Sura 40 G'ofir, oyat 38 – 46

  1. وَقَالَ الَّذِي آمَنَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُونِ أَهْدِكُمْ سَبِيلَ الرَّشَادِ

    Иймон келтирган киши: «Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан.

    40:38
  2. يَا قَوْمِ إِنَّمَا هَٰذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا مَتَاعٌ وَإِنَّ الْآخِرَةَ هِيَ دَارُ الْقَرَارِ

    Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос. Албатта, охират- ўшанинг ўзи барқарорлик диёридир.

    40:39
  3. مَنْ عَمِلَ سَيِّئَةً فَلَا يُجْزَىٰ إِلَّا مِثْلَهَا ۖ وَمَنْ عَمِلَ صَالِحًا مِنْ ذَكَرٍ أَوْ أُنْثَىٰ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَأُولَٰئِكَ يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ يُرْزَقُونَ فِيهَا بِغَيْرِ حِسَابٍ

    Ким бирор ёмонлик қилса, фақат ўшанга яраша жазо оладир, холос. Эркакдир, аёлдир, ҳар ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, бас, ана ўшалар жаннатга кирурлар, у ерда ҳисобсиз ризқланурлар.

    40:40
  4. وَيَا قَوْمِ مَا لِي أَدْعُوكُمْ إِلَى النَّجَاةِ وَتَدْعُونَنِي إِلَى النَّارِ

    Эй қавмим, нечун мен сизни нажотга чақирсам, сиз мени дўзахга чақирурсиз?! (Мен сизни Аллоҳга, Унинг юборган Пайғамбарига иймон келтириб, нажотга эришишга чорласам, сиз мени куфрга чақирмоқдасиз, куфрга чақиришингиз дўзахга чақиришингиздир.)

    40:41
  5. تَدْعُونَنِي لِأَكْفُرَ بِاللَّهِ وَأُشْرِكَ بِهِ مَا لَيْسَ لِي بِهِ عِلْمٌ وَأَنَا أَدْعُوكُمْ إِلَى الْعَزِيزِ الْغَفَّارِ

    Сиз мени Аллоҳга куфр келтиришимга ва ўзим билмаган нарсани Унга ширк келтиришимга чақирмоқдасиз. Ҳолбуки, мен сизни азизу ўта мағфиратли зотга чақирмоқдаман. (Сиз мени Аллоҳни инкор этиб, унга ибодат қилмасликка, худолигини билмаганим нарсани унга ширк келтириб, ўшанга ибодат қилишимга чақирмоқдасиз. Бу чақириғингиз асоссиз ва фойдасиздир.)

    40:42
  6. لَا جَرَمَ أَنَّمَا تَدْعُونَنِي إِلَيْهِ لَيْسَ لَهُ دَعْوَةٌ فِي الدُّنْيَا وَلَا فِي الْآخِرَةِ وَأَنَّ مَرَدَّنَا إِلَى اللَّهِ وَأَنَّ الْمُسْرِفِينَ هُمْ أَصْحَابُ النَّارِ

    Ҳеч шубҳа йўқки, албатта, сиз мени унга чақираётган нарсанинг дунёда ҳам, охиратда ҳам даъватга ҳаққи йўқдир. Албатта, қайтиб бораримиз Аллоҳгадир. Албатта, исрофчилар, айни ўшалар дўзах эгаларидир.

    40:43
  7. فَسَتَذْكُرُونَ مَا أَقُولُ لَكُمْ ۚ وَأُفَوِّضُ أَمْرِي إِلَى اللَّهِ ۚ إِنَّ اللَّهَ بَصِيرٌ بِالْعِبَادِ

    Ҳали мен сизга айтаётган гапларни эслайсизлар. Мен ишимни Аллоҳнинг Ўзига топширдим. Албатта, Аллоҳ бандаларини аниқ кўриб тургувчидир», деди.

    40:44
  8. فَوَقَاهُ اللَّهُ سَيِّئَاتِ مَا مَكَرُوا ۖ وَحَاقَ بِآلِ فِرْعَوْنَ سُوءُ الْعَذَابِ

    Бас, Аллоҳ уни макрлари ёмонликларидан сақлади ва Фиръавн аҳлини ёмон азоб ўраб олди. (Аллоҳ таоло мазкур мўмин кишини Фиръавн ва унинг одамлари макр-ҳийлаларининг ёмонликларидан қутқарди. Фиръавн аҳлини эса, ёмон азоб ўраб олди.)

    40:45
  9. النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوًّا وَعَشِيًّا ۖ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ

    У оловдир. Унга эртаю кеч кўндаланг қилинурлар. (Қиёмат) соати қоим бўлганида эса: «Фиръавн аҳлини энг ашаддий азобга киритинглар», дейилур. (Демак, ўша Фиръавн аҳлини ўраб олган ёмон азоб бир оловдир. Улар ўша оловга доимо, эртаю кеч кўндаланг қилиб туриладилар. Яъни, қабрларида қиёматгача олов билан азобланадилар.)

    40:46

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf