Sura 4 Niso, oyat 113 – 115

  1. وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكَ وَرَحْمَتُهُ لَهَمَّتْ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ أَنْ يُضِلُّوكَ وَمَا يُضِلُّونَ إِلَّا أَنْفُسَهُمْ ۖ وَمَا يَضُرُّونَكَ مِنْ شَيْءٍ ۚ وَأَنْزَلَ اللَّهُ عَلَيْكَ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَعَلَّمَكَ مَا لَمْ تَكُنْ تَعْلَمُ ۚ وَكَانَ فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكَ عَظِيمًا

    Агар сенга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида, улардан бир тоифаси сени адаштиришга уринган эдилар. Улар фақат ўзларини адаштирадилар, холос. Сенга ҳеч зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ сенга китобни ва ҳикматни туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди. (Яъни, Аллоҳ таоло ўз фазли ва марҳамати ила оятлар тушириб, ҳақиқатни баён қилмаганида, Тўъма ибн Убайрақнинг қавми, уни одамлар олдида оқлашни талаб қилиб, айбни яҳудий шахсга ағдариб, Пайғамбарни адаштиришга уриниб қолган эдилар. Аммо бу ишлари билан улар ўзларини адаштирадилар, холос. Xар қанча уринсалар ҳам Пайғамбарга (с. а. в.) зарар етказа олмайдилар. Аллоҳ доимо ўз Пайғамбарини сақлайди. Мазкур ҳодисада ноқулайликдан сақлаб қолгани ўзига хос фазлу карамдир. Лекин асосий фазли ва ҳақиқий марҳамати: «Аллоҳ сенга китобни (Қуръонни) ва ҳикматни (суннатни) туширди ҳамда билмаган нарсангни билдирди. Ва (шу билан) сенга Аллоҳнинг фазли улуғ бўлди».)

    4:113
  2. لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ ۚ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا

    Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз.

    4:114
  3. وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَىٰ وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّىٰ وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ ۖ وَسَاءَتْ مَصِيرًا

    Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой! (Бу ояти каримада Тўъма ибн Убайрақнинг қариндошларидан Башир ибн Убайраққа ишора қилинмоқда. У Бани Убайрақни фош қилувчи оятлар нозил бўлганидан сўнг муртад бўлиб (диндан чиқиб), мушрикларга қўшилиб кетган эди. Гарчи ишора маълум бир шахсга бўлса ҳам, ҳукм умумийдир. Ким Пайғамбарга (с. а. в.) хилоф қилса, у кишининг йўлидан бошқа йўлга юрса, кофир, мушрик ва муртад бўлади. Ким мўминларнинг йўлидан бошқа йўлни танласа, ўша йўлидан юраверсин, Аллоҳ уни кетган томонига юргазиб қўяверади. Аммо охири олиб бориб жаҳаннамга киритади. Жаҳаннам қандай жойлигини эса, ҳамма билади.)

    4:115

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf