Sura 41 Fussilat, oyat 33 – 44

  1. وَمَنْ أَحْسَنُ قَوْلًا مِمَّنْ دَعَا إِلَى اللَّهِ وَعَمِلَ صَالِحًا وَقَالَ إِنَّنِي مِنَ الْمُسْلِمِينَ

    Аллоҳга даъват қилган, солиҳ амалларни қилган ва «Албатта, мен мусулмонларданман!» деган, кишидан ҳам гўзал сўзли ким бор?! (Дунёдаги энг гўзал сўз Аллоҳ таоло йўлига чақирувчи сўздир. Дунёдаги энг гўзал сўзловчи Аллоҳ таолога даъват қилувчининг ўзидир. Аммо ўша сўзнинг ҳақиқатда гўзал бўлиши ва ўша сўзловчининг ўзи энг гўзал сўзловчи бўлиши учун қуруқ даъватнинг ўзи етмайди. Балки даъват билан бирга, солиҳ амал бўлиши ҳамда: «Албатта, мен мусулмонларданман», дейиши керак. Ана ўшандагина, у одам энг гўзал сўз сўзлаган бўлади. Зеро, фақат мусулмонлиги туфайли шу фазлга эга бўлгандир.)

    41:33
  2. وَلَا تَسْتَوِي الْحَسَنَةُ وَلَا السَّيِّئَةُ ۚ ادْفَعْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ فَإِذَا الَّذِي بَيْنَكَ وَبَيْنَهُ عَدَاوَةٌ كَأَنَّهُ وَلِيٌّ حَمِيمٌ

    Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур. (Бу Ислом даъватчилари учун жуда ҳам зарур бир сифатдир. Ҳар бир нарсани ёмонлик билан эмас, фақат яхшилик билан қарши олиш даражасига етган даъватчигина катта муваффақиятларга эришади. Аммо бу сифатга эришиш осон эмас.)

    41:34
  3. وَمَا يُلَقَّاهَا إِلَّا الَّذِينَ صَبَرُوا وَمَا يُلَقَّاهَا إِلَّا ذُو حَظٍّ عَظِيمٍ

    Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур. (Сабр қилмаса, дарҳол ёмон сўзга ёмон сўз қайтаради. Ёмон ишга ёмон иш қайтаради. Бу эса, даъватчига ҳеч фойда бермайди. Аллоҳнинг динига даъват қилувчи шахс кишиларнинг ҳавои нафсларига, ўрганиб қолган одатларига, уларнинг шахсий манфаат деб ўйлаб юрган баъзи бир нарсаларига қарши гапириши керак.)

    41:35
  4. وَإِمَّا يَنْزَغَنَّكَ مِنَ الشَّيْطَانِ نَزْغٌ فَاسْتَعِذْ بِاللَّهِ ۖ إِنَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

    Агар сени шайтон васвасасидан бир васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У зот ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. (Агар шайтон васвасага солиб, сени ёмонликларни яхшилик билан қайтаришан айнитмоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўра. унга сиғин. У сени сақлайди. «Албатта, У зот ўта эшитувчи ва ўта билувчи зотдир». У ҳар бир муҳтожнинг илтимосини эшитади. Даъватчи буни яхши англаши лозим.)

    41:36
  5. وَمِنْ آيَاتِهِ اللَّيْلُ وَالنَّهَارُ وَالشَّمْسُ وَالْقَمَرُ ۚ لَا تَسْجُدُوا لِلشَّمْسِ وَلَا لِلْقَمَرِ وَاسْجُدُوا لِلَّهِ الَّذِي خَلَقَهُنَّ إِنْ كُنْتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ

    Кечаю кундуз, қуёшу ой Унинг оят-белгиларидан. Бас, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар. Уларни яратган Аллоҳга сажда қилинг. Гар сиз Унгагина ибодат қилмоқчи бўлсангиз.

    41:37
  6. فَإِنِ اسْتَكْبَرُوا فَالَّذِينَ عِنْدَ رَبِّكَ يُسَبِّحُونَ لَهُ بِاللَّيْلِ وَالنَّهَارِ وَهُمْ لَا يَسْأَمُونَ ۩

    Агар улар мутакаббирлик қилсалар. Роббингнинг ҳузуридагилар Унга кечасию кундузи тасбиҳ айтурлар. Улар малол олмаслар.

    41:38
  7. وَمِنْ آيَاتِهِ أَنَّكَ تَرَى الْأَرْضَ خَاشِعَةً فَإِذَا أَنْزَلْنَا عَلَيْهَا الْمَاءَ اهْتَزَّتْ وَرَبَتْ ۚ إِنَّ الَّذِي أَحْيَاهَا لَمُحْيِي الْمَوْتَىٰ ۚ إِنَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ

    Яна Унинг оят-белгиларидан, ерни қақраган ҳолда кўришингдир. Бас, Биз унинг устидан сув тушурсак, у қимирлар ва ўсадир. Уни тирилтирган зот, албатта, ўликларни ҳам тирилтиргувчидир. Албатта, У зот ҳар бир нарсага қодирдир.

    41:39
  8. إِنَّ الَّذِينَ يُلْحِدُونَ فِي آيَاتِنَا لَا يَخْفَوْنَ عَلَيْنَا ۗ أَفَمَنْ يُلْقَىٰ فِي النَّارِ خَيْرٌ أَمْ مَنْ يَأْتِي آمِنًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۚ اعْمَلُوا مَا شِئْتُمْ ۖ إِنَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ

    Албатта, оятларимиз ҳақида эгрилик қиладиганлар Бизга махфий бўлиб қолмаслар. Дўзахга ташланадиган одам яхшими ёки қиёмат куни омон ҳолида келадиган одамми?! Нимани хоҳласангиз, қилаверинг. Албатта, У зот нима қилаётганингизни кўриб тургувчидир. (Бу ояти карима Қуръони Карим мўъжизаси бўлиб, Аллоҳнинг биру борлиги ва чексиз қудратига далолат қилувчи борлиқдаги оят-белгиларга нисбатан эгрилик ила муносабатда бўлган одамларнинг аҳволини баён қилади. Аллоҳнинг оятлари ҳақида эгрилик қиладиганлар қиёмат куни дўзахга, тўғрилик қиладиганлар жаннатга кирадилар. Хўш, улардан қайси бири яхши? Ҳамма нарса маълум ва очиқ-ойдин бўлди. Энди: Хоҳласангиз, қуёшга сажда қилинг. Хоҳласангиз, ойга сажда қилинг. Хоҳласангиз, Аллоҳнинг оятлари ҳақида куфр сўзлар айтинг. Ҳар бир ишингизни Аллоҳ таоло кўриб туради. Қиёматда амалингизга яраша жазолайди.)

    41:40
  9. إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا بِالذِّكْرِ لَمَّا جَاءَهُمْ ۖ وَإِنَّهُ لَكِتَابٌ عَزِيزٌ

    Албатта, ўзларига Зикр келганда унга куфр келтирганлар... Албатта, У азиз китобдир.

    41:41
  10. لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ ۖ تَنْزِيلٌ مِنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

    Унинг олдидан ҳам, ортидан ҳам ботил келмас. У ўта ҳикматли ва ўта мақталган зотнинг туширганидир.

    41:42
  11. مَا يُقَالُ لَكَ إِلَّا مَا قَدْ قِيلَ لِلرُّسُلِ مِنْ قَبْلِكَ ۚ إِنَّ رَبَّكَ لَذُو مَغْفِرَةٍ وَذُو عِقَابٍ أَلِيمٍ

    Сенга айтилаётган нарсаки бор, батаҳқиқ, сендан олдинги Пайғамбарларга ҳам айтилгандир. Албатта, Роббинг мағфират эгасидир ва аламли азоб эгасидир.

    41:43
  12. وَلَوْ جَعَلْنَاهُ قُرْآنًا أَعْجَمِيًّا لَقَالُوا لَوْلَا فُصِّلَتْ آيَاتُهُ ۖ أَأَعْجَمِيٌّ وَعَرَبِيٌّ ۗ قُلْ هُوَ لِلَّذِينَ آمَنُوا هُدًى وَشِفَاءٌ ۖ وَالَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ فِي آذَانِهِمْ وَقْرٌ وَهُوَ عَلَيْهِمْ عَمًى ۚ أُولَٰئِكَ يُنَادَوْنَ مِنْ مَكَانٍ بَعِيدٍ

    Агар Биз уни ажамийча Қуръон қилганимизда, албатта: «Унинг оятлари муфассал баён қилинганида эди. Арабийга ажамчами?!» дер эдилар. Сен: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир. Иймон келтирмайдиганларнинг қулоқларида оғирлик бордир. У улар учун кўрликдир. Улар узоқ макондан чақирилаётганлардир», деб айт. (Фаразан Қуръонни араб тилида эмас, бирор ажамий тилда нозил қилганимизда, кофир мушриклар бунга ҳам гап топар эдилар. Чунки, аслида, Қуръонга эргашиш ниятлари йўқ.)

    41:44

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf