Sura 2 Baqara
-
وَمِنْهُمْ مَنْ يَقُولُ رَبَّنَا آتِنَا فِي الدُّنْيَا حَسَنَةً وَفِي الْآخِرَةِ حَسَنَةً وَقِنَا عَذَابَ النَّارِ
Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дейди."
2:201 -
أُولَٰئِكَ لَهُمْ نَصِيبٌ مِمَّا كَسَبُوا ۚ وَاللَّهُ سَرِيعُ الْحِسَابِ
Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир.
2:202 -
وَاذْكُرُوا اللَّهَ فِي أَيَّامٍ مَعْدُودَاتٍ ۚ فَمَنْ تَعَجَّلَ فِي يَوْمَيْنِ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ وَمَنْ تَأَخَّرَ فَلَا إِثْمَ عَلَيْهِ ۚ لِمَنِ اتَّقَىٰ ۗ وَاتَّقُوا اللَّهَ وَاعْلَمُوا أَنَّكُمْ إِلَيْهِ تُحْشَرُونَ
Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва, билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз. (Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Арафа, қурбонлик ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрами–емоқ, ичмоқ кунларидир», деганлар. Шундан чиқадики, арафа ва қурбон ҳайити кунлари ташриқ кунлари қаторига кирмайди. Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни, ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. Икрима розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг», дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин, «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар», деб такбир айтинг, деганидир».)
2:203 -
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يُعْجِبُكَ قَوْلُهُ فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيُشْهِدُ اللَّهَ عَلَىٰ مَا فِي قَلْبِهِ وَهُوَ أَلَدُّ الْخِصَامِ
Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир.
2:204 -
وَإِذَا تَوَلَّىٰ سَعَىٰ فِي الْأَرْضِ لِيُفْسِدَ فِيهَا وَيُهْلِكَ الْحَرْثَ وَالنَّسْلَ ۗ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ الْفَسَادَ
Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва насилни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас.
2:205 -
وَإِذَا قِيلَ لَهُ اتَّقِ اللَّهَ أَخَذَتْهُ الْعِزَّةُ بِالْإِثْمِ ۚ فَحَسْبُهُ جَهَنَّمُ ۚ وَلَبِئْسَ الْمِهَادُ
Агар унга, Аллоҳдан қўрқгин, дейилса, уни кибру ҳавоси гуноҳга етаклайди. Жаҳаннам унга етарлидир. У қандай ҳам ёмон ўрин-а?
2:206 -
وَمِنَ النَّاسِ مَنْ يَشْرِي نَفْسَهُ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ رَءُوفٌ بِالْعِبَادِ
Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир. (Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади–Аллоҳнинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди.)
2:207 -
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ ۚ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ
Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг. Ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ душмандир.
2:208 -
فَإِنْ زَلَلْتُمْ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَتْكُمُ الْبَيِّنَاتُ فَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Агар очиқ баёнотлар келгандан кейин ҳам тойилсангиз, билингки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматлидир.
2:209 -
هَلْ يَنْظُرُونَ إِلَّا أَنْ يَأْتِيَهُمُ اللَّهُ فِي ظُلَلٍ مِنَ الْغَمَامِ وَالْمَلَائِكَةُ وَقُضِيَ الْأَمْرُ ۚ وَإِلَى اللَّهِ تُرْجَعُ الْأُمُورُ
Улар Аллоҳ ва фаришталар сояли булутларда келиши ҳамда ишнинг тугашидан бошқага интизор бўлмаяптилар шекилли?! Ва барча ишлар Аллоҳга қайтажак. (Очиқ-ойдин баёнотлар, ҳужжат ва далиллар келгандан кейин ҳам Исломга юрмай, шайтоннинг изидан юришларидан улар худди қиёматни интизор бўлиб кутаётганга ўхшайди. Иш тугаб, ҳамма нарса охирига етадиган кунни кутаётганга ўхшайди. Бўлмаса, ҳамма нарса аниқ бўлган бўлса ҳам, нима учун Исломга кирмай турибдилар? Нима уларнинг йўлини тўсяпти? Улар билиб қўйсинларки, «барча ишлар Аллоҳга қайтажак».)
2:210 -
سَلْ بَنِي إِسْرَائِيلَ كَمْ آتَيْنَاهُمْ مِنْ آيَةٍ بَيِّنَةٍ ۗ وَمَنْ يُبَدِّلْ نِعْمَةَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَتْهُ فَإِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
Бани Исроилдан уларга қанча оятларни берганимизни сўра. Кимки ўзига келган Аллоҳнинг неъматини ўзгартирса, бас, албатта, Аллоҳ иқоби қаттиқ зотдир.
2:211 -
زُيِّنَ لِلَّذِينَ كَفَرُوا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا وَيَسْخَرُونَ مِنَ الَّذِينَ آمَنُوا ۘ وَالَّذِينَ اتَّقَوْا فَوْقَهُمْ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۗ وَاللَّهُ يَرْزُقُ مَنْ يَشَاءُ بِغَيْرِ حِسَابٍ
Куфр келтирганларга бу дунё ҳаёти зийнатланди ва улар иймон келтирганларни масхара қиладилар. Ва ҳолбуки, қиёмат куни тақво қилганлар улардан устундир. Аллоҳ кимни хоҳласа, беҳисоб ризқ беради. (Кофирларнинг Аллоҳ йўлига юрмасликларининг сабаби дунё ҳаётининг зийнатидир. Уларнинг бирдан бир мақсади, фикри-зикри ва орзу-умиди–шу беш кунлик дунёнинг ҳой-ҳаваси, зийнатидир. Кофирлар ҳаётнинг маъносини шунда, деб тушунадилар. Иймонсиз бўлганлари учун ҳайвоний тасаввур ва чегарадан ташқарига чиқа олмайдилар. Мўмин киши учун эса, бу дунёнинг зийнати ҳақир ва аҳамиятсиз нарса ҳисобланади. Улар дунё ҳой-ҳавасига ўч бўлишни ўзларига ор ҳисоблайдилар. Ҳақиқий ҳаёт–охират ҳаёти келган чоқда эса, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади. Ўшанда, яъни, қиёмат кунида мўминлар, тақво қилганлар кофирлардан устун бўладилар. Ризқи рўзга келадиган бўлсак, уни Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, беҳисоб беради. Ризқ берувчи Унинг Ўзи. Мўминга ҳам, кофирга ҳам бераверади.)
2:212 -
كَانَ النَّاسُ أُمَّةً وَاحِدَةً فَبَعَثَ اللَّهُ النَّبِيِّينَ مُبَشِّرِينَ وَمُنْذِرِينَ وَأَنْزَلَ مَعَهُمُ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِيَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ فِيمَا اخْتَلَفُوا فِيهِ ۚ وَمَا اخْتَلَفَ فِيهِ إِلَّا الَّذِينَ أُوتُوهُ مِنْ بَعْدِ مَا جَاءَتْهُمُ الْبَيِّنَاتُ بَغْيًا بَيْنَهُمْ ۖ فَهَدَى اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا لِمَا اخْتَلَفُوا فِيهِ مِنَ الْحَقِّ بِإِذْنِهِ ۗ وَاللَّهُ يَهْدِي مَنْ يَشَاءُ إِلَىٰ صِرَاطٍ مُسْتَقِيمٍ
Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи Набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида, улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди. У тўғрисида ихтилофни очиқ ҳужжатлар келгандан сўнг, кимга берилган бўлса, ўшаларгина ҳаддан ошиб қилдилар. Иймон келтирганларни ҳақ тўғрисида ихтилоф қилган нарсаларида Аллоҳ Ўз изни ила ҳидоятга солади. Аллоҳ кимни хоҳласа, тўғри йўлга бошлайди. (Аллоҳ ирода қилган тўғри йўл Исломга тўлиғича кириш билан бўлади. Буни амалга ошириш учун шайтоннинг изидан юрганлар, ҳасад, тамаъ, ҳирс ва ҳавою нафс туфайли ҳақ китоб тўғрисида ихтилофга тушганлар билан бўладиган тўқнашувларда ғолиб келиш керак. Улардан бўладиган зулм ва душманликларга чидаш керак.)
2:213 -
أَمْ حَسِبْتُمْ أَنْ تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ وَلَمَّا يَأْتِكُمْ مَثَلُ الَّذِينَ خَلَوْا مِنْ قَبْلِكُمْ ۖ مَسَّتْهُمُ الْبَأْسَاءُ وَالضَّرَّاءُ وَزُلْزِلُوا حَتَّىٰ يَقُولَ الرَّسُولُ وَالَّذِينَ آمَنُوا مَعَهُ مَتَىٰ نَصْرُ اللَّهِ ۗ أَلَا إِنَّ نَصْرَ اللَّهِ قَرِيبٌ
Сиздан аввал ўтганларга келганга ўхшаш нарса сизларга келмасдан туриб, жаннатга кирамиз, деб ўйладингизми? Уларни бало ва мусибатлар тутган ва ларзага туширилганлар. Ҳаттоки, Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар: «Аллоҳнинг нусрати қачон бўлади?» деганлар. Огоҳ бўлинглар, албатта, Аллоҳнинг нусрати яқиндир. (Демак, жаннатга кириш осон эмас, иймон, Исломни оғизда эълон қилиб қўйиш билангина бўлавермайди. Жаннатга киришнинг бир шарти–аввалги умматлардан унга киришга ҳақдор бўлганларга юборилган оғир синовларни бошдан ўтказиш зарур.)
2:214 -
يَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ ۖ قُلْ مَا أَنْفَقْتُمْ مِنْ خَيْرٍ فَلِلْوَالِدَيْنِ وَالْأَقْرَبِينَ وَالْيَتَامَىٰ وَالْمَسَاكِينِ وَابْنِ السَّبِيلِ ۗ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ فَإِنَّ اللَّهَ بِهِ عَلِيمٌ
Сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Нафақа қилган яхшилигингиздан ота-оналарга, яқин кишиларга, етимларга, мискинларга ва ватангадоларга бўлсин. Қандай яхшилик қилган бўлсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир», деб айт.
2:215 -
كُتِبَ عَلَيْكُمُ الْقِتَالُ وَهُوَ كُرْهٌ لَكُمْ ۖ وَعَسَىٰ أَنْ تَكْرَهُوا شَيْئًا وَهُوَ خَيْرٌ لَكُمْ ۖ وَعَسَىٰ أَنْ تُحِبُّوا شَيْئًا وَهُوَ شَرٌّ لَكُمْ ۗ وَاللَّهُ يَعْلَمُ وَأَنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
Сизга ёқмаса ҳам, жанг қилишингиз фарз қилинди. Шоядки ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ билади, сиз билмайсиз. (Аллоҳ таоло бандаларининг ҳамма ҳолатларини яхши билади. Уларнинг жангни ёқтирмасликларини ҳам билади. Инсоннинг табиати шундоқ: машаққатни, қийинчиликни ёқтирмайди. Лекин Ислом одамларга ёқадиган нарсаларни эмас, балки уларга фойда, икки дунёда бахт–саодат келтирадиган амалларни таклиф қилади. Инсонга ёқмайдиган жанг, нафақа каби нарсалар аслида ўзи учун яхши бўлади. Шунингдек, урушга бормай уйда ўтириши каби ўзига яхши кўринган нарсалар аслида унинг учун ёмонлик бўлиши мумкин. Бундай ишларнинг оқибатини Аллоҳ билади, банда билмайди.)
2:216 -
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الشَّهْرِ الْحَرَامِ قِتَالٍ فِيهِ ۖ قُلْ قِتَالٌ فِيهِ كَبِيرٌ ۖ وَصَدٌّ عَنْ سَبِيلِ اللَّهِ وَكُفْرٌ بِهِ وَالْمَسْجِدِ الْحَرَامِ وَإِخْرَاجُ أَهْلِهِ مِنْهُ أَكْبَرُ عِنْدَ اللَّهِ ۚ وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ ۗ وَلَا يَزَالُونَ يُقَاتِلُونَكُمْ حَتَّىٰ يَرُدُّوكُمْ عَنْ دِينِكُمْ إِنِ اسْتَطَاعُوا ۚ وَمَنْ يَرْتَدِدْ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَيَمُتْ وَهُوَ كَافِرٌ فَأُولَٰئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ۖ وَأُولَٰئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрайдилар. Сен: «Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан чиқариш Аллоҳнинг ҳузурида энг катта гуноҳдир. Фитна ўлдиришдан каттароқдир», деб айт. Улар агар қодир бўлсалар, сизларни динингиздан қайтаргунларича сизга қарши уруш қилаверадилар. Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолгувчилардир.
2:217 -
إِنَّ الَّذِينَ آمَنُوا وَالَّذِينَ هَاجَرُوا وَجَاهَدُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ أُولَٰئِكَ يَرْجُونَ رَحْمَتَ اللَّهِ ۚ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилганлар–ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир. (Ҳукм умумий: ким бўлишидан қатъий назар, иймон келтирса. мўминлик сифатига эришса, динию диёнатини сақлаб қолиш ниятида ҳижрат қилса, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилса, улар Аллоҳнинг раҳматидан умид қиладилар. Аллоҳнинг раҳмати уларга бўлмаса, кимга бўлар эди!)
2:218 -
يَسْأَلُونَكَ عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ ۖ قُلْ فِيهِمَا إِثْمٌ كَبِيرٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَإِثْمُهُمَا أَكْبَرُ مِنْ نَفْعِهِمَا ۗ وَيَسْأَلُونَكَ مَاذَا يُنْفِقُونَ قُلِ الْعَفْوَ ۗ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَتَفَكَّرُونَ
Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт. Ва сендан нимани нафақа қилишни сўрарлар. Сен: «Ортиқчасини», деб айт. Аллоҳ шундоқ қилиб сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки тафаккур қилсангиз. (Оятдаги «хамр» сўзини ичкилик, ароқ ёки вино деб таржима қилмадик. Чунки «хамр» сўзи умумий бўлиб, истеъмол қилган кишининг ақлини тўсувчи, яъни, бир оз бўлса-да таъсир ўтказувчи барча нарсага айтилади. Бунинг ичига наша, қорадори, кўкнори ва бошқалар ҳам киради. Дунёда адолат ўрнатиш, ер юзида Аллоҳнинг халифаси бўлиш вазифаси юклатилган шахс ароқхўр ёки қиморбоз ва молини ноўрин сарфлайдиган бўлиши мумкинми? Албатта, йўқ. Ҳолбуки, хамр ичиш, қимор ўйнаш ва ноўрин нафақа қилиш ҳоллари жоҳилият вақтида кишилар ҳаётига сингиб кетган эди. Хамрсиз ҳаётни тасаввур қила олмас эдилар.)
2:219 -
فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ ۗ وَيَسْأَلُونَكَ عَنِ الْيَتَامَىٰ ۖ قُلْ إِصْلَاحٌ لَهُمْ خَيْرٌ ۖ وَإِنْ تُخَالِطُوهُمْ فَإِخْوَانُكُمْ ۚ وَاللَّهُ يَعْلَمُ الْمُفْسِدَ مِنَ الْمُصْلِحِ ۚ وَلَوْ شَاءَ اللَّهُ لَأَعْنَتَكُمْ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Бу дунё ва охират ҳақида. Сендан етимлар ҳақида сўрарлар. Сен: «Уларга ислоҳ қилиш яхшидир», деб айт. Агар уларнинг (молларини) аралаштириб юборсангиз, бас, биродарларингиз. Аллоҳ бузғунчини ҳам, ислоҳчини ҳам билади. Агар хоҳласа, Аллоҳ сизларни қийинчиликка соларди. Албатта, Аллоҳ азиз ва ҳикматли зотдир. (Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтишларича, етимларни ўз кафолатига олган кишилар, етимларнинг ҳаққини еб қўймайлик, деб уларнинг овқатларини ҳам, ичимликларини ҳам алоҳида қилиб қўйишган экан. Ҳатто етимдан бирор овқат ортиб қолса, ўзи емаса, бузилиб кетса ҳам, биров емайдиган бўлибди. Бундай қийин ҳолни Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга зикр қилишганида, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар», оятини нозил қилган экан.)
2:220
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf