Sura 40 G'ofir, oyat 51 – 60

  1. إِنَّا لَنَنْصُرُ رُسُلَنَا وَالَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَيَوْمَ يَقُومُ الْأَشْهَادُ

    Албатта, Биз Пайғамбарларимизга ва иймон келтирганларга бу дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган кунда ҳам нусрат берурмиз.

    40:51
  2. يَوْمَ لَا يَنْفَعُ الظَّالِمِينَ مَعْذِرَتُهُمْ ۖ وَلَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ

    У кунда золимларга маъзиратлари наф бермас. Уларга лаънат бўлғай ва уларга ёмон ҳовли жой бўлғай. (Иймон билан куфр орасидаги кураш бир шахс, бир авлод, бир замонга боғлиқ эмас. Балки бу кураш дунё бунёд бўлганидан бошлаб, қиёматгача давом этадиган курашдир. Бу кураш давомида турли ҳолатлар бўлиб ўтади. Иймон томонида турган баъзи кишиларнинг эътиқод йўлида шаҳид бўлишлари улкан нусрат бўлиши мумкин. Ҳозиргача бутун дунё қанчадан-қанча шаҳидларни мадҳ этиб, эҳтиром ила эслаб келмоқда, уларни шаҳид этган қотиллар эса, лаънатланмоқда. Қани, кўрайлик-чи, бу ерда нусрат шаҳидгами ё қотилга?! Баъзи бир шаҳидларнинг ўлими бутун бошли умматларни ғалабага чорлаган вақтлар ҳам бўлган. Демак, ўлимнинг ҳаммаси ҳам, хусусан иймон йўлидаги ўлим, мағлубият ҳисобланмайди. Иймон ва куфр орасидаги курашда нусрат кимга бўлиши тор ўлчовда эмас, балки кенг мезонлар билан ўлчанади. Иймоннинг қалбларда, ер юзида тантанаси учун инсоннинг ўзи саъйи-ҳаракат қилишини Аллоҳ шарт этган экан, Унинг йўлидаги қурбонлар, машаққатлар эришиладиган нусратнинг қийматини оширади, қадрини кўтаради. Ундан кейин, инсоният тарихидаги иймон билан куфр ўртасидаги курашнинг оралиқ натижаларига ҳам бир назар солайлик. Уларнинг ҳаммаси Пайғамбарлар ва мўминларга нусрат берилиши билан якун топганини кўрамиз.)

    40:52
  3. وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْهُدَىٰ وَأَوْرَثْنَا بَنِي إِسْرَائِيلَ الْكِتَابَ

    Батаҳқиқ, Биз Мусога ҳидоятни бердик ва Бани Исроилни Китобга ворис қилдик.

    40:53
  4. هُدًى وَذِكْرَىٰ لِأُولِي الْأَلْبَابِ

    Ақл эгаларига ҳидоятчи ва эслатма бўлсин учун.

    40:54
  5. فَاصْبِرْ إِنَّ وَعْدَ اللَّهِ حَقٌّ وَاسْتَغْفِرْ لِذَنْبِكَ وَسَبِّحْ بِحَمْدِ رَبِّكَ بِالْعَشِيِّ وَالْإِبْكَارِ

    Бас, сабр қил. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Гуноҳинг учун истиғфор айт. Эртаю кеч Роббингга ҳамд ила тасбиҳ айт. (Ояти каримада Пайғамбаримизга (с. а. в.) хитоб орқали мўмин бандага иймон йўлида зарур бўладиган зоди роҳила тақдим этилмоқда.)

    40:55
  6. إِنَّ الَّذِينَ يُجَادِلُونَ فِي آيَاتِ اللَّهِ بِغَيْرِ سُلْطَانٍ أَتَاهُمْ ۙ إِنْ فِي صُدُورِهِمْ إِلَّا كِبْرٌ مَا هُمْ بِبَالِغِيهِ ۚ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ ۖ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

    Албатта, Аллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган ҳужжатсиз талашиб-тортишадиганларнинг дилларида кибрдан ўзга нарса йўқ. Улар унга етишгувчи эмаслар. Бас, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, Унинг Ўзи ўта эшитгувчи, ўта кўргувчи зотдир.

    40:56
  7. لَخَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ أَكْبَرُ مِنْ خَلْقِ النَّاسِ وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يَعْلَمُونَ

    Албатта, осмонлару ерни яратиш одамларни яратишдан каттароқдир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар.

    40:57
  8. وَمَا يَسْتَوِي الْأَعْمَىٰ وَالْبَصِيرُ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَلَا الْمُسِيءُ ۚ قَلِيلًا مَا تَتَذَكَّرُونَ

    Кўр билан кўрувчи баробар бўлмас. Иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар билан ёмонлик қилгувчи ҳам. Жуда ҳам кам эслайсизлар.

    40:58
  9. إِنَّ السَّاعَةَ لَآتِيَةٌ لَا رَيْبَ فِيهَا وَلَٰكِنَّ أَكْثَرَ النَّاسِ لَا يُؤْمِنُونَ

    Албатта, (қиёмат) соати келгувчидир. Унда шубҳа йўқ. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар. (Яъни, қиёмат қоим бўлишига ишонмайдилар. Ишонмаганлари учун ҳам Аллоҳнинг оятлари ҳақида ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадилар. Ўзларининг ким эканларини унутиб, кибрга кетадилар. Кибр эса, уларни ҳалокатга элтади. Бу ҳалокатдан, унга элтувчи кибрдан сақланиш учун Аллоҳга ибодат этиш керак, У зотга дуо қилиш керак.)

    40:59
  10. وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ ۚ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ

    Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди. (Аллоҳга банда томонидан қилинадиган дуо, ибодат луғатда бир хил маънони билдиради. Дуо ва ибодат хоҳ сўздан иборат бўлсин, хоҳ амалдан, банда томонидан Аллоҳ таолонинг розилигини излашдир, иймон ила Унинг розилигини сўрашдир. Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар. Буни бандага Аллоҳнинг Ўзи буюргандир.)

    40:60

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf