Sura 5 Moida, oyat 72 – 78
-
لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ هُوَ الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ ۖ وَقَالَ الْمَسِيحُ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اعْبُدُوا اللَّهَ رَبِّي وَرَبَّكُمْ ۖ إِنَّهُ مَنْ يُشْرِكْ بِاللَّهِ فَقَدْ حَرَّمَ اللَّهُ عَلَيْهِ الْجَنَّةَ وَمَأْوَاهُ النَّارُ ۖ وَمَا لِلظَّالِمِينَ مِنْ أَنْصَارٍ
Аллоҳ, албатта, Масиҳ ибн Марямдир, деганлар кофир бўлдилар. Масиҳ ибн Марям эса: «Менинг Роббим ва сизнинг Роббингиз Аллоҳга ибодат қилинг. Ким Аллоҳга ширк келтирса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қиладир ва унинг турар жойи дўзах бўладир. Ва золимларга нусрат берувчилар йўқдир», деди.
5:72 -
لَقَدْ كَفَرَ الَّذِينَ قَالُوا إِنَّ اللَّهَ ثَالِثُ ثَلَاثَةٍ ۘ وَمَا مِنْ إِلَٰهٍ إِلَّا إِلَٰهٌ وَاحِدٌ ۚ وَإِنْ لَمْ يَنْتَهُوا عَمَّا يَقُولُونَ لَيَمَسَّنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
Аллоҳ, учтанинг учинчисидир, деганлар, батаҳқиқ, кофир бўлдилар. Ягона илоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ! Агар айтаётганларидан қайтмасалар, улардан куфр келтирганларини аламли азоб тутадир. (Насроний динидагиларнинг мантиқсиз, ўзлари ўйлаб чиқарган, ҳақиқий диний таълимотни бузиб кўрсатадиган ақидаларидан бири ушбу оятда муҳокама қилинмоқда. Улар: «Аллоҳнинг табиати бир-бирига тенг учта кўринишдан–Ота худо, ўғил худо ва муқаддас руҳдан иборатдир. Ўғил худо, яъни, Ийсо воситаси ила бутун махлуқот Ота худога улашади. Ўғил худога фидо қилинганлик, Муқаддас руҳга «тозалаш» нисбати берилади», дейдилар. Шу билан бирга, ўзларини тавҳид ақидасида деб даъво қиладилар.)
5:73 -
أَفَلَا يَتُوبُونَ إِلَى اللَّهِ وَيَسْتَغْفِرُونَهُ ۚ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
Аллоҳга тавба қилиб, Унга истиғфор айтмайдиларми?! Зотан, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир.
5:74 -
مَا الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ إِلَّا رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِهِ الرُّسُلُ وَأُمُّهُ صِدِّيقَةٌ ۖ كَانَا يَأْكُلَانِ الطَّعَامَ ۗ انْظُرْ كَيْفَ نُبَيِّنُ لَهُمُ الْآيَاتِ ثُمَّ انْظُرْ أَنَّىٰ يُؤْفَكُونَ
Масиҳ ибн Марям бир Пайғамбар, холос. Ундан олдин ҳам Пайғамбарлар ўтган. Унинг онаси эса, сиддиқадир. Икковлари ҳам таом ер эдилар. Биз уларга оятларни қандай баён қилаётганимизга назар сол-у, кейин уларнинг қандай бурилиб кетаётганларига назар сол. (Биби Марям бинти Имрон Аллоҳнинг айтганларини, амру фармонини тасдиқловчи–сиддиқадир. Содиқ, пок бир бандадир. Бу кишини ҳам «она Худо» деб эътиқод қилиб бўлмайди. Демак, Масиҳ ибн Марямни ҳам, унинг онаси Марям сиддиқани ҳам «худо» деб эътиқод қилиш хатодир.)
5:75 -
قُلْ أَتَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ مَا لَا يَمْلِكُ لَكُمْ ضَرًّا وَلَا نَفْعًا ۚ وَاللَّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
Сен: «Аллоҳни қўйиб, сизга зарар ҳам, фойда ҳам бера олмайдиган нарсага ибодат қиласизларми?! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи зотдир», деб айт. (Ҳақиқий фойда ва зарар берувчи зот Аллоҳдир, уни қўйиб, фойда ҳам, зарар ҳам бера олмайдиган нарсага, жумладан, Масиҳ ибн Марям ва унинг онасига ибодат қилиш мутлақо нотўғри ишдир. Ким шундай иш қилса, албатта, эътиборсиз қолмайди.)
5:76 -
قُلْ يَا أَهْلَ الْكِتَابِ لَا تَغْلُوا فِي دِينِكُمْ غَيْرَ الْحَقِّ وَلَا تَتَّبِعُوا أَهْوَاءَ قَوْمٍ قَدْ ضَلُّوا مِنْ قَبْلُ وَأَضَلُّوا كَثِيرًا وَضَلُّوا عَنْ سَوَاءِ السَّبِيلِ
Сен: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг», деб айт. (Динда ҳаддан ошишлик арабчада «ғулув» дейилади. Ғулув–аслида, динда бўлмаган нарсаларни ўзини яна ҳам диндорроқ, тақводорроқ кўрсатиш мақсадида динга киритишдир.)
5:77 -
لُعِنَ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ عَلَىٰ لِسَانِ دَاوُودَ وَعِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ ۚ ذَٰلِكَ بِمَا عَصَوْا وَكَانُوا يَعْتَدُونَ
Бани Исроилдан куфр келтирганлари Довуд ва Ийсо ибн Марям тилида лаънатландилар. Бу эса, исён қилганлари ва тажовузкор бўлганлари учун бўлди. (Довуд ва Ийсо алайҳиссаломлар Бани Исроилни исёни ва тажовузкорлиги учун лаънатлаган эдилар. Аслида, ҳидоятга бошлаш учун, Аллоҳ томонидан раҳмат бўлиб келган Пайғамбар бўлар-бўлмас ишга бир қавмни лаънатлайвермайди. Жуда ҳам ўтиб кетганидан, чидаб бўлмайдиган ҳолга етганлигидангина қилиши мумкин бу ишни. Шунинг ўзи ҳам Бани Исроилнинг ким эканлигини кўрсатиб турибди.)
5:78
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf