Sura 35 Fotir, oyat 8 – 14

  1. أَفَمَنْ زُيِّنَ لَهُ سُوءُ عَمَلِهِ فَرَآهُ حَسَنًا ۖ فَإِنَّ اللَّهَ يُضِلُّ مَنْ يَشَاءُ وَيَهْدِي مَنْ يَشَاءُ ۖ فَلَا تَذْهَبْ نَفْسُكَ عَلَيْهِمْ حَسَرَاتٍ ۚ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

    Ахир, қилган ёмон амали ўзига зийнатлаб кўрсатилиб, уни гўзал деб билган одам?! Албатта, Аллоҳ хоҳлаган кимсани залолатга кетказур, хоҳлаган кимсани ҳидоятга солур. Бас, уларга жонинг ҳасрат-ла ачинмасин. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини яхши билгувчидир. (Шайтоннинг малайига айланган одамга ўзининг ҳар бир ёмон иши зийнатли кўринади. У ўзидан ўзи ажабланиб, қилган иши ўзига зўр кўринган сари ҳаддан ошиб бораверади.)

    35:8
  2. وَاللَّهُ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ فَتُثِيرُ سَحَابًا فَسُقْنَاهُ إِلَىٰ بَلَدٍ مَيِّتٍ فَأَحْيَيْنَا بِهِ الْأَرْضَ بَعْدَ مَوْتِهَا ۚ كَذَٰلِكَ النُّشُورُ

    Аллоҳ шамолларни юборган зотдир. Бас, улар булутни қўзғатур. Биз уни ўлик юрт томон ҳайдаб, у билан ерни ўлиб ётганидан кейин тирилтирамиз. Тирилиш ҳам шунга ўхшашдир.

    35:9
  3. مَنْ كَانَ يُرِيدُ الْعِزَّةَ فَلِلَّهِ الْعِزَّةُ جَمِيعًا ۚ إِلَيْهِ يَصْعَدُ الْكَلِمُ الطَّيِّبُ وَالْعَمَلُ الصَّالِحُ يَرْفَعُهُ ۚ وَالَّذِينَ يَمْكُرُونَ السَّيِّئَاتِ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ ۖ وَمَكْرُ أُولَٰئِكَ هُوَ يَبُورُ

    Кимки иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир. Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни. Макр ила ёмонликлар қилганларга шиддатли азоб бордир. Ана ўшаларнинг макри ботил бўлур. (Хуш калом–калимаи шаҳодат, «алҳамдулиллоҳ», «субҳаналлоҳи», «Аллоҳу Акбар» ва зикр, дуо, тиловат ҳамда барча яхши гап-сўзлардир. Ана ўша хуш каломгина Аллоҳ таолонинг ҳузурига кўтарилади.)

    35:10
  4. وَاللَّهُ خَلَقَكُمْ مِنْ تُرَابٍ ثُمَّ مِنْ نُطْفَةٍ ثُمَّ جَعَلَكُمْ أَزْوَاجًا ۚ وَمَا تَحْمِلُ مِنْ أُنْثَىٰ وَلَا تَضَعُ إِلَّا بِعِلْمِهِ ۚ وَمَا يُعَمَّرُ مِنْ مُعَمَّرٍ وَلَا يُنْقَصُ مِنْ عُمُرِهِ إِلَّا فِي كِتَابٍ ۚ إِنَّ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ

    Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди. Қайси бир урғочи нимага ҳомиладор бўлса, нимани туғса, фақат Унинг илми билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчига умр берилиши ёки унинг умрининг қисқартилиши албатта китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳга осондир. (Жон, ҳаёт деб номланган бу нарсанинг асли қандай, моҳияти нима, билиб бўлмайди. Буни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ушбу ҳақиқатни инсоф билан тааммул қилган ҳар бир инсон Аллоҳга иймон келтириши керак.)

    35:11
  5. وَمَا يَسْتَوِي الْبَحْرَانِ هَٰذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ سَائِغٌ شَرَابُهُ وَهَٰذَا مِلْحٌ أُجَاجٌ ۖ وَمِنْ كُلٍّ تَأْكُلُونَ لَحْمًا طَرِيًّا وَتَسْتَخْرِجُونَ حِلْيَةً تَلْبَسُونَهَا ۖ وَتَرَى الْفُلْكَ فِيهِ مَوَاخِرَ لِتَبْتَغُوا مِنْ فَضْلِهِ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

    Дарё-денгиз иккиси тенг бўла олмас. Буниси тотли, чанқоқ босар, ичиш осондир. Буниси эса шўр, тахирдир. Сиз ҳар биридан тоза гўшт ейсиз ва тақинчоқ чиқариб тақурсиз. Ва Унинг фазлидан талаб қилишингиз учун у(сув)ни ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шоядки, шукр қилсангиз. (Аллоҳнинг қудратини сув оламида ҳам яққол кўрса бўлади. Дарё-денгизларда Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи кўплаб оят-белгилар бўлиши турган гап. Албатта, денгиз ва дарёлар, улардаги тоза гўшт, тақинчоқ ва бошқа неъматлар, улар узра кема билан сузиб тижорат ва бошқа мақсадлар йўлида фойдаланиш инсон учун Аллоҳнинг улуғ неъмати бўлиб, уларга шукр қилиш лозим. Иймонсиз эса, ношукр бўлади.)

    35:12
  6. يُولِجُ اللَّيْلَ فِي النَّهَارِ وَيُولِجُ النَّهَارَ فِي اللَّيْلِ وَسَخَّرَ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ كُلٌّ يَجْرِي لِأَجَلٍ مُسَمًّى ۚ ذَٰلِكُمُ اللَّهُ رَبُّكُمْ لَهُ الْمُلْكُ ۚ وَالَّذِينَ تَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مَا يَمْلِكُونَ مِنْ قِطْمِيرٍ

    У зот кечани кундузга, кундузни кечага киритур, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйгандир. Ҳар бири белгиланган муддатгача юрадир. Ана шу Аллоҳ–Роббингиздир. Мулк Уникидир. Ундан ўзга илтижо қилаётганларингиз эса, данак пўстлоғига ҳам молик эмаслар. (Арабларда ҳеч нарсага арзимас ва қадрсиз нарсани хурмо данаги устидаги ўта юпқа пўстлоққа ўхшатиш одати бор. Қуръони Карим ҳам оятларни илк қабул қилиб олаётган шу халқнинг зеҳнига осон ўрнаштириш учун мазкур ўхшатишдан фойдаланиб, мушриклар ўзларича ибодат этиб юрган сохта худолари ўша хақир пўстлоқча нарсага ҳам молик эмасликларини таъкидламоқда. Улар ҳеч нарсага эга эмаслар, уларнинг ҳукми ҳеч жойда ўтмайди, дейилмоқда.)

    35:13
  7. إِنْ تَدْعُوهُمْ لَا يَسْمَعُوا دُعَاءَكُمْ وَلَوْ سَمِعُوا مَا اسْتَجَابُوا لَكُمْ ۖ وَيَوْمَ الْقِيَامَةِ يَكْفُرُونَ بِشِرْكِكُمْ ۚ وَلَا يُنَبِّئُكَ مِثْلُ خَبِيرٍ

    Агар уларга дуо қилсангиз, дуоингизни эшитмаслар. Гап эшитсалар ҳам, сизга жавоб бера олмаслар. Қиёмат куни эса, сизнинг уларни ширк келтирганингизни инкор этурлар. Ўта хабардор зотдек ҳеч ким сенга хабар бера олмас.

    35:14

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf