Sura 35 Fotir, oyat 15 – 26

  1. يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَنْتُمُ الْفُقَرَاءُ إِلَى اللَّهِ ۖ وَاللَّهُ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ

    Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ эса, Ўзи беҳожат ва мақталган зотдир.

    35:15
  2. إِنْ يَشَأْ يُذْهِبْكُمْ وَيَأْتِ بِخَلْقٍ جَدِيدٍ

    Агар У зот хоҳласа, сизни кетказиб, янги бир халқни келтирур.

    35:16
  3. وَمَا ذَٰلِكَ عَلَى اللَّهِ بِعَزِيزٍ

    Ва бу Аллоҳ учун қийин эмас.

    35:17
  4. وَلَا تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَىٰ ۚ وَإِنْ تَدْعُ مُثْقَلَةٌ إِلَىٰ حِمْلِهَا لَا يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْءٌ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَىٰ ۗ إِنَّمَا تُنْذِرُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ بِالْغَيْبِ وَأَقَامُوا الصَّلَاةَ ۚ وَمَنْ تَزَكَّىٰ فَإِنَّمَا يَتَزَكَّىٰ لِنَفْسِهِ ۚ وَإِلَى اللَّهِ الْمَصِيرُ

    Ўзи юкли жон ўзга жоннинг юкини кўтара олмас. Юки оғир жон ўз юкига (бошқани) чақирса-да, ундан ҳеч бир нарса кўтарилмас. Гарчи (чақирилган) қариндош бўлса ҳам. Сен фақат ғайбдаги Роббиларидан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этганларни огоҳлантирурсан. Ким покланса, Ўзи учун покланур. Қайтиш Аллоҳгадир. (Қиёмат кунида гуноҳи кўп жон уни енгиллатиш мақсадида энг яқин қариндошини ёрдамга чақирса ҳам, унинг гуноҳидан бирор нарса кўтарилмайди. Чунки яқин қариндошнинг ўзи юкини кўтара олмай хуноб бўлаётган бўлади. Кофир ҳам, мўмин ҳам фақат Аллоҳга қайтади. Бошқага эмас. Ана ўшанда Аллоҳ таоло ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Кофир ва осий жазосини, мўмин-мусулмон мукофотини олади.)

    35:18
  5. وَمَا يَسْتَوِي الْأَعْمَىٰ وَالْبَصِيرُ

    Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлмас.

    35:19
  6. وَلَا الظُّلُمَاتُ وَلَا النُّورُ

    Зулумотлар билан нур ҳам.

    35:20
  7. وَلَا الظِّلُّ وَلَا الْحَرُورُ

    Соя билан жазирама ҳам.

    35:21
  8. وَمَا يَسْتَوِي الْأَحْيَاءُ وَلَا الْأَمْوَاتُ ۚ إِنَّ اللَّهَ يُسْمِعُ مَنْ يَشَاءُ ۖ وَمَا أَنْتَ بِمُسْمِعٍ مَنْ فِي الْقُبُورِ

    Тириклар билан ўликлар тенг бўлмас. Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсага эшиттирур. Сен қабрлардаги кимсаларга эшиттиргувчи эмассан. (Иймон ҳаётдир. Куфр ўлимдир. Мўминлар тириклардир, кофирлар ўликлардир. Тириклар билан ўликлар тенг бўлмаганидек, мўминлар билан кофирлар ҳам тенг бўлмайдилар.)

    35:22
  9. إِنْ أَنْتَ إِلَّا نَذِيرٌ

    Сен фақат огоҳлантиргувчисан, холос.

    35:23
  10. إِنَّا أَرْسَلْنَاكَ بِالْحَقِّ بَشِيرًا وَنَذِيرًا ۚ وَإِنْ مِنْ أُمَّةٍ إِلَّا خَلَا فِيهَا نَذِيرٌ

    Албатта, Биз сени ҳақ ила хушхабарчи ва огоҳлантиргувчи этиб юбордик. Қайси бир умматки бўлса, унда огоҳлантиргувчи бўлган. (Эй Пайғамбар, албатта, Биз сени ҳақ дин ва ҳақ китоб ила мўминларга хушхабарчи, кофирларга огоҳлантирувчи–қўрқитувчи қилиб юбордик. Сенинг Пайғамбар бўлишинг ажабланарли иш эмас, янгилик ҳам эмас.)

    35:24
  11. وَإِنْ يُكَذِّبُوكَ فَقَدْ كَذَّبَ الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ جَاءَتْهُمْ رُسُلُهُمْ بِالْبَيِّنَاتِ وَبِالزُّبُرِ وَبِالْكِتَابِ الْمُنِيرِ

    Агар сени ёлғончи қилсалар, бас, батаҳқиқ, улардан олдин ўтганлар ҳам ёлғончи қилганлар. Ҳолбуки, Пайғамбарлари уларга равшан мўъжизалар, саҳифалар ва нурли китоб келтирган эдилар. (Сени ҳам, ўтган Пайғамбарларни ҳам инкор этишга кофирларнинг ҳақлари йўқ эди. Ўша Пайғамбарлар ўзларининг ҳақ Пайғамбар эканликлари тасдиғи сифатида Аллоҳ томонидан равшан, очиқ-ойдин мўъжизалар кўрсатган эдилар. Баъзилари илоҳий китоб даражасига етмаган саҳифалар, баъзилари нурли китоб келтирган эди.)

    35:25
  12. ثُمَّ أَخَذْتُ الَّذِينَ كَفَرُوا ۖ فَكَيْفَ كَانَ نَكِيرِ

    Сўнгра куфр келтирганларни тутдим. Бас, Менинг инкорим қандоқ бўлди?!

    35:26

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf