Sura 7 A'rof

  1. وَقَاسَمَهُمَا إِنِّي لَكُمَا لَمِنَ النَّاصِحِينَ

    Уларга: «Албатта, мен сизларга насиҳат қилувчиларданман», деб қасам ичди.

    7:21
  2. فَدَلَّاهُمَا بِغُرُورٍ ۚ فَلَمَّا ذَاقَا الشَّجَرَةَ بَدَتْ لَهُمَا سَوْآتُهُمَا وَطَفِقَا يَخْصِفَانِ عَلَيْهِمَا مِنْ وَرَقِ الْجَنَّةِ ۖ وَنَادَاهُمَا رَبُّهُمَا أَلَمْ أَنْهَكُمَا عَنْ تِلْكُمَا الشَّجَرَةِ وَأَقُلْ لَكُمَا إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمَا عَدُوٌّ مُبِينٌ

    Бас, уларни алдов ила паст(ҳолат)га туширди. Икковлари дарахтдан татиб кўришганда, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар. Шунда Роббилари уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди.

    7:22
  3. قَالَا رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنْفُسَنَا وَإِنْ لَمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ

    Икковлари: «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз», дедилар.

    7:23
  4. قَالَ اهْبِطُوا بَعْضُكُمْ لِبَعْضٍ عَدُوٌّ ۖ وَلَكُمْ فِي الْأَرْضِ مُسْتَقَرٌّ وَمَتَاعٌ إِلَىٰ حِينٍ

    У зот: «Бир-бирингизга душман бўлган ҳолингизда тушинглар. Сизларга ер юзида қароргоҳ бор ва маълум вақтгача фойдаланиш бор», деди.

    7:24
  5. قَالَ فِيهَا تَحْيَوْنَ وَفِيهَا تَمُوتُونَ وَمِنْهَا تُخْرَجُونَ

    У зот: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан қайта чиқариласизлар», деди.

    7:25
  6. يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنْزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا ۖ وَلِبَاسُ التَّقْوَىٰ ذَٰلِكَ خَيْرٌ ۚ ذَٰلِكَ مِنْ آيَاتِ اللَّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ

    Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.)

    7:26
  7. يَا بَنِي آدَمَ لَا يَفْتِنَنَّكُمُ الشَّيْطَانُ كَمَا أَخْرَجَ أَبَوَيْكُمْ مِنَ الْجَنَّةِ يَنْزِعُ عَنْهُمَا لِبَاسَهُمَا لِيُرِيَهُمَا سَوْآتِهِمَا ۗ إِنَّهُ يَرَاكُمْ هُوَ وَقَبِيلُهُ مِنْ حَيْثُ لَا تَرَوْنَهُمْ ۗ إِنَّا جَعَلْنَا الشَّيَاطِينَ أَوْلِيَاءَ لِلَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ

    Эй Одам болалари, шайтон ота-онангизни ўзларига авратларини кўрсатиш учун устларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг ёрдамчилари сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. (Шайтон инсониятнинг ота-онаси Одам ато ва Момо Ҳавони қандай фитнага солгани юқоридаги оятлардан маълум бўлди. У Одам ато ва Момо Ҳавони гуноҳга чорлаб яланғоч қилди ва жаннатдан чиқаришга муяссар бўлди. Одам болалари бу ҳодисани зинҳор унутмасликлари зарур. Акс ҳолда, шайтон уларни ҳам шармандаларча яланғочлаб, жаннатдан маҳрум этади.)

    7:27
  8. وَإِذَا فَعَلُوا فَاحِشَةً قَالُوا وَجَدْنَا عَلَيْهَا آبَاءَنَا وَاللَّهُ أَمَرَنَا بِهَا ۗ قُلْ إِنَّ اللَّهَ لَا يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاءِ ۖ أَتَقُولُونَ عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

    Улар қачон фоҳиша иш қилсалар: «Ота-боболаримиз ушбуни қилаётганини кўрдик. Буни бизга Аллоҳ буюрган», дерлар. сен: «Аллоҳ, албатта, фаҳш ишларга буюрмас. Аллоҳ шаънига билмайдиган нарсангизни айтасизми?!» дегин.

    7:28
  9. قُلْ أَمَرَ رَبِّي بِالْقِسْطِ ۖ وَأَقِيمُوا وُجُوهَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَادْعُوهُ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ ۚ كَمَا بَدَأَكُمْ تَعُودُونَ

    Сен: «Роббим адолатга амр қилди. Ҳар бир ибодатда юзингизни тўғри тутинг. Унинг динига ихлос этган ҳолда дуо қилинг. Сизларни аввалда қандай яратган бўлса, ўша ҳолда қайтарсизлар», деб айт.

    7:29
  10. فَرِيقًا هَدَىٰ وَفَرِيقًا حَقَّ عَلَيْهِمُ الضَّلَالَةُ ۗ إِنَّهُمُ اتَّخَذُوا الشَّيَاطِينَ أَوْلِيَاءَ مِنْ دُونِ اللَّهِ وَيَحْسَبُونَ أَنَّهُمْ مُهْتَدُونَ

    Бир гуруҳни ҳидоят қилди. Бошқа гуруҳга йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб шайтонларни ўзларига дўст тутдилар. Ҳамда ўзларини, албатта, ҳидоят топганлар, деб ҳисоблайдилар. (Ҳатто Пайғамбарлар, авлиё ва солиҳ бандалар ҳам шайтон васвасасидан саломат қолмаганлар. Аммо улар доимо яхшиликни ихтиёр қилганлари, ёмонликдан қочганликлари учун Аллоҳ ҳидоятига сазовор бўлганлар. Хатокорларни ҳам биров мажбур қилиб ёки зўрлаб йўлдан оздиргани йўқ, шайтон фитнаси шу ҳолга туширди. Икки гуруҳ ҳам Аллоҳ ҳузурига қайтадилар.)

    7:30
  11. يَا بَنِي آدَمَ خُذُوا زِينَتَكُمْ عِنْدَ كُلِّ مَسْجِدٍ وَكُلُوا وَاشْرَبُوا وَلَا تُسْرِفُوا ۚ إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُسْرِفِينَ

    Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. (Ўтган ояти каримада келганидек, кийимсиз ҳолда ибодат-тавоф қилиш ёхуд жанда, ямоқ-ясқоқ кийим билан бажариш ибодат фазли ва савобини зиёда этмайди. Лекин табиати бузуқ кишилар бузуқ диндорликка уринадилар, тақвони жулдур кийимлар ила ҳосил бўладиган этиб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Аллоҳ таоло эса, энгил-бошда ҳаддан ошиб фахр ва ғурурга кетишни қоралаганидек, унинг паст ва табиатсиз ҳолда истеъмол қилинишини ҳам қоралайди.)

    7:31
  12. قُلْ مَنْ حَرَّمَ زِينَةَ اللَّهِ الَّتِي أَخْرَجَ لِعِبَادِهِ وَالطَّيِّبَاتِ مِنَ الرِّزْقِ ۚ قُلْ هِيَ لِلَّذِينَ آمَنُوا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا خَالِصَةً يَوْمَ الْقِيَامَةِ ۗ كَذَٰلِكَ نُفَصِّلُ الْآيَاتِ لِقَوْمٍ يَعْلَمُونَ

    Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз. (Ушбу оятлар эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳ амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушгани ва бу орқали ҳамма замон кофирларига хитоб қилинаётгани бошда айтиб ўтилган эди. Яланғоч ҳолда тавоф қилиш жоиз эмаслигини тушуниб етган мусулмонлар кийим-бош билан тавоф қилишса, мушриклар уларнинг устиларидан кулишган. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани нозил қилган.)

    7:32
  13. قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

    «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан билмаган нарсани айтишни ҳаром қилган, холос», деб айт.

    7:33
  14. وَلِكُلِّ أُمَّةٍ أَجَلٌ ۖ فَإِذَا جَاءَ أَجَلُهُمْ لَا يَسْتَأْخِرُونَ سَاعَةً ۖ وَلَا يَسْتَقْدِمُونَ

    Ҳар бир умматнинг ажали бор. Ажаллари келган вақтида бирор соатга кетга ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар. (Дунёга келган ҳар бир шахснинг белгилик ажали бўлиб, ўша ажал келганда бу дунёни, албатта, тарк этиши ҳақиқат. Шунингдек, оламдаги ҳар бир уммат–халқ ва қавмнинг ҳам белгилик ажали бор. Бу ажал муқаррар суратда, ўз вақтида келади. Уни на бирор соат олдинга, на бирор соат ортга сура оладилар.)

    7:34
  15. يَا بَنِي آدَمَ إِمَّا يَأْتِيَنَّكُمْ رُسُلٌ مِنْكُمْ يَقُصُّونَ عَلَيْكُمْ آيَاتِي ۙ فَمَنِ اتَّقَىٰ وَأَصْلَحَ فَلَا خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلَا هُمْ يَحْزَنُونَ

    Эй Одам болалари, агар сизларга ўзингиздан бўлган Пайғамбарлар келиб, оятларимни сўзлаганда, бас, ким тақво қилса ва яхши амал қилса, уларга хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар.

    7:35
  16. وَالَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا وَاسْتَكْبَرُوا عَنْهَا أُولَٰئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ ۖ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ

    Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганлар, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар.

    7:36
  17. فَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَىٰ عَلَى اللَّهِ كَذِبًا أَوْ كَذَّبَ بِآيَاتِهِ ۚ أُولَٰئِكَ يَنَالُهُمْ نَصِيبُهُمْ مِنَ الْكِتَابِ ۖ حَتَّىٰ إِذَا جَاءَتْهُمْ رُسُلُنَا يَتَوَفَّوْنَهُمْ قَالُوا أَيْنَ مَا كُنْتُمْ تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ ۖ قَالُوا ضَلُّوا عَنَّا وَشَهِدُوا عَلَىٰ أَنْفُسِهِمْ أَنَّهُمْ كَانُوا كَافِرِينَ

    Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарган кимсадан ҳам золимроқ одам борми?! Ана ўшаларга китобдан насибалари етадир. Бизнинг элчиларимиз келиб уларнинг жонларини олаётиб: «Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсаларингиз қани?» дерлар. Улар: «Биздан ғоиб бўлишди», дерлар ва ўз зиёнларига, кофир бўлганларини айтиб, гувоҳлик берарлар.

    7:37
  18. قَالَ ادْخُلُوا فِي أُمَمٍ قَدْ خَلَتْ مِنْ قَبْلِكُمْ مِنَ الْجِنِّ وَالْإِنْسِ فِي النَّارِ ۖ كُلَّمَا دَخَلَتْ أُمَّةٌ لَعَنَتْ أُخْتَهَا ۖ حَتَّىٰ إِذَا ادَّارَكُوا فِيهَا جَمِيعًا قَالَتْ أُخْرَاهُمْ لِأُولَاهُمْ رَبَّنَا هَٰؤُلَاءِ أَضَلُّونَا فَآتِهِمْ عَذَابًا ضِعْفًا مِنَ النَّارِ ۖ قَالَ لِكُلٍّ ضِعْفٌ وَلَٰكِنْ لَا تَعْلَمُونَ

    У зот: «Сиздан олдин ўтган, жин ва инсдан бўлган умматлар билан дўзахга киринг», дер. Қачонки қайси бир уммат (дўзахга) кирса, шеригини лаънатлар. Бироқ у ерда ҳаммалари топишганларида, кейингилари аввалгиларини (маломат қилиб): «Эй Роббимиз, бизни анавилар адаштирган эдилар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бер», дерлар. У зот: «Ҳаммага ҳам икки баробар, лекин билмассизлар», дер. (Осий зот айнан ўз шеригига эргашиб, оқибат ушбу балойи азимга гирифтор бўлди. Шундай қилиб, бир-бирларини лаънатлаб, бирин-кетин дўзахда топишадилар: «Ҳаммалари унда топишганда эса, кейингилари аввалгиларини (маломат қилиб): «Эй Роббимиз, бизни анавилар адаштирган эдилар. Уларга дўзах азобини икки баробар қилиб бер», дерлар».)

    7:38
  19. وَقَالَتْ أُولَاهُمْ لِأُخْرَاهُمْ فَمَا كَانَ لَكُمْ عَلَيْنَا مِنْ فَضْلٍ فَذُوقُوا الْعَذَابَ بِمَا كُنْتُمْ تَكْسِبُونَ

    Аввалгилар кейингиларга: «Сизларни биздан афзаллик томонингиз йўқ. Қилган касбингизга яраша азобни тортаверинглар», дерлар.

    7:39
  20. إِنَّ الَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا وَاسْتَكْبَرُوا عَنْهَا لَا تُفَتَّحُ لَهُمْ أَبْوَابُ السَّمَاءِ وَلَا يَدْخُلُونَ الْجَنَّةَ حَتَّىٰ يَلِجَ الْجَمَلُ فِي سَمِّ الْخِيَاطِ ۚ وَكَذَٰلِكَ نَجْزِي الْمُجْرِمِينَ

    Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. Жиноятчиларни мана шундай жазолаймиз. (Уларнинг руҳлари осмонга олиб чиқилганда, эшик очилмай, аҳволлари расво бўлган эди. Энди жаннатга киришлари учун ғоят оғир шарт қўйилмоқда. Бир тарафда улкан жуссали тоғдек туя дарёдек пишқириб турибди. Иккинчи тарафда кўз илғаб-илғамай бир игна. Аммо унинг тешигини, унга нигоҳи ўткир одам яқинроқдан тикилмаса, кўрмайди ҳам. Бу баҳайбат туя ушбу кичкина тешикдан ўтса, бош устига, «анавилар» ҳам жаннатга кираверсинлар. Бу илоҳий таъбир оддийгина қилиб, абадул абад жаннатга кирмайди, дейишдан кўра юз чандон таъсирчандир. Бу ҳам уларнинг азобига азоб, жазосига жазо қўшиш учундир.)

    7:40

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf