Sura 42 Shuro, oyat 20 – 29

  1. مَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الْآخِرَةِ نَزِدْ لَهُ فِي حَرْثِهِ ۖ وَمَنْ كَانَ يُرِيدُ حَرْثَ الدُّنْيَا نُؤْتِهِ مِنْهَا وَمَا لَهُ فِي الْآخِرَةِ مِنْ نَصِيبٍ

    Ким охират ҳосилини истаса, Биз унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, Биз унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас. (Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди. Охират ҳосилини истаган одам эса, бу дунё ҳосилидан ҳам бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.)

    42:20
  2. أَمْ لَهُمْ شُرَكَاءُ شَرَعُوا لَهُمْ مِنَ الدِّينِ مَا لَمْ يَأْذَنْ بِهِ اللَّهُ ۚ وَلَوْلَا كَلِمَةُ الْفَصْلِ لَقُضِيَ بَيْنَهُمْ ۗ وَإِنَّ الظَّالِمِينَ لَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

    Ёки уларнинг диндан Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариат қилиб берган шерик (худо)лари борми?! Агар ажрим калимаси бўлмаганида, албатта, улар ўртасида ҳукм қилинган бўлар эди. Албатта, золим кимсалар учун аламли азоб бордир. (Динсиз, иймонсиз кишилар, Аллоҳнинг амрига юрмасдан, турли гуноҳ ишларни қиладилар. Гуноҳ ишларга Аллоҳ таоло изн бермагани, уларни ман қилгани жуда ҳам равшан. Аммо баъзи одамлар гуноҳ ва маъсиятларни бемолол қилмоқдалар. Уларга мазкур гуноҳ ва маъсиятларни қилишга ким изн беради? Аллоҳга шерик келтирган худоларими?! Ўша шерик худолари уларга Аллоҳ изн бермаган ишларни қилишни қонунлаштириб берганми? Агар бандаларнинг амалларига савоб ёки азоб қиёматда бўлиши ҳақидаги ажрим сўзи бўлмаганида, бандалар орасида ҳозироқ ҳукм қилиниб қўйилган бўлар эди.)

    42:21
  3. تَرَى الظَّالِمِينَ مُشْفِقِينَ مِمَّا كَسَبُوا وَهُوَ وَاقِعٌ بِهِمْ ۗ وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ فِي رَوْضَاتِ الْجَنَّاتِ ۖ لَهُمْ مَا يَشَاءُونَ عِنْدَ رَبِّهِمْ ۚ ذَٰلِكَ هُوَ الْفَضْلُ الْكَبِيرُ

    Золимларни ўзлари касб қилган нарсалари(азоби)дан қўрқувчи ўлароқ кўрасан. Ҳолбуки, у уларга тушгувчидир. Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилувчилар эса, жаннат боғларидадир. Улар учун Роббилари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шунинг ўзи катта фазлдир.

    42:22
  4. ذَٰلِكَ الَّذِي يُبَشِّرُ اللَّهُ عِبَادَهُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ ۗ قُلْ لَا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْرًا إِلَّا الْمَوَدَّةَ فِي الْقُرْبَىٰ ۗ وَمَنْ يَقْتَرِفْ حَسَنَةً نَزِدْ لَهُ فِيهَا حُسْنًا ۚ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ شَكُورٌ

    Ана ўша, Аллоҳ иймон келтириб, солиҳ амалларни қилган бандаларига бераётган хушхабардир. Сен: «Мен сиздан бу учун ажр эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман», деб айт. Ким яхшилик қилса, Биз унга ўша ишида яхшиликни зиёда қилурмиз. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта шукр қилгувчи зотдир. (Ушбу жумла маъноси ҳақида уламоларимиз бир неча хил фикрлар айтишган. Мисол учун, Саъийд ибн Жубайр (р. а) «қариндошлик меҳри» иборасини Пайғамбаримизнинг (с. а. в) аҳл байтлари, деб таъвил қилганлар. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос (р. а) эса, Қурайш уруғлари ичидан ҳар бири турли йўллар билан Пайғамбаримиз Муҳаммадга (с. а. в) қариндошлик ришталари ила боғланар эди, шунинг учун бу жумлада у киши қурайшликларга, даъватлари учун улардан ажр сўрамасликлари, балки қариндошлик ҳақ-ҳурматини ўрнига қўйишини сўраётганлари, ифодаланган, дейдилар. Бундан қариндошчилигимиз ҳурмати менинг ишимга қарши чиқманглар, даъватим йўлини тўсманглар, деган маъно чиқади.)

    42:23
  5. أَمْ يَقُولُونَ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّهِ كَذِبًا ۖ فَإِنْ يَشَإِ اللَّهُ يَخْتِمْ عَلَىٰ قَلْبِكَ ۗ وَيَمْحُ اللَّهُ الْبَاطِلَ وَيُحِقُّ الْحَقَّ بِكَلِمَاتِهِ ۚ إِنَّهُ عَلِيمٌ بِذَاتِ الصُّدُورِ

    Ёки улар: «У (Муҳаммад) Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиди», дейдиларми?! Бас, агар Аллоҳ хоҳласа, қалбингга муҳр босур ва Аллоҳ Ўз сўзлари ила ботилни йўқ қилиб, ҳақни ҳақ қилур. Албатта, у диллардаги нарсани ўта билгувчидир.

    42:24
  6. وَهُوَ الَّذِي يَقْبَلُ التَّوْبَةَ عَنْ عِبَادِهِ وَيَعْفُو عَنِ السَّيِّئَاتِ وَيَعْلَمُ مَا تَفْعَلُونَ

    Унинг Ўзи бандаларидан тавбани қабул қилур, гуноҳларини афв этур ва нима қилаётганингизни билур.

    42:25
  7. وَيَسْتَجِيبُ الَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ وَيَزِيدُهُمْ مِنْ فَضْلِهِ ۚ وَالْكَافِرُونَ لَهُمْ عَذَابٌ شَدِيدٌ

    У зот иймон келтириб, солиҳ амаллар қилганларнинг (дуосини) ижобат қилур ва уларга Ўз фазлидан зиёда қилур. Кофирларга эса, уларга, шиддатли азоб бордир.

    42:26
  8. وَلَوْ بَسَطَ اللَّهُ الرِّزْقَ لِعِبَادِهِ لَبَغَوْا فِي الْأَرْضِ وَلَٰكِنْ يُنَزِّلُ بِقَدَرٍ مَا يَشَاءُ ۚ إِنَّهُ بِعِبَادِهِ خَبِيرٌ بَصِيرٌ

    Агар Аллоҳ бандаарига ризқни кенг қилиб қўйса, албатта, улар ер юзида ҳаддан ошиб кетурлар, лекин У Ўзи хоҳлаганига ўлчов билан туширур. Албатта, у ўз бандаларидан ўта хабардор ва уларни ўта кўргувчидир.

    42:27
  9. وَهُوَ الَّذِي يُنَزِّلُ الْغَيْثَ مِنْ بَعْدِ مَا قَنَطُوا وَيَنْشُرُ رَحْمَتَهُ ۚ وَهُوَ الْوَلِيُّ الْحَمِيدُ

    У зот (одамлар) ноумид бўлганларидан кейин ёмғирни нозил қилур ва Ўз раҳматини таратур. У валий ва мақталган зотдир.

    42:28
  10. وَمِنْ آيَاتِهِ خَلْقُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَمَا بَثَّ فِيهِمَا مِنْ دَابَّةٍ ۚ وَهُوَ عَلَىٰ جَمْعِهِمْ إِذَا يَشَاءُ قَدِيرٌ

    У зотнинг оят-белгиларидан осмонлару ернинг яратилиши ва уларда турли жониворларнинг таратиб қўйилишидир. Ва У зот агар хоҳласа, уларни жамлашга қодирдир.

    42:29

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf