Sura 7 A'rof, oyat 115 – 126

  1. قَالُوا يَا مُوسَىٰ إِمَّا أَنْ تُلْقِيَ وَإِمَّا أَنْ نَكُونَ نَحْنُ الْمُلْقِينَ

    Улар: «Эй Мусо, ёки сен ташла, ёки биз ташловчи бўлайлик», дедилар.

    7:115
  2. قَالَ أَلْقُوا ۖ فَلَمَّا أَلْقَوْا سَحَرُوا أَعْيُنَ النَّاسِ وَاسْتَرْهَبُوهُمْ وَجَاءُوا بِسِحْرٍ عَظِيمٍ

    У: «Сизлар ташланглар», деди. Улар ташлаганларида, одамларнинг кўзини сеҳрладилар, қўрқитдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар. (Улар қўлларидаги арқон ва асоларини ташладилар. Бояги арқон ва асолар одамларнинг назарига илон бўлиб кўринди.)

    7:116
  3. وَأَوْحَيْنَا إِلَىٰ مُوسَىٰ أَنْ أَلْقِ عَصَاكَ ۖ فَإِذَا هِيَ تَلْقَفُ مَا يَأْفِكُونَ

    Биз Мусога: «Асонгни ташла», деб ваҳий юбордик. Бирдан у улар уйдираётган нарсани юта бошлади. (Уста сеҳргарларнинг кўзбўямачилиги тўпланганларни даҳшатга солиб қўйган эди. Мусо (а. с.) ҳам кўпчилик билан бирга содир бўлаётган воқеани кузатиб турар эдилар. Аллоҳ у зотга «Асонгни ташла», деб ваҳий юборди. Мусо (а. с.) ерга асони ташладилар. Асо аждарга айланди ва бирдан сеҳргарлар намойиш этаётган уйдирма–кўзбўямачиликларни юта бошлади.)

    7:117
  4. فَوَقَعَ الْحَقُّ وَبَطَلَ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ

    Бас, ҳақ қарор топди ва уларнинг қилаётганлари ботил бўлди.

    7:118
  5. فَغُلِبُوا هُنَالِكَ وَانْقَلَبُوا صَاغِرِينَ

    Ўша ерда енгилдилар ва беобрў бўлдилар.

    7:119
  6. وَأُلْقِيَ السَّحَرَةُ سَاجِدِينَ

    Ва сеҳргарлар саждага ташланиб:

    7:120
  7. قَالُوا آمَنَّا بِرَبِّ الْعَالَمِينَ

    «Оламларнинг Роббига.

    7:121
  8. رَبِّ مُوسَىٰ وَهَارُونَ

    Мусо ва Ҳоруннинг Роббига иймон келтирдик», дедилар. (Не боисдан сеҳргарлар биринчи бўлиб иймон келтирдилар? Чунки улар Мусо (а. с.) келтирган нарса сеҳр эмас, ҳақиқий илоҳий мўъжиза эканини ҳаммадан бурун англаб етдилар. Сеҳргарларга ҳақиқат биринчи бўлиб етиб борди. Виждонлари уйғонди ва қалбларини иймон нури ёритди. Улар Аллоҳга сажда қилиш учун ўзларини ерга ташладилар.)

    7:122
  9. قَالَ فِرْعَوْنُ آمَنْتُمْ بِهِ قَبْلَ أَنْ آذَنَ لَكُمْ ۖ إِنَّ هَٰذَا لَمَكْرٌ مَكَرْتُمُوهُ فِي الْمَدِينَةِ لِتُخْرِجُوا مِنْهَا أَهْلَهَا ۖ فَسَوْفَ تَعْلَمُونَ

    Фиръавн: «Мен сизга изн бермай туриб унга иймон келтирдингизми?! Албатта, бу сизнинг шаҳардан унинг аҳлини чиқариш учун қилган макрингиздир. Ҳали биласиз.

    7:123
  10. لَأُقَطِّعَنَّ أَيْدِيَكُمْ وَأَرْجُلَكُمْ مِنْ خِلَافٍ ثُمَّ لَأُصَلِّبَنَّكُمْ أَجْمَعِينَ

    Албатта, оёқ-қўлларингизни қарама-қарши томонидан кесаман ва ҳаммангизни осаман», деди. (Бу ҳам барча фиръавнларга хос хусусият. Улар ўзларига қул бўлган фуқароларнинг ҳатто Аллоҳга иймон келтиришни ҳам ундан сўраб, илтижоланиб, адо этишларини хоҳлайдилар. Барча давр фиръавнларининг мўминларга қарши қўллайдиган услуби шу: қадимда қўл-оёқларини кесиб, осишган; ҳозирда қамайдилар, азоблайдилар, отадилар. Аммо уларнинг бу усуллари иймон нури билан чароғон бўлган қалбларга заррача қўрқинч сола олмайди.)

    7:124
  11. قَالُوا إِنَّا إِلَىٰ رَبِّنَا مُنْقَلِبُونَ

    Улар: «Албатта, биз Роббимизга қайтгувчимиз.

    7:125
  12. وَمَا تَنْقِمُ مِنَّا إِلَّا أَنْ آمَنَّا بِآيَاتِ رَبِّنَا لَمَّا جَاءَتْنَا ۚ رَبَّنَا أَفْرِغْ عَلَيْنَا صَبْرًا وَتَوَفَّنَا مُسْلِمِينَ

    Сен биздан фақат Роббимизнинг оятлари келганда уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч олмоқдасан! Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин», дедилар.

    7:126

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf