Sura 36 Yasin, oyat 33 – 50
-
وَآيَةٌ لَهُمُ الْأَرْضُ الْمَيْتَةُ أَحْيَيْنَاهَا وَأَخْرَجْنَا مِنْهَا حَبًّا فَمِنْهُ يَأْكُلُونَ
Улар учун ўлик ер оят-белгидир. Биз уни тирилтирдик ва ундан дон чиқардик. Бас, ундан ерлар.
36:33 -
وَجَعَلْنَا فِيهَا جَنَّاتٍ مِنْ نَخِيلٍ وَأَعْنَابٍ وَفَجَّرْنَا فِيهَا مِنَ الْعُيُونِ
Ва унда хурмо ва узум боғлари яратдик ҳамда ичидан булоқларни чиқардик.
36:34 -
لِيَأْكُلُوا مِنْ ثَمَرِهِ وَمَا عَمِلَتْهُ أَيْدِيهِمْ ۖ أَفَلَا يَشْكُرُونَ
Унинг меваларидан ва ўз қўллари қилган нарсалардан ейишлари учун. Шукр қилмайдиларми?!
36:35 -
سُبْحَانَ الَّذِي خَلَقَ الْأَزْوَاجَ كُلَّهَا مِمَّا تُنْبِتُ الْأَرْضُ وَمِنْ أَنْفُسِهِمْ وَمِمَّا لَا يَعْلَمُونَ
Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган зот пок бўлди. (Ўсимлик дунёсидан саналувчи барча мавжудотлар жуфт қилиб яратилгани илмга яқинда маълум бўлди. Ҳозирги замон илмининг бу кашфиёти Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини яна бир бор тасдиқлади.)
36:36 -
وَآيَةٌ لَهُمُ اللَّيْلُ نَسْلَخُ مِنْهُ النَّهَارَ فَإِذَا هُمْ مُظْلِمُونَ
Улар учун кечаси ҳам оят-белгидир. Биз уни кундуздан шилиб оламиз. Бас, улар бирдан зулматда қолгувчилардир. (Кечанинг кириш терини шилиб олишга ўхшатилмоқда. Тери аста-аста шилиб олинганидек, кундуз ҳам ундан ажратиб олинади.)
36:37 -
وَالشَّمْسُ تَجْرِي لِمُسْتَقَرٍّ لَهَا ۚ ذَٰلِكَ تَقْدِيرُ الْعَزِيزِ الْعَلِيمِ
Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир. (Оятда қуёшнинг ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши–ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда.)
36:38 -
وَالْقَمَرَ قَدَّرْنَاهُ مَنَازِلَ حَتَّىٰ عَادَ كَالْعُرْجُونِ الْقَدِيمِ
Ойни эса, токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз. (Ой ҳам, қуёш ҳам думалоқ шаклдаги самовий жисмдир. Инсоннинг кўзига қуёш доим бир хил суратда кўринади. Лекин ой бир ой давомида йигирма саккиз шаклга киради. Аввал кичик ҳилол бўлиб кўринади. Кундан-кунга катталашиб, тўлин баркашга айланади. Кейин яна аста-секин ҳилол ҳолига қайтади. Чунки Аллоҳ таоло ой учун йигирма саккиз манзилни бичиб қўйган. Ҳар куни ҳар хил манзилдан чиқади, ҳар куни ҳар хил ҳажмда кўринади.)
36:39 -
لَا الشَّمْسُ يَنْبَغِي لَهَا أَنْ تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ ۚ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ
На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар. (Ҳеч қачон қуёш ойга етиб олиб, бемаҳалда бош кўтариб қолиши мумкин эмас. Улардан ҳар бири Аллоҳ белгилаган вақтдагина чиқади. Бу, низом ҳатто дақиқаларигача аниқдир. Ундан кеч ҳам қолмайди, илгари ҳам кетмайди. Бу жараён дунё бунёд бўлганидан буён давом этиб келмоқда. Бирон марта бирон дақиқага ўзгарган эмас. Ушбу жараённи тақдир қилган зот ўликларни қайта тирилтиришга қодир эмасми?!)
36:40 -
وَآيَةٌ لَهُمْ أَنَّا حَمَلْنَا ذُرِّيَّتَهُمْ فِي الْفُلْكِ الْمَشْحُونِ
Улар учун Биз уларнинг наслларини тўла кемада кўтарганимиз ҳам бир оят-белгидир.
36:41 -
وَخَلَقْنَا لَهُمْ مِنْ مِثْلِهِ مَا يَرْكَبُونَ
Ва Биз улар учун унга ўхшаш минадиган нарсаларни халқ қилдик.
36:42 -
وَإِنْ نَشَأْ نُغْرِقْهُمْ فَلَا صَرِيخَ لَهُمْ وَلَا هُمْ يُنْقَذُونَ
Агар хоҳласак, уларни ғарқ этурмиз. Бас, уларнинг ёрдамчиси бўлмас ва ҳам улар қутқазилмас.
36:43 -
إِلَّا رَحْمَةً مِنَّا وَمَتَاعًا إِلَىٰ حِينٍ
Магар Биздан бир раҳмат ва маълум муддатгача баҳраманд бўлиш бўлсагина. (Фақат Аллоҳнинг Ўзи раҳмат назарини солиб, қутқариб қолиши мумкин. Ёки маълум муддатгача дунёнинг матоҳидан баҳраманд қилиш учун омон қолдириши мумкин. Бўлмаса, ҳеч ким эсон қолмас. Бунинг мисоли ҳаётда тез-тез такрорланиб ҳам туради.)
36:44 -
وَإِذَا قِيلَ لَهُمُ اتَّقُوا مَا بَيْنَ أَيْدِيكُمْ وَمَا خَلْفَكُمْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
Уларга: «Олдингиздаги нарсадан ва ортингиздаги нарсадан қўрқинг. Шояд раҳм қилинсангиз», дейилса.
36:45 -
وَمَا تَأْتِيهِمْ مِنْ آيَةٍ مِنْ آيَاتِ رَبِّهِمْ إِلَّا كَانُوا عَنْهَا مُعْرِضِينَ
Ва уларга Роббилари оятларидан бир оят келганида, фақат ундан юз ўгиргувчи бўлурлар.
36:46 -
وَإِذَا قِيلَ لَهُمْ أَنْفِقُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ قَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لِلَّذِينَ آمَنُوا أَنُطْعِمُ مَنْ لَوْ يَشَاءُ اللَّهُ أَطْعَمَهُ إِنْ أَنْتُمْ إِلَّا فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
Уларга: «Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан инфоқ қилинглар», дейилганда, куфр келтирганлар иймон келтирганларга: «Аллоҳ хоҳласа, ўзи таом берадиган кимсани биз таомлантирамизми?! Сиз очиқ-ойдин залолатдан бошқа нарсада эмассиз», дерлар. (Сиз Аллоҳ ҳаммага ризқ беради, деган залолатли эътиқоддасизлар, мана, биздан баъзи бир одамларга таом беришимизни сўраб туришингиз бунинг далили, демоқчилар. Аслида эса, уларнинг тасаввурлари, гаплари айни залолатдир. Ҳеч қачон, ҳеч қандай инсон ўзига ҳам, бошқага ҳам ризқ топиб бера олмайди. Аллоҳ таоло бировнинг ризқини кенг, бировнинг ризқини тор қилиб қўяди. Ҳаммаси бандаларни синаш учундир. Ҳаммага ризқ берувчи, боқувчи Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Мен бировга ризқ беряпман, таомлантиряпман, боқяпман, деган одам кофир бўлади, очиқ-ойдин залолатга кетади.)
36:47 -
وَيَقُولُونَ مَتَىٰ هَٰذَا الْوَعْدُ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ
Улар: «Агар ростгўй бўлсангиз, бу ваъда қачон бўлур?» дерлар.
36:48 -
مَا يَنْظُرُونَ إِلَّا صَيْحَةً وَاحِدَةً تَأْخُذُهُمْ وَهُمْ يَخِصِّمُونَ
Улар фақат талашиб-тортишиб турганларида ўзларини бирдан оладиган биргина қичқириқдан бошқа нарсани кутаётганлари йўқ.
36:49 -
فَلَا يَسْتَطِيعُونَ تَوْصِيَةً وَلَا إِلَىٰ أَهْلِهِمْ يَرْجِعُونَ
Улар на васият қилишга қодир бўларлар ва на ўз аҳлларига қайтарлар.
36:50
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf