Sura 57 Hadid, oyat 20 – 25

  1. اعْلَمُوا أَنَّمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا لَعِبٌ وَلَهْوٌ وَزِينَةٌ وَتَفَاخُرٌ بَيْنَكُمْ وَتَكَاثُرٌ فِي الْأَمْوَالِ وَالْأَوْلَادِ ۖ كَمَثَلِ غَيْثٍ أَعْجَبَ الْكُفَّارَ نَبَاتُهُ ثُمَّ يَهِيجُ فَتَرَاهُ مُصْفَرًّا ثُمَّ يَكُونُ حُطَامًا ۖ وَفِي الْآخِرَةِ عَذَابٌ شَدِيدٌ وَمَغْفِرَةٌ مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانٌ ۚ وَمَا الْحَيَاةُ الدُّنْيَا إِلَّا مَتَاعُ الْغُرُورِ

    Билингки, албатта, бу дунё ҳаёти ўйин, кўнгил эрмаги ва зеб-зийнатдан, ўзаро фахрланишдан, мол-мулкни ва бола-чақани кўпайтиришдан иборатдир. Худди ўсимлиги деҳқонларни ажаблантирган ёмғирга ўхшайдир. Кейинроқ бу ўсимликлар қурийдир ва сарғайганини кўрасан. У сўнгра хас-чўпга айланиб кетадир. Охиратда эса қаттиқ азоб бор, Аллоҳдан мағфират ва розилик бор. Бу дунё ҳаёти ғурурга кетгазувчи матодан ўзга ҳеч нарса эмас. (Яъни, бу дунё ҳаёти шундай бир ёмғирга ўхшайдики, у ёққандан сўнг чиққан наботот деҳқонларни ҳайратга солади, завқлантиради. Аслида эса бу ҳол ўткинчидир. Яъни, ўсимликлар тезда қурийди. ранги сарғаяди ва қуриб, қовжираб, уқаланиб кетади. Ҳа, бу дунё ҳаёти ҳам шу каби алдамчидир. Шу билангина овуниб қолмаслиги керак. Чунки охиратда кофирларга қаттиқ азоб, мўминларга эса Аллоҳнинг мағфирати ва розилиги бор. Албатта, бу гаплар тарки дунё қилишга, ҳамма нарсадан юз ўгиришга чақириқ эмас. Балки мезон ва ўлчовларни тўғри йўлга солишга, ўткинчи ҳой-ҳавасдан устун бўлишга даъват, холос.)

    57:20
  2. سَابِقُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِنْ رَبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا كَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ أُعِدَّتْ لِلَّذِينَ آمَنُوا بِاللَّهِ وَرُسُلِهِ ۚ ذَٰلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشَاءُ ۚ وَاللَّهُ ذُو الْفَضْلِ الْعَظِيمِ

    Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг Пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг. Ана ўша Аллоҳнинг фазли. Кимга хоҳласа беради, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир. (Қуръони карим назарида, мусобақа бу дунё ҳаётининг ўткинчи ҳой-ҳавасларига, бойликка, ўйин-кулгуга эмас, балки Аллоҳнинг мағфиратига ва жаннатга элтувчи яхши амалларга қаратилиши керак.)

    57:21
  3. مَا أَصَابَ مِنْ مُصِيبَةٍ فِي الْأَرْضِ وَلَا فِي أَنْفُسِكُمْ إِلَّا فِي كِتَابٍ مِنْ قَبْلِ أَنْ نَبْرَأَهَا ۚ إِنَّ ذَٰلِكَ عَلَى اللَّهِ يَسِيرٌ

    Бирор мусибатни пайдо қилмасамиздан олдин у Китобда битилган бўлур, акс ҳолда ер юзида ва ўз шахсларингизда сизга бирор мусибат етмас. Албатта, бу иш Аллоҳ учун осондир.

    57:22
  4. لِكَيْلَا تَأْسَوْا عَلَىٰ مَا فَاتَكُمْ وَلَا تَفْرَحُوا بِمَا آتَاكُمْ ۗ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ

    Токи, кетган нарсага қайғуриб, келган нарсадан хурсанд бўлмаслигингиз учун, Аллоҳ барча димоғдор ва мақтанчоқларни суймайдир.

    57:23
  5. الَّذِينَ يَبْخَلُونَ وَيَأْمُرُونَ النَّاسَ بِالْبُخْلِ ۗ وَمَنْ يَتَوَلَّ فَإِنَّ اللَّهَ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ

    Улар бахилдирлар ва кишиларни ҳам бахилликка буюрадилар. Ким юз ўгирса, бас, Аллоҳ беҳожат ва мақталган зотдир. (Улар бахиллик қилиб, кишиларни ҳам бахилликка буюрсалар-да, Аллоҳга ҳеч зарари йўқ, чунки Аллоҳ беҳожат, бой ва мақталган зотдир.)

    57:24
  6. لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَأَنْزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَالْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ ۖ وَأَنْزَلْنَا الْحَدِيدَ فِيهِ بَأْسٌ شَدِيدٌ وَمَنَافِعُ لِلنَّاسِ وَلِيَعْلَمَ اللَّهُ مَنْ يَنْصُرُهُ وَرُسُلَهُ بِالْغَيْبِ ۚ إِنَّ اللَّهَ قَوِيٌّ عَزِيزٌ

    Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан(нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб, ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик - унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир. (Ояти каримада Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз Пайғамбарларига юбордим деяётган равшан, очиқ-ойдин нарсалар - мўъжизалар, шариат аҳкомлари, оятлар бўлиши мумкин. Ушбу оят тушган вақтидаёқ мусулмонларни темирга эътибор беришга, ундан самарали фойдаланишга даъват қилган эди. Темирнинг одамлар учун манфаатини санаб тугатиб бўлмайди. Оятнинг охиридаги жумлада бир-икки нозик маъно бор. Жумладан, темирдан ясалган асбобларни ишлатиб, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига ёрдам берувчиларни билиши учун, деган ишора. Маълумки, Аллоҳ илмининг чегараси йўқ - ҳамма нарсани рўй беришидан аввал билиб туради. Лекин бу оятдаги «билиши»ни юзага чиқариши, халойиққа билдириши деб тушунмоқ керак. Шунингдек, «ғойибона» сўзи ҳам Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарларини кўрмасдан туриб уларни динига ёрдам беринглар, деб шарҳланади.)

    57:25

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf