسَ بَعْضَهُمْ بِبَعْضٍ لَفَسَدَتِ الْأَرْضُ وَلَٰكِنَّ اللَّهَ ذُو فَضْلٍ عَلَى الْعَالَمِينَ

    Бас, Аллоҳнинг изни билан урушда енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи (одам)ларни баъзиларига дафъ қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир. (Довуд Толут аскари ичида ёш йигит эди. Жолут эса, катта кучга эга бўлган подшоҳ, ҳамманинг қалбига даҳшат солиб турувчи аскарбоши эди. Аллоҳ таоло ушбу золим подшоҳ ва аскарбошининг ёшгина йигитча қўлида қатл бўлишини ирода қилди. Бу билан одамларга, Аллоҳ хоҳласа, ҳар қандай жаббор бўлса ҳам, бир ёш йигит унинг ўлимига сабаб бўлиши мумкинлигини кўрсатди. «Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди». Довуд Аллоҳнинг инояти билан Толутдан кейин Бани Исроилга подшоҳ бўлди. Унинг подшоҳлик даври олтин давр бўлди. Аллоҳ таоло унга подшоҳликка қўшиб ҳикматни, яъни, Пайғамбарликни ҳам берди. Шу билан бирга, унга уруш асбобларини ясашни ҳам ўргатди.)

    2:251

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf