Sura 40 G'ofir, oyat 10 – 20

  1. إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا يُنَادَوْنَ لَمَقْتُ اللَّهِ أَكْبَرُ مِنْ مَقْتِكُمْ أَنْفُسَكُمْ إِذْ تُدْعَوْنَ إِلَى الْإِيمَانِ فَتَكْفُرُونَ

    Албатта, куфр келтирганларга: «Иймонга чақирилганингизда куфр келтирган чоғингиздаги Аллоҳнинг ғазаби сизнинг ўзингизга (ҳозирги) ғазабингиздан каттароқдир», деб нидо қилинур.

    40:10
  2. قَالُوا رَبَّنَا أَمَتَّنَا اثْنَتَيْنِ وَأَحْيَيْتَنَا اثْنَتَيْنِ فَاعْتَرَفْنَا بِذُنُوبِنَا فَهَلْ إِلَىٰ خُرُوجٍ مِنْ سَبِيلٍ

    Улар: «Эй Роббимиз, Сен бизни икки марта ўлдирдинг, икки марта тирилтирдинг. Бас, биз гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди чиқишнинг бирон йўли борми?» дедилар. (Улар она қорнида руҳ киргунича жонсиз ҳолда ётганларини ва ёруғ дунёда ўлиб, кўмилганларини икки марта ўлиш демоқдалар. Онанинг қорнида бир марта ва қиёмат куни иккинчи марта тирилтирдинг. Сенинг ҳар бир нарсага қодир эканингни ҳам эътироф қилдик.)

    40:11
  3. ذَٰلِكُمْ بِأَنَّهُ إِذَا دُعِيَ اللَّهُ وَحْدَهُ كَفَرْتُمْ ۖ وَإِنْ يُشْرَكْ بِهِ تُؤْمِنُوا ۚ فَالْحُكْمُ لِلَّهِ الْعَلِيِّ الْكَبِيرِ

    Бундай бўлишингиз Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига даъват қилинганида, куфр келтирганингиз, Унга ширк келтирилса, иймон келтирганингиз учундир. Бас, ҳукм олий ва улуғ Аллоҳникидир.

    40:12
  4. هُوَ الَّذِي يُرِيكُمْ آيَاتِهِ وَيُنَزِّلُ لَكُمْ مِنَ السَّمَاءِ رِزْقًا ۚ وَمَا يَتَذَكَّرُ إِلَّا مَنْ يُنِيبُ

    Унинг Ўзи сизга оят-белгиларини кўрсатадиган, осмондан сизга ризқ туширадиган зотдир. Фақат қайтадиган кишигина англар. (Ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтадиган, тавба қиладиган, кўрган-билганидан ваъз-насиҳат оладиган кишиларгина англаб етадилар.)

    40:13
  5. فَادْعُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ وَلَوْ كَرِهَ الْكَافِرُونَ

    Бас, агар кофирлар ёқтирмасалар ҳам, Аллоҳга динни холис қилган ҳолингизда ёлборинг.

    40:14
  6. رَفِيعُ الدَّرَجَاتِ ذُو الْعَرْشِ يُلْقِي الرُّوحَ مِنْ أَمْرِهِ عَلَىٰ مَنْ يَشَاءُ مِنْ عِبَادِهِ لِيُنْذِرَ يَوْمَ التَّلَاقِ

    У даражаси юксак, Арш эгаси бўлган зотдир. У Ўз амри ила бандаларидан кимни хоҳласа, ўшанга мулоқот кунидан огоҳлантириши учун руҳни туширур. (Мулоқот- учрашув кунидан мурод қиёматдир. Руҳдан мурод эса, ваҳий ва уни олиб келувчи фариштадир.)

    40:15
  7. يَوْمَ هُمْ بَارِزُونَ ۖ لَا يَخْفَىٰ عَلَى اللَّهِ مِنْهُمْ شَيْءٌ ۚ لِمَنِ الْمُلْكُ الْيَوْمَ ۖ لِلَّهِ الْوَاحِدِ الْقَهَّارِ

    Ўша кунда улар зоҳир бўлурлар. Аллоҳга улардан бирон нарса махфий қолмас. Бугун мулк кимникидир?! Яккаю ёлғиз, ўта қаҳрли Аллоҳникидир! (Қиёмат кунида одамлар кўмилиб ётган жойларидан чиқиб, зоҳир бўлиб, кўриниш берадилар. Бандаларидан содир бўлган бирон нарса Аллоҳ таолога махфий қолмас, аммо бу ҳақиқатни қиёмат куни ҳақида алоҳида такрор айтишдан мақсад кофир, мунофиқ ва осийлар, қилган ишларимиз тўполоннинг ичида махфий қолса ажаб эмас, деган ўйда бўлсалар, ўша хаёлни кўтариш учундир.)

    40:16
  8. الْيَوْمَ تُجْزَىٰ كُلُّ نَفْسٍ بِمَا كَسَبَتْ ۚ لَا ظُلْمَ الْيَوْمَ ۚ إِنَّ اللَّهَ سَرِيعُ الْحِسَابِ

    Бугунги кунда ҳар бир жон ўзи қилган касбга яраша жазо олур. Бугунги кунда зулм йўқдир. Албатта, Аллоҳ ҳисобни тез қилгувчи зотдир.

    40:17
  9. وَأَنْذِرْهُمْ يَوْمَ الْآزِفَةِ إِذِ الْقُلُوبُ لَدَى الْحَنَاجِرِ كَاظِمِينَ ۚ مَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ حَمِيمٍ وَلَا شَفِيعٍ يُطَاعُ

    Сен уларни яқинлашгувчи кундан огоҳлантир. Ўшанда жонлар халқумга келиб, ғам-ғуссага тўлиб турарлар. Золимлар учун ҳеч бир дўст ҳам, итоат қилинадиган шафоатчи ҳам йўқ. (Яқинлашгувчи кун қиёмат кунидир. У ҳадемай келиб қолади. Кўзни очиб юмгунча рўй беради. Одамлар ўша кундан огоҳ бўлсинлар. У кун оғир кун бўлади. Ҳаёти дунёда куфр ва ширк ила зулмга юрган кишилар учун ёнини оладиган дўст ҳам, гапига қулоқ соладиган шафоатчи ҳам бўлмайди.)

    40:18
  10. يَعْلَمُ خَائِنَةَ الْأَعْيُنِ وَمَا تُخْفِي الصُّدُورُ

    У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур. (Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар ундан огоҳ бўлсинлар.)

    40:19
  11. وَاللَّهُ يَقْضِي بِالْحَقِّ ۖ وَالَّذِينَ يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ لَا يَقْضُونَ بِشَيْءٍ ۗ إِنَّ اللَّهَ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

    Аллоҳ ҳақ ила ҳукм қилур. Ундан ўзга илтижо қилаётганлари эса, ҳеч нарса билан ҳукм қилмаслар. Албатта, Аллоҳнинг Ўзи ўта эшитгувчи ва ўта кўргувчи зотдир.

    40:20

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf