Sura 34 Saba', oyat 22 – 30

  1. قُلِ ادْعُوا الَّذِينَ زَعَمْتُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ ۖ لَا يَمْلِكُونَ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ فِي السَّمَاوَاتِ وَلَا فِي الْأَرْضِ وَمَا لَهُمْ فِيهِمَا مِنْ شِرْكٍ وَمَا لَهُ مِنْهُمْ مِنْ ظَهِيرٍ

    Сен: «Аллоҳдан ўзга гумон қилган (илоҳларингизга) дуо қилаверинглар-чи?! Улар осмонлару ерда зарра вазнича нарсага молик эмаслар. Уларга бу(икки)ларида шериклик ҳам йўқ. Ва У зотга улардан бирорта ёрдамчи ҳам йўқ«, деб айт.

    34:22
  2. وَلَا تَنْفَعُ الشَّفَاعَةُ عِنْدَهُ إِلَّا لِمَنْ أَذِنَ لَهُ ۚ حَتَّىٰ إِذَا فُزِّعَ عَنْ قُلُوبِهِمْ قَالُوا مَاذَا قَالَ رَبُّكُمْ ۖ قَالُوا الْحَقَّ ۖ وَهُوَ الْعَلِيُّ الْكَبِيرُ

    У зотнинг ҳузурида фақат Ўзи изн берганлардан бошқанинг шафоати манфаат бермас. Токи қалбларидан қўрқинч кетгач: «Роббингиз нима деди?» дерлар. «Ҳақни», дерлар. У олий ва буюк зотдир. (Қиёмат куни ҳамма ўзи билан овора бўлади. Ҳатто, улуғ Пайғамбарлар ҳам, фаришталар ҳам бирор нарса дейишга тортиниб қоладилар. Бировга шафоатчилик борасида оғиз оча олмайдилар. Шафоат қилишга Аллоҳ таолонинг ўзи изн бериб, шароит яратиб бермагунча қўрқинч ичида чурқ этмай турадилар.)

    34:23
  3. قُلْ مَنْ يَرْزُقُكُمْ مِنَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ قُلِ اللَّهُ ۖ وَإِنَّا أَوْ إِيَّاكُمْ لَعَلَىٰ هُدًى أَوْ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

    Сен: «Сизга осмонлару ердан ким ризқ берур?» деб айт. «Аллоҳ. Албатта, биз ёки сиз ҳидоятда ёхуд очиқ-ойдин залолатдадирмиз».

    34:24
  4. قُلْ لَا تُسْأَلُونَ عَمَّا أَجْرَمْنَا وَلَا نُسْأَلُ عَمَّا تَعْمَلُونَ

    Сен: «Сизлар биз қилган жиноятдан сўралмассиз, биз эса сиз қилган амалдан сўралмасмиз», деб айт.

    34:25
  5. قُلْ يَجْمَعُ بَيْنَنَا رَبُّنَا ثُمَّ يَفْتَحُ بَيْنَنَا بِالْحَقِّ وَهُوَ الْفَتَّاحُ الْعَلِيمُ

    Сен: «Роббимиз бизларни жамлар, сўнгра ҳақ ила орамизни очиқ қилур. У ўта очгувчи ва ўта билгувчидир», деб айт.

    34:26
  6. قُلْ أَرُونِيَ الَّذِينَ أَلْحَقْتُمْ بِهِ شُرَكَاءَ ۖ كَلَّا ۚ بَلْ هُوَ اللَّهُ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

    Сен: «У зотга шериклар қилиб тиқиштирганларингизни менга кўрсатинг. Йўқ! Фақат азиз ва ҳаким бўлган Аллоҳгина бордир», деб айт.

    34:27
  7. وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا كَافَّةً لِلنَّاسِ بَشِيرًا وَنَذِيرًا وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ

    Биз сени барча одамларга фақат хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.

    34:28
  8. وَيَقُولُونَ مَتَىٰ هَٰذَا الْوَعْدُ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ

    Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар. (Кофирлар, эй Пайғамбар, эй мўминлар, агар сизлар бизни қўрқитиб, албатта қиёмат бўлади, деб бераётган ваъдангизда ростгўй бўлсангиз, айтинг-чи, бу ваъда қачон рўёбга чиқади, дейдилар.)

    34:29
  9. قُلْ لَكُمْ مِيعَادُ يَوْمٍ لَا تَسْتَأْخِرُونَ عَنْهُ سَاعَةً وَلَا تَسْتَقْدِمُونَ

    Сен: «Сизга бир куннинг ваъдаси бор. Ундан бир он ортга ҳам қола олмассиз, олдин ҳам кета олмассиз», деб айт. (Сизга ваъда қилинган кун қиёмат кунидир. Унинг ваъдаси бор. У ваъда албатта амалга ошади. Ундан сиз қочиб қутила олмайсиз. Бир онки, уни ортга ҳам, олдга ҳам сура билмайсиз. У айни берилган вақтида бўлади.)

    34:30

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf