Sura 6 An'om, oyat 42 – 50

  1. وَلَقَدْ أَرْسَلْنَا إِلَىٰ أُمَمٍ مِنْ قَبْلِكَ فَأَخَذْنَاهُمْ بِالْبَأْسَاءِ وَالضَّرَّاءِ لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ

    Батаҳқиқ, Биз сендан олдинги умматларга ҳам Пайғамбарлар юборганмиз. Сўнгра, шояд тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва зиёнларга тутганмиз. (Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалгиларга ҳам Пайғамбарлар юборган. Улардан Пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган Бундан, шоядки бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган.)

    6:42
  2. فَلَوْلَا إِذْ جَاءَهُمْ بَأْسُنَا تَضَرَّعُوا وَلَٰكِنْ قَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

    Бизнинг баломиз уларга етганда, тазарруъ қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди.

    6:43
  3. فَلَمَّا نَسُوا مَا ذُكِّرُوا بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّىٰ إِذَا فَرِحُوا بِمَا أُوتُوا أَخَذْنَاهُمْ بَغْتَةً فَإِذَا هُمْ مُبْلِسُونَ

    Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар. (Яъни, улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Аммо иймонсиз, тазарруъсиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Кофир-мушрикларга бу нарсалар берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Бирданига Аллоҳнинг азоби уларни тутди. Энди тавба-тазарруъ қилишга имкон қолмади.)

    6:44
  4. فَقُطِعَ دَابِرُ الْقَوْمِ الَّذِينَ ظَلَمُوا ۚ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ

    Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

    6:45
  5. قُلْ أَرَأَيْتُمْ إِنْ أَخَذَ اللَّهُ سَمْعَكُمْ وَأَبْصَارَكُمْ وَخَتَمَ عَلَىٰ قُلُوبِكُمْ مَنْ إِلَٰهٌ غَيْرُ اللَّهِ يَأْتِيكُمْ بِهِ ۗ انْظُرْ كَيْفَ نُصَرِّفُ الْآيَاتِ ثُمَّ هُمْ يَصْدِفُونَ

    Уларга: «Айтинг-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб қўйса, қалбларингизга муҳр босса, Аллоҳдан ўзга қайси илоҳ уни сизга беради», дегин. Биз оятларни қандай келтиришимизга, сўнгра уларнинг қандай юз ўгириб кетишига назар сол.

    6:46
  6. قُلْ أَرَأَيْتَكُمْ إِنْ أَتَاكُمْ عَذَابُ اللَّهِ بَغْتَةً أَوْ جَهْرَةً هَلْ يُهْلَكُ إِلَّا الْقَوْمُ الظَّالِمُونَ

    Уларга: «Аайтинг-чи, агар сизга Аллоҳнинг азоби бирданига ёки очиқчасига келса, золим қавмларгина ҳалок қилинадилар-ку!» деб айт.

    6:47
  7. وَمَا نُرْسِلُ الْمُرْسَلِينَ إِلَّا مُبَشِّرِينَ وَمُنْذِرِينَ ۖ فَمَنْ آمَنَ وَأَصْلَحَ فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

    Биз Пайғамбарларни фақат башорат берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборамиз. Ким иймон келтириб, амали солиҳ қилса, уларга хавфу хатар йўқ ва улар ранжимаслар.

    6:48
  8. وَالَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا يَمَسُّهُمُ الْعَذَابُ بِمَا كَانُوا يَفْسُقُونَ

    Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни фосиқлик қилганлари учун азоб тутадир.

    6:49
  9. قُلْ لَا أَقُولُ لَكُمْ عِنْدِي خَزَائِنُ اللَّهِ وَلَا أَعْلَمُ الْغَيْبَ وَلَا أَقُولُ لَكُمْ إِنِّي مَلَكٌ ۖ إِنْ أَتَّبِعُ إِلَّا مَا يُوحَىٰ إِلَيَّ ۚ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الْأَعْمَىٰ وَالْبَصِيرُ ۚ أَفَلَا تَتَفَكَّرُونَ

    Сен: «Сизларга, ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор, демайман. Ғайбни биламан ҳам, демайман. Ва яна сизларга, мен фариштаман, ҳам демайман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», деб айт. Сен: «Кўр билан кўзи ўткир тенг бўла оладими? Ўйлаб кўрмайсизларми?» деб айт. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳақиқатни бугунги кунда ҳам чуқур англашга эҳтиёж сезилади. Пайғамбар (с. а. в.) меросхўрлари бўлмиш уламолар динга даъват қилсалар, даъватга қўшиб, молу дунё беришларини ҳам сўрайдилар. Шунингдек, ғайб хабарларидан «фол очиш»ни, бошқалар айни шундай қилишаётганини айтишади. Ёки даъватчи шахсида фариштанинг худди ўзини кўришни хоҳлайдилар. Бу ҳам одам-ку, деб ўйлаб кўрмайдилар.)

    6:50

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf