Sura 9 Tavba, oyat 38 – 42
-
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَا لَكُمْ إِذَا قِيلَ لَكُمُ انْفِرُوا فِي سَبِيلِ اللَّهِ اثَّاقَلْتُمْ إِلَى الْأَرْضِ ۚ أَرَضِيتُمْ بِالْحَيَاةِ الدُّنْيَا مِنَ الْآخِرَةِ ۚ فَمَا مَتَاعُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا فِي الْآخِرَةِ إِلَّا قَلِيلٌ
Эй иймон келтирганлар! Сизга нима бўлдики, Аллоҳнинг йўлида қўзғолинг дейилса, ерга ёпишиб олдингиз. Ёки охиратни қўйиб, ҳаёти дунёга рози бўлдингизми? Охират олдида бу ҳаёти дунё жуда оз-ку?! (Бу ояти карима Табук урушига оммавий сафарбарлик эълон қилингандан сўнг юз берган баъзи ҳолатлар туфайли нозил бўлган.)
9:38 -
إِلَّا تَنْفِرُوا يُعَذِّبْكُمْ عَذَابًا أَلِيمًا وَيَسْتَبْدِلْ قَوْمًا غَيْرَكُمْ وَلَا تَضُرُّوهُ شَيْئًا ۗ وَاللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ
Агар қўзғолмасангиз, У зот сизни аламли азоб билан азоблайдир. Ўрнингизга бошқа қавмни келтирадир. Сиз Унга зарар келтира олмассиз. Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир.
9:39 -
إِلَّا تَنْصُرُوهُ فَقَدْ نَصَرَهُ اللَّهُ إِذْ أَخْرَجَهُ الَّذِينَ كَفَرُوا ثَانِيَ اثْنَيْنِ إِذْ هُمَا فِي الْغَارِ إِذْ يَقُولُ لِصَاحِبِهِ لَا تَحْزَنْ إِنَّ اللَّهَ مَعَنَا ۖ فَأَنْزَلَ اللَّهُ سَكِينَتَهُ عَلَيْهِ وَأَيَّدَهُ بِجُنُودٍ لَمْ تَرَوْهَا وَجَعَلَ كَلِمَةَ الَّذِينَ كَفَرُوا السُّفْلَىٰ ۗ وَكَلِمَةُ اللَّهِ هِيَ الْعُلْيَا ۗ وَاللَّهُ عَزِيزٌ حَكِيمٌ
Агар сиз унга ёрдам бермасангиз, батаҳқиқ, Аллоҳ унга, куфр келтирганлар уни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқарганларида, нусрат берди. Улар икковлон ғорда турганларида, у шеригига, хафа бўлма, Аллоҳ, албатта, биз билан, деди. Бас, Аллоҳ унинг устидан Ўз сокинлигини нозил қилди ва сиз кўрмаган лашкарлар билан қўллади. Куфр келтирганлар калимасини паст қилди. Аллоҳнинг калимаси эса, ўзи юқори. Аллоҳ ғолиб ва ҳикматли зотдир. (Эй мўминман деб юрганлар, агар сиз бу сафар Пайғамбарга ёрдам бермасангиз, ҳечқиси йўқ, сизга ёмон бўлади. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига ёрдам бериши турган гап. Уни Маккада кофирлар ўлдирмоқчи бўлиб, гапни бир жойга қўйганларида ҳам Аллоҳ унга нусрат берган. Аллоҳ кофирларнинг ёмон ниятларини унга билдирган ва унга чиқиб кетишни амр қилган. Пайғамбар (с. а. в.) Абу Бакр Сиддиқ билан бирга ҳижратга чиққанлар. Мушриклар кўп эдилар, Аллоҳ Пайғамбарига ёрдам берган.)
9:40 -
انْفِرُوا خِفَافًا وَثِقَالًا وَجَاهِدُوا بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ۚ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ
Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғолингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жиҳод қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир. (Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар, ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)
9:41 -
لَوْ كَانَ عَرَضًا قَرِيبًا وَسَفَرًا قَاصِدًا لَاتَّبَعُوكَ وَلَٰكِنْ بَعُدَتْ عَلَيْهِمُ الشُّقَّةُ ۚ وَسَيَحْلِفُونَ بِاللَّهِ لَوِ اسْتَطَعْنَا لَخَرَجْنَا مَعَكُمْ يُهْلِكُونَ أَنْفُسَهُمْ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ
Агар осон манфаат ва яқин сафар бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўринди. Улар тезда Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар қодир бўлганимизда, албатта, сиз билан чиқар эдик», дерлар. Улар ўзларини ҳалок қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ улар ёлғончи эканларини, албатта, билади. (Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)
9:42
Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf