Sura 61 Saf, oyat 10 – 14

  1. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا هَلْ أَدُلُّكُمْ عَلَىٰ تِجَارَةٍ تُنْجِيكُمْ مِنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ

    Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи тижоратга далолат қилайми?

    61:10
  2. تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ ۚ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

    Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жиҳод қиласизлар. Шундоқ қилмоқларингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир.

    61:11
  3. يَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَيُدْخِلْكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ ۚ ذَٰلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

    Ана шунда, У зот гуноҳларингизни кечирур ва сизларни адн жаннатидаги остидан анҳорлар оқиб турган боғларга ва яхши масканларга киритур. Бу улуғ ютуқдир.

    61:12
  4. وَأُخْرَىٰ تُحِبُّونَهَا ۖ نَصْرٌ مِنَ اللَّهِ وَفَتْحٌ قَرِيبٌ ۗ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ

    Ва сизлар яхши кўрадиган бошқаси ҳам бор. Аллоҳдан ёрдам ва яқин зафар. Ва мўминларга башорат бер. (Ушбу оят Қуръони каримнинг ғойибдан берган хабарларидан бўлиб, улкан мўъжиза ҳамдир. Чунки у Маккаи Мукаррама фатҳ этилишидан аввал тушган. Бундан бир оз вақтдан кейин Аллоҳ таоло ушбу оятда берган ваъдаси устидан чиқди. Аллоҳнинг ёрдами бўлиб, Макка мусулмонлар қўлига ўтди. Сўнг тезда бутун Арабистон ярим ролига Ислом дини тарқалди.)

    61:13
  5. يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا كُونُوا أَنْصَارَ اللَّهِ كَمَا قَالَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ لِلْحَوَارِيِّينَ مَنْ أَنْصَارِي إِلَى اللَّهِ ۖ قَالَ الْحَوَارِيُّونَ نَحْنُ أَنْصَارُ اللَّهِ ۖ فَآمَنَتْ طَائِفَةٌ مِنْ بَنِي إِسْرَائِيلَ وَكَفَرَتْ طَائِفَةٌ ۖ فَأَيَّدْنَا الَّذِينَ آمَنُوا عَلَىٰ عَدُوِّهِمْ فَأَصْبَحُوا ظَاهِرِينَ

    Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг ёрдамчилари бўлинг! Худди Ийсо ибн Марям ҳаворийларга: «Ким Аллоҳ учун менинг ёрдамчим» деганида, ҳаворийлар: «Биз Аллоҳнинг ёрдамчиларимиз», деганларидек. Бас, Бани Исроилдан бир тоифа иймон келтирди ва бир тоифа кофир бўлди. Бас, Биз иймон келтирганларни душманлари устидан қўллаб-қувватладик. Ва улар ғолиб бўлдилар. (Ҳаворийлар Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдлари, у кишига яқин одамлардир. Аллоҳ таоло бу ояти каримада мусулмонларни Ислом динига хизмат қилишга чақирмоқда ва бу хизматни Аллоҳга ёрдамчи бўлиш, деб атамоқда.)

    61:14

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf