Sura 7 A'rof, oyat 143 – 145

  1. وَلَمَّا جَاءَ مُوسَىٰ لِمِيقَاتِنَا وَكَلَّمَهُ رَبُّهُ قَالَ رَبِّ أَرِنِي أَنْظُرْ إِلَيْكَ ۚ قَالَ لَنْ تَرَانِي وَلَٰكِنِ انْظُرْ إِلَى الْجَبَلِ فَإِنِ اسْتَقَرَّ مَكَانَهُ فَسَوْفَ تَرَانِي ۚ فَلَمَّا تَجَلَّىٰ رَبُّهُ لِلْجَبَلِ جَعَلَهُ دَكًّا وَخَرَّ مُوسَىٰ صَعِقًا ۚ فَلَمَّا أَفَاقَ قَالَ سُبْحَانَكَ تُبْتُ إِلَيْكَ وَأَنَا أَوَّلُ الْمُؤْمِنِينَ

    Мусо мийқотимизга келиб, Робби унга гапирганида, У: «Роббим, менга (жамолингни) кўрсатгин, сенга назар солай», деди. У зот: «Мени ҳеч кўра олмассан. Лекин тоққа назар сол, агар у маконида собит тура олса, бас, Мени кўрасан», деди. Робби тоққа тажаллий қилганида, уни титилган ҳолга келтирди ва Мусо ҳушидан кетиб йиқилди. Ҳушига келгач: «Сен поксан, Сенга тавба қилдим. Мен мўминларнинг аввалгисиман», деди. (Башар фарзанди тарихидаги тенги ва ўхшаши йўқ ҳодиса. Робб ила банданинг учрашуви. Бутун оламларни яратган Зот билан ўша оламларнинг кичик бир заррасининг юзлашуви. Бу учрашув тафсилотини ва қандай ҳолда рўй берганини Аллоҳнинг Ўзи билади. Биз эса, Қуръонда зикр этилгани билан кифояланамиз, холос. Эҳтимол ушбу учрашув келажакдаги машаққатларни енгиб ўтиш учун Мусога (а. с.) қувват ва сабот манбаи бўлар. Эҳтимол шунинг учун учрашувдан бурун қирқ кун ҳамма нарсани тарк этиб, чилла ўтириб алоҳида ҳозирлик кўрилгандир. Вақти-соати етиб, учрашув ўз вақтида, белгиланган жойда содир бўлди. Бу учрашув араб лафзида «мийқот», яъни, исми замон ва исми макон бўлиб ва учрашув вақти ва замони маъносини билдиради.)

    7:143
  2. قَالَ يَا مُوسَىٰ إِنِّي اصْطَفَيْتُكَ عَلَى النَّاسِ بِرِسَالَاتِي وَبِكَلَامِي فَخُذْ مَا آتَيْتُكَ وَكُنْ مِنَ الشَّاكِرِينَ

    У зот: «Эй Мусо, Мен сени одамлар ичидан Пайғамбарлигим ва гаплашишим ила танлаб олдим. Бас, сенга берган нарсамни ол ва шукр қилувчилардан бўл!» деди.

    7:144
  3. وَكَتَبْنَا لَهُ فِي الْأَلْوَاحِ مِنْ كُلِّ شَيْءٍ مَوْعِظَةً وَتَفْصِيلًا لِكُلِّ شَيْءٍ فَخُذْهَا بِقُوَّةٍ وَأْمُرْ قَوْمَكَ يَأْخُذُوا بِأَحْسَنِهَا ۚ سَأُرِيكُمْ دَارَ الْفَاسِقِينَ

    Ва унга лавҳларда ҳамма нарсадан мавъиза ва ҳар бир нарсанинг тафсилотини ёзиб бердик. «Бас, уларни қувват ила тут ва аҳлингга буюр, уларнинг энг яхшиларини олсинлар. Энди сизларга фосиқларнинг диёрини кўрсатаман», дедик. (Ушбу ояти каримада зикр қилинган «лавҳлар» ҳақида тафсир уламолари кўплаб маълумотлар келтиришган, кўплаб баҳс мунозара қилишган. Аммо кейинги даврдаги муҳаққиқ тафсирчи олимларимиз, маълумотларнинг ҳаммаси ҳам ишончли манбалардан олинмаганлиги учун улар ҳақида тортишувнинг ҳожати йўқ, деган хулосага келганлар. Биз учун «лавҳлар» нимадан иборатлиги, қайси моддадан бўлгани, шакли ёки ҳажми аҳамиятсиз, балки уларга ёзилган маънолар аҳамиятлидир, дейди муфассирлар.)

    7:145

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf