Sura 2 Baqara, oyat 267 – 273

  1. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَنْفِقُوا مِنْ طَيِّبَاتِ مَا كَسَبْتُمْ وَمِمَّا أَخْرَجْنَا لَكُمْ مِنَ الْأَرْضِ ۖ وَلَا تَيَمَّمُوا الْخَبِيثَ مِنْهُ تُنْفِقُونَ وَلَسْتُمْ بِآخِذِيهِ إِلَّا أَنْ تُغْمِضُوا فِيهِ ۚ وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ

    Эй иймон келтирганлар! Касб қилган пок нарсаларингиздан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсаларимиздан садақа қилинглар. Нопокни қасд этиб садақа қилманг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчимассиз, магар кўз юмсангизгина оласиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ бой ва мақталган зотдир.

    2:267
  2. الشَّيْطَانُ يَعِدُكُمُ الْفَقْرَ وَيَأْمُرُكُمْ بِالْفَحْشَاءِ ۖ وَاللَّهُ يَعِدُكُمْ مَغْفِرَةً مِنْهُ وَفَضْلًا ۗ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ

    Шайтон сизга фақирликни ваъда қилади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизга ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қилади. Ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчи зотдир. (Шайтон бандаларни молингдан садақа қилсанг, фақир-камбағал бўлиб қоласан, деб қўрқитади. Ҳам кишиларни фаҳшга–ёмон гуноҳ ишларга, қизғанчиқликка, бахиллик ва молу дунёга ўч бўлишга буюради. Шайтоннинг гапига кирганлар фақирликдан қўрқиб, бахил бўлиб, Аллоҳнинг йўлида садақа қилмай юраверадилар.)

    2:268
  3. يُؤْتِي الْحِكْمَةَ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَمَنْ يُؤْتَ الْحِكْمَةَ فَقَدْ أُوتِيَ خَيْرًا كَثِيرًا ۗ وَمَا يَذَّكَّرُ إِلَّا أُولُو الْأَلْبَابِ

    У зот кимни хоҳласа, ўшанга ҳикматни беради. Кимга ҳикмат берилса, унга кўп яхшилик берилган бўлади. Фақат ақл эгаларигина эсларлар. (Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб. қоиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлишлик унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.)

    2:269
  4. وَمَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ نَفَقَةٍ أَوْ نَذَرْتُمْ مِنْ نَذْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُهُ ۗ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ

    Қилган нафақангизни ёки назрингизни Аллоҳ, албатта, билади. Золимларга ёрдамчилар йўқдир.

    2:270
  5. إِنْ تُبْدُوا الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ ۖ وَإِنْ تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاءَ فَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ ۚ وَيُكَفِّرُ عَنْكُمْ مِنْ سَيِّئَاتِكُمْ ۗ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

    Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир. (Ушбу ояти каримада садақани ошкора қилиш ҳам, махфий қилиш ҳам мақталмоқда. Бу ҳақдаги бошқа оят ва шаръий далилларни жамлаб ўрганиб чиққан уламоларимиз хулоса қилиб айтадиларки, садақа фарз бўлса, уни ошкора қилиш яхши, чунки бу ҳолда Аллоҳнинг амрига тоат ошкора кўринади ва ҳақдор бўлмаган кишиларга ҳам тушиб қолиши мумкинлиги олди олинади. Агар садақа ихтиёрий бўлса, уни махфий қилингани яхши. Риёдан ва манманликдан узоқда бўлинади. Садақанинг энг ҳақдори камбағал-фақир кишилардир. Исломда садақанинг жорий қилиниши ҳам ўша тоифанинг ҳимояси ва ёрдами учун бўлган.)

    2:271
  6. لَيْسَ عَلَيْكَ هُدَاهُمْ وَلَٰكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ ۗ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ فَلِأَنْفُسِكُمْ ۚ وَمَا تُنْفِقُونَ إِلَّا ابْتِغَاءَ وَجْهِ اللَّهِ ۚ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ يُوَفَّ إِلَيْكُمْ وَأَنْتُمْ لَا تُظْلَمُونَ

    Уларни ҳидоятга солиш сенинг зиммангда эмас. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга бошлар. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўз фойдангизга. Қилган нафақангиз, фақат Аллоҳнинг юзини исташ учундир. Нафақа қилган яхшиликларингиз ўзингизга тўлалигича қайтарилур. Сизларга зулм қилинмас.

    2:272
  7. لِلْفُقَرَاءِ الَّذِينَ أُحْصِرُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ لَا يَسْتَطِيعُونَ ضَرْبًا فِي الْأَرْضِ يَحْسَبُهُمُ الْجَاهِلُ أَغْنِيَاءَ مِنَ التَّعَفُّفِ تَعْرِفُهُمْ بِسِيمَاهُمْ لَا يَسْأَلُونَ النَّاسَ إِلْحَافًا ۗ وَمَا تُنْفِقُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ

    (Садақа ва хайру-эҳсонлар) Аллоҳнинг йўлида тутилган, ер юзида касб қилишга қодир бўлмаган, иффатлари туфайли билмаган киши уларни бой деб ўйлайдиган фақирларгадир. Уларни сиймоларидан танийсан, одамлардан хиралик қилиб сўрамаслар. Нафақа қилган яхшиликларингизни, албатта, Аллоҳ билгувчидир. (Бу тоифадаги одамлар ўзларини Аллоҳ йўлида жиҳод қилишга бағишлаган кишилардир, улар нафсларини жиҳод учун тутганлар, шу сабабдан касб қилишга ҳам имконлари йўқ. Айни чоқда, иффатлари, уятлари кучли бўлганидан ўзларининг ҳожатманд эканликларини яшириб юрадилар. Асл ҳолни билмаган одам уларни сиртларидан кўриб бой деб ўйлайди. Нафақани худди ана ўшаларга қилиш керак. Улар ўзлари асл ҳолларини беркитсалар, одамлардан хиралик билан тиланмасалар, қандай қилиб топамиз уларни? «Уларни сиймоларидан танийсан».)

    2:273

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf