Sura 7 A'rof, oyat 109 – 126

  1. قَالَ الْمَلَأُ مِنْ قَوْمِ فِرْعَوْنَ إِنَّ هَٰذَا لَسَاحِرٌ عَلِيمٌ

    Фиръавн қавмидан бўлган зодагонлар: «Албатта, бу билимдон сеҳргардир!

    7:109
  2. يُرِيدُ أَنْ يُخْرِجَكُمْ مِنْ أَرْضِكُمْ ۖ فَمَاذَا تَأْمُرُونَ

    Сизларни ерингиздан чиқаришни хоҳлайди. Бас, нимага амр қиласизлар?» дедилар.

    7:110
  3. قَالُوا أَرْجِهْ وَأَخَاهُ وَأَرْسِلْ فِي الْمَدَائِنِ حَاشِرِينَ

    Улар: «Уни ва акасини қўйиб тургин-да, шаҳарларга тўпловчиларни юбор.

    7:111
  4. يَأْتُوكَ بِكُلِّ سَاحِرٍ عَلِيمٍ

    Ҳамма билимдон сеҳргарларни сенга олиб келсинлар», дедилар. (Мусо ва акаси Ҳорунни қўйиб тургин-да, барча шаҳарларга одам юбор, улар бор билимдон сеҳргарларни тўплаб келсинлар.)

    7:112
  5. وَجَاءَ السَّحَرَةُ فِرْعَوْنَ قَالُوا إِنَّ لَنَا لَأَجْرًا إِنْ كُنَّا نَحْنُ الْغَالِبِينَ

    Сеҳргарлар Фиръавнга келиб: «Агар биз ғолиб бўлсак, албатта, мукофот олсак керак?» дедилар.

    7:113
  6. قَالَ نَعَمْ وَإِنَّكُمْ لَمِنَ الْمُقَرَّبِينَ

    У: «Ҳа. Ва, албатта, менинг яқин кишиларимдан бўлурсизлар», деди.

    7:114
  7. قَالُوا يَا مُوسَىٰ إِمَّا أَنْ تُلْقِيَ وَإِمَّا أَنْ نَكُونَ نَحْنُ الْمُلْقِينَ

    Улар: «Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дедилар.

    7:115
  8. قَالَ أَلْقُوا ۖ فَلَمَّا أَلْقَوْا سَحَرُوا أَعْيُنَ النَّاسِ وَاسْتَرْهَبُوهُمْ وَجَاءُوا بِسِحْرٍ عَظِيمٍ

    У: «Сизлар ташланглар», деди. Улар ташлаганларида, одамларнинг кўзини сеҳрладилар, қўрқитдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. (Улар қўлларидаги арқон ва асоларини ташладилар. Бояги арқон ва асолар одамларнинг назарига илон бўлиб кўринди.)

    7:116
  9. وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ مُوسَىٰ أَنْ أَلْقِ عَصَاكَ ۖ فَإِذَا هِيَ تَلْقَفُ مَا يَأْفِكُونَ

    Биз Мусога: «Асонгни ташла», деб ваҳий юбордик. Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади. (Уста сеҳргарларнинг кўзбўямачилиги тўпланганларни даҳшатга солиб қўйган эди. Мусо (а. с.) ҳам кўпчилик билан бирга содир бўлаётган воқеани кузатиб турар эдилар. Аллоҳ у зотга «Асонгни ташла», деб ваҳий юборди. Мусо (а. с.) ерга асони ташладилар. Асо аждарга айланди ва бирдан сеҳргарлар намойиш этаётган уйдирма–кўзбўямачиликларни юта бошлади.)

    7:117
  10. فَوَقَعَ الْحَقُّ وَبَطَلَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

    Бас, ҳақ қарор топди ва уларнинг қилаётганлари ботил бўлди.

    7:118
  11. فَغُلِبُوا هُنَالِكَ وَانْقَلَبُوا صَاغِرِينَ

    Ўша ерда енгилдилар ва беобрў бўлдилар.

    7:119
  12. وَأُلْقِيَ السَّحَرَةُ سَاجِدِينَ

    Ва сеҳргарлар саждага ташланиб:

    7:120
  13. قَالُوا آمَنَّا بِرَبِّ الْعَالَمِينَ

    «Оламларнинг Роббига.

    7:121
  14. رَبِّ مُوسَىٰ وَهَارُونَ

    Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар. (Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо (а. с.) келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)

    7:122
  15. قَالَ فِرْعَوْنُ آمَنْتُمْ بِهِ قَبْلَ أَنْ آذَنَ لَكُمْ ۖ إِنَّ هَٰذَا لَمَكْرٌ مَكَرْتُمُوهُ فِي الْمَدِينَةِ لِتُخْرِجُوا مِنْهَا أَهْلَهَا ۖ فَسَوْفَ تَعْلَمُونَ

    Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.

    7:123
  16. لَأُقَطِّعَنَّ أَيْدِيَكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ مِنْ خِلَافٍ ثُمَّ لَأُصَلِّبَنَّكُمْ أَجْمَعِينَ

    Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди. (Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)

    7:124
  17. قَالُوا إِنَّا إِلَىٰ رَبِّنَا مُنْقَلِبُونَ

    Улар: «Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.

    7:125
  18. وَمَا تَنْقِمُ مِنَّا إِلَّا أَنْ آمَنَّا بِآيَاتِ رَبِّنَا لَمَّا جَاءَتْنَا ۚ رَبَّنَا أَفْرِغْ عَلَيْنَا صَبْرًا وَتَوَفَّنَا مُسْلِمِينَ

    Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.

    7:126

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf