Sura 39 Zumar, oyat 42 – 52

  1. اللَّهُ يَتَوَفَّى الْأَنْفُسَ حِينَ مَوْتِهَا وَالَّتِي لَمْ تَمُتْ فِي مَنَامِهَا ۖ فَيُمْسِكُ الَّتِي قَضَىٰ عَلَيْهَا الْمَوْتَ وَيُرْسِلُ الْأُخْرَىٰ إِلَىٰ أَجَلٍ مُسَمًّى ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

    Аллоҳ жонларни ўлими вақтида, ўлмаганларини эса, уйқуси вақтида олур. Бас, ўлишига ҳукм қилганларини ушлаб қолур, қолганларини маълум муддатгача қўйиб юборур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-ибратлар бордир. (Ҳар лаҳзада қанчадан қанча одамлар жон берадилар. Уларнинг жонини ким олади? Ҳар бир одам ҳар куни маълум муддат ухлайди, ўшанда у ўликка ўхшаб ётади. Унинг жони нима бўлади? Бу саволларга мазкур жумлада жавоб бор. Жонларни ўлим вақтида ҳам, ухлаган вақтида ҳам оладиган зот Аллоҳдир. Тандан жон чиқиши катта вафот, ухлаганда тана билан жон орасида алоқанинг кучсизланиши кичик вафот дейилади. Чунки ухлаган одамнинг жонини ҳам Аллоҳ таоло олган бўлади. Кимнинг қазоси етган бўлса, уйқусидан қайта уйғонмай, кичик вафоти катта вафотга айланиб қолаверади. Аллоҳ ажали етмаганларнинг жонини қўйиб юборади. Улар белгиланган ажалгача яшаб юрадилар.)

    39:42
  2. أَمِ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ شُفَعَاءَ ۚ قُلْ أَوَلَوْ كَانُوا لَا يَمْلِكُونَ شَيْئًا وَلَا يَعْقِلُونَ

    Ёки Аллоҳдан ўзга шафоатчилар тутганларми?! Сен: «Ахир улар бирор нарсага эга бўлмасалар ва бирор нарсани англамасалар ҳам-а?!» деб айт.

    39:43
  3. قُلْ لِلَّهِ الشَّفَاعَةُ جَمِيعًا ۖ لَهُ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۖ ثُمَّ إِلَيْهِ تُرْجَعُونَ

    Сен: «Барча шафоат ёлғиз Аллоҳникидир. Осмонлару ернинг мулки-эгалиги ҳам ёлғиз Уникидир. Сўнгра Унгагина қайтарилурсизлар», деб айт.

    39:44
  4. وَإِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَحْدَهُ اشْمَأَزَّتْ قُلُوبُ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ ۖ وَإِذَا ذُكِرَ الَّذِينَ مِنْ دُونِهِ إِذَا هُمْ يَسْتَبْشِرُونَ

    Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар.

    39:45
  5. قُلِ اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ أَنْتَ تَحْكُمُ بَيْنَ عِبَادِكَ فِي مَا كَانُوا فِيهِ يَخْتَلِفُونَ

    Сен: «Эй Аллоҳим! Осмонлару ерни яратган зот! Ғойиб ва ошкорни билгувчи зот! Сенинг Ўзинг бандаларнинг орасида улар ихтилоф қилиб юрган нарсаларда ҳукм қилурсан», деб айт.

    39:46
  6. وَلَوْ أَنَّ لِلَّذِينَ ظَلَمُوا مَا فِي الْأَرْضِ جَمِيعًا وَمِثْلَهُ مَعَهُ لَافْتَدَوْا بِهِ مِنْ سُوءِ الْعَذَابِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۚ وَبَدَا لَهُمْ مِنَ اللَّهِ مَا لَمْ يَكُونُوا يَحْتَسِبُونَ

    Агар зулм этганларга ер юзидаги барча нарса ва у билан яна шу қадар нарса берилса ҳам, қиёмат куни ёмон азобга тўлов қилиб юборишлари аниқ. Ва уларга Аллоҳ томонидан ўзлари хаёлларига ҳам келтирмаган нарсалар зоҳир бўлур. (Кофир ва мушриклар бу дунёда гердайиб, талашиб - тортишганлари билан, қиёмат қоим бўлиб, ўзларига бериладиган азобни тушуниб етганларида, азобдан қутулиши учун бор-йўқ дунёсини беришга тайёр турадилар. Аммо бу тўлов кимга ҳам керак? Қиёмат кунининг қозиси пора ҳам, тўлов ҳам олмайди. У беҳожат зот. Унинг ҳузурида кофир ва мушриклар учун амалларига яраша жазо бор, холос.)

    39:47
  7. وَبَدَا لَهُمْ سَيِّئَاتُ مَا كَسَبُوا وَحَاقَ بِهِمْ مَا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِئُونَ

    Ва уларга ўзлари касб қилган нарсаларнинг ёмонлиги зоҳир бўлур ва уларни ўзлари масхара қилиб юрган нарса ўраб олур.

    39:48
  8. فَإِذَا مَسَّ الْإِنْسَانَ ضُرٌّ دَعَانَا ثُمَّ إِذَا خَوَّلْنَاهُ نِعْمَةً مِنَّا قَالَ إِنَّمَا أُوتِيتُهُ عَلَىٰ عِلْمٍ ۚ بَلْ هِيَ فِتْنَةٌ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَهُمْ لَا يَعْلَمُونَ

    Бас, қачонки инсонни зарар тутса, у бизга дуо қилур. Сўнгра унга Биз ўзимиздан неъмат берсак: «Албатта, бу менга илмим туфайли берилди», дер. Йўқ! У синовдир. Лекин кўплари билмаслар. (Бошига мусибат тушса, бало-офат келса, ўшандай кимса ҳам сохта худоларига эмас, Аллоҳ таолога ёлборади. Оғир мусибат вақтида манманлик ва такаббурлик ҳам қолмайди, инсоннинг фитрати соф табиати очилади. Инсоннинг фитратида эса, Аллоҳ таолонинг ваҳдониятини тан олиш хусусияти бор. Шу боис ҳар қандай инсон у қанчалик кофир, қанчалик мушрик бўлмасин, бошига мусибат тушиб, зарарга юз тутса, фақат Аллоҳ таолонинг ўзига ёлборади. Аллоҳ таоло ундан зарарни олиб, унга яна тинчлик-омонлик ва офиятни берса, у эски ҳолатига қайтади. Аллоҳ берган неъматни, тинчлик-омонлик, офият ва яхшиликларни ўз илмим, хатти-ҳаракатим билан топдим, деб даъво қила бошлайди.)

    39:49
  9. قَدْ قَالَهَا الَّذِينَ مِنْ قَبْلِهِمْ فَمَا أَغْنَىٰ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَكْسِبُونَ

    Батаҳқиқ, буни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларнинг қилган касблари ўзларига асқотмади.

    39:50
  10. فَأَصَابَهُمْ سَيِّئَاتُ مَا كَسَبُوا ۚ وَالَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْ هَٰؤُلَاءِ سَيُصِيبُهُمْ سَيِّئَاتُ مَا كَسَبُوا وَمَا هُمْ بِمُعْجِزِينَ

    Бас, уларга қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлди. Анавилардан зулм қилганларига ҳам тезда қилган касбларининг ёмонликлари мусибат бўлур. Улар қочиб қутулгувчи ҳам эмаслар.

    39:51
  11. أَوَلَمْ يَعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يَبْسُطُ الرِّزْقَ لِمَنْ يَشَاءُ وَيَقْدِرُ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَاتٍ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

    Улар Аллоҳ хоҳлаган кишисига ризқни кенг ва тор қилишини билмасмидилар?! Албатта, бунда иймон келтиргувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир.

    39:52

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf