Sura 3 Oli Imron, oyat 42 – 45
-
وَإِذْ قَالَتِ الْمَلَائِكَةُ يَا مَرْيَمُ إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاكِ وَطَهَّرَكِ وَاصْطَفَاكِ عَلَىٰ نِسَاءِ الْعَالَمِينَ
Фаришталарнинг: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлаб олди, поклади ва оламдаги аёллардан устунлигингни ихтиёр қилди.
3:42 -
يَا مَرْيَمُ اقْنُتِي لِرَبِّكِ وَاسْجُدِي وَارْكَعِي مَعَ الرَّاكِعِينَ
Эй Марям, Роббингнинг ибодатида бардавом бўл, Унга сажда қил ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсла. (Бу ерда, Марямни Аллоҳ танлаб олганини, бошқалар каби оддий эмасликларини баён этилмоқда. Шу билан бирга, у кишининг, насоролар даъво қилаётганидек, «она худо» ёки «худонинг хотини» ҳам эмасликларини билвосита таъкидламоқда.)
3:43 -
ذَٰلِكَ مِنْ أَنْبَاءِ الْغَيْبِ نُوحِيهِ إِلَيْكَ ۚ وَمَا كُنْتَ لَدَيْهِمْ إِذْ يُلْقُونَ أَقْلَامَهُمْ أَيُّهُمْ يَكْفُلُ مَرْيَمَ وَمَا كُنْتَ لَدَيْهِمْ إِذْ يَخْتَصِمُونَ
Бу ғайб хабарлардан бўлиб, сенга ваҳий қилмоқдамиз. Улар қайсилари Марямнинг кафили бўлишига қаламларини ташлашаётганларида, олдиларида эмасдинг ва тортишаётганларида ҳам олдиларида эмасдинг. (Биби Марямнинг оналарининг исми Ҳинна эди. У киши Марямни туққанларидан кейин, ваъдасига вафо айлаб, янги йўргакланган чақалоқни яҳудийларнинг «Ҳайкал» ибодатхонасига олиб келиб, у ердаги диний ходимларнинг олдига қўйибди ва: «Бу назр қилинган қизни олинглар», дебди. Шунда улар, мен оламан-мен оламан, деб талашиб кетибдилар. Чунки қизча бошлиқлари ҳазрати Имроннинг қизи эди-да. Улар қаламларини қуръа сифатида дарёга ташлаб, кафилни аниқлашибди. Албатта бу ишлар Муҳаммад алайҳиссаломга қоронғи, ғайб ишлар эди. Бу маълумотни фақат Қуръон келтирган хабардан билмоқдалар.)
3:44 -
إِذْ قَالَتِ الْمَلَائِكَةُ يَا مَرْيَمُ إِنَّ اللَّهَ يُبَشِّرُكِ بِكَلِمَةٍ مِنْهُ اسْمُهُ الْمَسِيحُ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ وَجِيهًا فِي الدُّنْيَا وَالْآخِرَةِ وَمِنَ الْمُقَرَّبِينَ
Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга Ўзидан бўлган сўзнинг башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ, Ийсо ибн Марям бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. (Оятда келган «сўз»дан мурод Ийсо алайҳиссаломдир.»Сўз» арабчада калима дейилади. Ийсо алайҳиссаломнинг бир номлари «Калиматуллоҳ»дир. Чунки у кишининг дунёга келишиги Аллоҳнинг «Бўл» деган сўзи, калимаси сабаб бўлган.)
3:45
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf