Sura 57 Hadid, oyat 13 – 15

  1. يَوْمَ يَقُولُ الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ لِلَّذِينَ آمَنُوا انْظُرُونَا نَقْتَبِسْ مِنْ نُورِكُمْ قِيلَ ارْجِعُوا وَرَاءَكُمْ فَالْتَمِسُوا نُورًا فَضُرِبَ بَيْنَهُمْ بِسُورٍ لَهُ بَابٌ بَاطِنُهُ فِيهِ الرَّحْمَةُ وَظَاهِرُهُ مِنْ قِبَلِهِ الْعَذَابُ

    Мунофиқ ва мунофиқалар иймонлиларга: «Тўхтаб туринглар, биз ҳам нурингиздан бир оз олайлик», деган ва уларга: «Ортингизга қайтинг ҳамда нур қидиринг», дейилган кунда. Бас, уларнинг орасига эшиги бор қўрғон уриладир. Унинг ичида раҳмат, ташқарисида - олдида азобдир. (Қиёмат куни зулмат бўлиб, албатта, бу ўша кунда рўй берадиган ҳодисаларнинг бир босқичи, холос. Ҳеч ким ҳеч нарсани кўрмай қолганда, мўминларга нур ато қилиниб, улар шодон ва шаҳдам юриб боришади. Шунда мунофиқлар: «Бизни ташлаб кетманглар, кутиб туринглар, бизга ҳам нурингиздан озгина беринглар», деб ялинишар экан. Уларга: «Ортингизга қайтиб, ўзингиз нур ахтаринг», дейиларкан. Улар қандай қилиб нур топишарди. Бу дунёда жоҳилият зулматларидан Ислом нурига чиқишни хоҳламаган эдилар. Энди охират зулматларида хору зор бўлишлари турган гап.)

    57:13
  2. يُنَادُونَهُمْ أَلَمْ نَكُنْ مَعَكُمْ ۖ قَالُوا بَلَىٰ وَلَٰكِنَّكُمْ فَتَنْتُمْ أَنْفُسَكُمْ وَتَرَبَّصْتُمْ وَارْتَبْتُمْ وَغَرَّتْكُمُ الْأَمَانِيُّ حَتَّىٰ جَاءَ أَمْرُ اللَّهِ وَغَرَّكُمْ بِاللَّهِ الْغَرُورُ

    Уларга (мунофиқлар): «Биз сиз билан бирга эмасмидик?!» деб нидо қилурлар. Улар: «Худди шундай. Лекин сизлар Аллоҳнинг амри келгунча ўзингизни ўзингиз фитнага дучор қилдингиз, кўз тикиб кутдингиз, шубҳа қилдингиз ва сизларни хом-хаёллар ғурурга кетказди. Сизларни Аллоҳ ҳақида алдамчи алдаб қўйди.

    57:14
  3. فَالْيَوْمَ لَا يُؤْخَذُ مِنْكُمْ فِدْيَةٌ وَلَا مِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا ۚ مَأْوَاكُمُ النَّارُ ۖ هِيَ مَوْلَاكُمْ ۖ وَبِئْسَ الْمَصِيرُ

    Бугун сизлардан ҳам, куфр келтирганлардан ҳам тўлов олинмас. Жойларингиз жаҳаннамда, у сизнинг эгангиздир. Қандай ҳам ёмон борар жой!» - дерлар. (Мунофиқлар: «Ажаб эмас, Ислом мағлубиятга учраб, мусулмонлар енгилса», деган хом хаёлларга берилиб, ғурурга кетадилар. Мунофиқларни шайтон «Сизлар тўғри иш қиляпсизлар, мабода нотўғри бўлса ҳам, Аллоҳнинг ўзи кечиради», деб уларни алдаб қўяди. Қиёмат кунида уларга ҳеч қандай нажот йўқ.)

    57:15

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf