Sura 9 Tavba

  1. انْفِرُوا خِفَافًا وَثِقَالًا وَجَاهِدُوا بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ ۚ ذَٰلِكُمْ خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

    Енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам, қўзғолингиз ва Аллоҳнинг йўлида молларингиз ва жонларингиз ила жиҳод қилингиз. Агар билсангиз, шу ишингиз ўзингиз учун яхшидир. (Мусулмон инсон Аллоҳнинг йўлида молини ҳам, жонини ҳам қурбон қилишга доим тайёр турмоғи зарурдир. Ана шундагина ўзларига яхши қилган бўладилар. Мухлис мусулмонлар бу олий маънони тўлиқ тушунган пайтларида «енгил бўлса ҳам, оғир бўлса ҳам», қўзғолганлар. Аллоҳнинг йўлида молларини ва жонларини фидо қилганлар, ваъда қилинган яхшиликка эришганлар. Бутун дунёга етакчи халқ бўлганлар.)

    9:41
  2. لَوْ كَانَ عَرَضًا قَرِيبًا وَسَفَرًا قَاصِدًا لَاتَّبَعُوكَ وَلَٰكِنْ بَعُدَتْ عَلَيْهِمُ الشُّقَّةُ ۚ وَسَيَحْلِفُونَ بِاللَّهِ لَوِ اسْتَطَعْنَا لَخَرَجْنَا مَعَكُمْ يُهْلِكُونَ أَنْفُسَهُمْ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ

    Агар осон манфаат ва яқин сафар бўлганида, албатта, сенга эргашар эдилар. Лекин уларга масофа узоқ кўринди. Улар тезда Аллоҳ номи билан қасам ичиб: «Агар қодир бўлганимизда, албатта, сиз билан чиқар эдик», дерлар. Улар ўзларини ҳалок қиладилар. Ҳолбуки, Аллоҳ улар ёлғончи эканларини, албатта, билади. (Мунофиқлар шахсий манфаатларини кўзлаб, мусулмонлар орасига суқилиб олган кимсалар эди. Ўзларини сиртдан мухлис мусулмон қилиб кўрсатишарди. Лекин Табук ғазотига умумий сафарбарлик эълон қилиниши билан уларнинг сирлари фош бўлиб қолди.)

    9:42
  3. عَفَا اللَّهُ عَنْكَ لِمَ أَذِنْتَ لَهُمْ حَتَّىٰ يَتَبَيَّنَ لَكَ الَّذِينَ صَدَقُوا وَتَعْلَمَ الْكَاذِبِينَ

    Аллоҳ сени авф қилди. Нима учун уларга то сенга ростгўй бўлганлар равшан бўлмай туриб ва ёлғончиларни билмасингдан туриб, изн бердинг? (Пайғамбар (с. а. в.) мунофиқлардан баъзиларига урушга бормасликка изн бериб қўйган эдилар. Аслида, шошилиб рухсат бергандан кўра, кутиб турганларида яхши бўлар эди. Чунки изн олганларнинг кимлиги билинмай қолди. Изн бўлмаганда ҳам сафарбарликдан қолар эдилар. Шунда уларнинг мунофиқлиги ҳаммага ошкор бўларди.)

    9:43
  4. لَا يَسْتَأْذِنُكَ الَّذِينَ يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ أَنْ يُجَاهِدُوا بِأَمْوَالِهِمْ وَأَنْفُسِهِمْ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالْمُتَّقِينَ

    Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар сендан моллари ва жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга изн сўрамайдилар. Аллоҳ тақводорларни билгувчи зотдир.

    9:44
  5. إِنَّمَا يَسْتَأْذِنُكَ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ وَارْتَابَتْ قُلُوبُهُمْ فَهُمْ فِي رَيْبِهِمْ يَتَرَدَّدُونَ

    Албатта фақат Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиганлар ва қалблари шубҳага тўлганларгина сендан изн сўрарлар. Бас, улар шубҳаларида иккиланаверадилар.

    9:45
  6. وَلَوْ أَرَادُوا الْخُرُوجَ لَأَعَدُّوا لَهُ عُدَّةً وَلَٰكِنْ كَرِهَ اللَّهُ انْبِعَاثَهُمْ فَثَبَّطَهُمْ وَقِيلَ اقْعُدُوا مَعَ الْقَاعِدِينَ

    Агар чиқишни хоҳлаганларида, унга тайёргарлик кўрар эдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг ҳаракатланишларини ёқтирмай тутиб қолди. Уларга, ўтирувчилар билан ўтиринглар, деди. (Ўша иймонсиз мунофиқларда, аслида, жиҳодга чиқиш нияти бўлса, аввалдан тайёргарлик кўриб қўйган бўлар эдилар. Сафарбарлик эълон этилгандан сўнг турли баҳоналар қилиб, жиҳоддан қолишга изн сўраб келишлари, уларнинг жиҳодга чиқиш ниятлари йўқлигидандир.)

    9:46
  7. لَوْ خَرَجُوا فِيكُمْ مَا زَادُوكُمْ إِلَّا خَبَالًا وَلَأَوْضَعُوا خِلَالَكُمْ يَبْغُونَكُمُ الْفِتْنَةَ وَفِيكُمْ سَمَّاعُونَ لَهُمْ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ بِالظَّالِمِينَ

    Агар улар ичингизда чиққанларида ҳам сизга ёмонликдан бошқа нарсани зиёда қилмасдилар, тезлаб орангизга фитна солишга уринардилар. Ҳолбуки, ичингизда уларга қулоқ солувчилар бор эди. Аллоҳ золимларни билгувчи зотдир.

    9:47
  8. لَقَدِ ابْتَغَوُا الْفِتْنَةَ مِنْ قَبْلُ وَقَلَّبُوا لَكَ الْأُمُورَ حَتَّىٰ جَاءَ الْحَقُّ وَظَهَرَ أَمْرُ اللَّهِ وَهُمْ كَارِهُونَ

    Батаҳқиқ, бундан аввал ҳам, улар ёқтирмасалар-да, ҳақ келиб, Аллоҳнинг иши устун бўлгунича, фитна қўзиб, сенга ишларни ағдар-тўнтар қилишар эди. (Яъни, мунофиқлар аввалдан фитначи бўлиб келганлар. Улар Пайғамбаримиз (с. а. в.) Мадинаи Мунавварага келган пайтларида устма-уст фитна қўзғашган. Доимо ишларни остин-устин қилиб бузиб юришган. Токи Аллоҳ имкон бериб, душманлар устидан ғалаба қозониб, Ислом куч-қувватга эга бўлгандагина, қўрққанларидан бир оз бўшашиб қолишган эди.)

    9:48
  9. وَمِنْهُمْ مَنْ يَقُولُ ائْذَنْ لِي وَلَا تَفْتِنِّي ۚ أَلَا فِي الْفِتْنَةِ سَقَطُوا ۗ وَإِنَّ جَهَنَّمَ لَمُحِيطَةٌ بِالْكَافِرِينَ

    Улардан: «Менга изн бер, мени фитнага солма», дейдигани ҳам бор. Ажабо, улар фитнага тушмадиларми? Албатта, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир. (Ушбу ояти кариманинг сабаби нузули ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ қуйидаги ривоятни келтирадилар: «Расулуллоҳ (с. а. в.) бир куни жангга ҳозирлик кўриб (Табук жангига) Жадд ибн Қайсга: «Эй Жадд, Бани Асфарга (яъни, румликларга) қарши курашга тайёрмисан?» дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга изн бер, мени фитнага солма. Мен Бани Асфар (сариқлар)нинг хотинларини кўрсам, чидай олмайман, деб қўрқаман», деди. Шунда Расулуллоҳ (с. а. в.) ундан юз ўгирдилар ва: «Сенга изн бердим», дедилар.)

    9:49
  10. إِنْ تُصِبْكَ حَسَنَةٌ تَسُؤْهُمْ ۖ وَإِنْ تُصِبْكَ مُصِيبَةٌ يَقُولُوا قَدْ أَخَذْنَا أَمْرَنَا مِنْ قَبْلُ وَيَتَوَلَّوْا وَهُمْ فَرِحُونَ

    Агар сенга яхшилик етса, уларни хафа қиладир. Агар сенга мусибат етса: «Олдиндан ишнинг олдини олган эдик», деб хурсанд бўлиб юз ўгириб кетарлар. (Аҳли Исломга етган яхшилик мунофиқлар учун мусибатдир. Аммо аҳли Исломга мусибат етса, мунофиқлар хурсанд бўладилар. Яхшиям уларга қўшилмаганимиз, уларнинг гапига кирмай, ишнинг олдини олган эканмиз, соғ-саломат қолдик, дейишади.)

    9:50
  11. قُلْ لَنْ يُصِيبَنَا إِلَّا مَا كَتَبَ اللَّهُ لَنَا هُوَ مَوْلَانَا ۚ وَعَلَى اللَّهِ فَلْيَتَوَكَّلِ الْمُؤْمِنُونَ

    Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилсинлар», деб айт. (Яъни, бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз.)

    9:51
  12. قُلْ هَلْ تَرَبَّصُونَ بِنَا إِلَّا إِحْدَى الْحُسْنَيَيْنِ ۖ وَنَحْنُ نَتَرَبَّصُ بِكُمْ أَنْ يُصِيبَكُمُ اللَّهُ بِعَذَابٍ مِنْ عِنْدِهِ أَوْ بِأَيْدِينَا ۖ فَتَرَبَّصُوا إِنَّا مَعَكُمْ مُتَرَبِّصُونَ

    Сен: «Сиз биз учун фақат икки яхшиликдан бирини кутмоқдасиз, холос. Биз эса, Аллоҳ сизни Ўз ҳузурида бўладиган ёки бизнинг қўлимиздан етадиган азобга дучор қилишини кутмоқдамиз. Бас, кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан бирга кутувчилармиз», деб айт. (Жиҳодга бормай қолган мунофиқлар жиҳодга кетган мусулмонлар учун икки нарсадан бирини кутадилар, холос. Ўша икки нарса ҳам мусулмон учун яхшиликдир. Улардан бири–мусулмон инсоннинг олий мақсади–Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишдир. Иккинчиси эса–урушда ғолиб келишдир.)

    9:52
  13. قُلْ أَنْفِقُوا طَوْعًا أَوْ كَرْهًا لَنْ يُتَقَبَّلَ مِنْكُمْ ۖ إِنَّكُمْ كُنْتُمْ قَوْمًا فَاسِقِينَ

    Сен: «Хоҳлаб ёки хоҳламай нафақа қилаверинглар. Сиздан зинҳор қабул қилинмайди. Сизлар, шубҳасиз, фосиқ қавм бўлдингиз», деб айт.

    9:53
  14. وَمَا مَنَعَهُمْ أَنْ تُقْبَلَ مِنْهُمْ نَفَقَاتُهُمْ إِلَّا أَنَّهُمْ كَفَرُوا بِاللَّهِ وَبِرَسُولِهِ وَلَا يَأْتُونَ الصَّلَاةَ إِلَّا وَهُمْ كُسَالَىٰ وَلَا يُنْفِقُونَ إِلَّا وَهُمْ كَارِهُونَ

    Уларнинг нафақаларининг қабул этлишидан ман қилган нарса фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига куфр келтирганлари, намозга доимо дангаса ҳолларида келганлари ва доимо ёқтирмай инфоқ қилганларидир.

    9:54
  15. فَلَا تُعْجِبْكَ أَمْوَالُهُمْ وَلَا أَوْلَادُهُمْ ۚ إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمْ بِهَا فِي الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَتَزْهَقَ أَنْفُسُهُمْ وَهُمْ كَافِرُونَ

    Уларнинг моллари ва болалари сени ажаблантирмасин. Аслида, Аллоҳ ўша нарсалар сабабли уларни ҳаёти дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишни хоҳлайди, холос.

    9:55
  16. وَيَحْلِفُونَ بِاللَّهِ إِنَّهُمْ لَمِنْكُمْ وَمَا هُمْ مِنْكُمْ وَلَٰكِنَّهُمْ قَوْمٌ يَفْرَقُونَ

    Улар ўзлари, албатта, сиздан эканликларига Аллоҳ номи ила қасам ичарлар. Ҳолбуки, улар сиздан эмас. Лекин улар қўрқадиган қавмдирлар.

    9:56
  17. لَوْ يَجِدُونَ مَلْجَأً أَوْ مَغَارَاتٍ أَوْ مُدَّخَلًا لَوَلَّوْا إِلَيْهِ وَهُمْ يَجْمَحُونَ

    Агар бирор бошпаноҳми, ғорми ёки кириб оладиган жойми топсалар, шошилиб ўша томонга юзланарлар. (Мунофиқларнинг мунофиқ бўлишининг асосий сабабларидан бири ҳам уларнинг қўрқоқликларидир. Уларга жон ширин туюлиб, ҳамма нарсадан қўрқиб, доимо ўзларини панага олиб юрадилар. Қаердан паноҳ топсалар, ўша ерга жойлашадилар. Бошпаноҳ берганга маъқул тўнни киядилар.)

    9:57
  18. وَمِنْهُمْ مَنْ يَلْمِزُكَ فِي الصَّدَقَاتِ فَإِنْ أُعْطُوا مِنْهَا رَضُوا وَإِنْ لَمْ يُعْطَوْا مِنْهَا إِذَا هُمْ يَسْخَطُونَ

    Улардан садақалар ишида сенга айб қўядиганлари ҳам бор. Агар ўша садақалардан уларга берилса, улар рози бўладилар. Агар берилмаса, кўрибсанки, ғазабланадилар.

    9:58
  19. وَلَوْ أَنَّهُمْ رَضُوا مَا آتَاهُمُ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَقَالُوا حَسْبُنَا اللَّهُ سَيُؤْتِينَا اللَّهُ مِنْ فَضْلِهِ وَرَسُولُهُ إِنَّا إِلَى اللَّهِ رَاغِبُونَ

    Агар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсаларидан рози бўлганларида ва Аллоҳ бизга кифоя қилур, бизга тезда Аллоҳ ва Унинг Расули Ўз фазлидан беради, албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз, деганларида, яхши бўларди.

    9:59
  20. إِنَّمَا الصَّدَقَاتُ لِلْفُقَرَاءِ وَالْمَسَاكِينِ وَالْعَامِلِينَ عَلَيْهَا وَالْمُؤَلَّفَةِ قُلُوبُهُمْ وَفِي الرِّقَابِ وَالْغَارِمِينَ وَفِي سَبِيلِ اللَّهِ وَابْنِ السَّبِيلِ ۖ فَرِيضَةً مِنَ اللَّهِ ۗ وَاللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٌ

    Албатта, садақалар фақирларга, мискинларга, садақа ишида ишловчиларга, кўнгилларини улфат қилинадиганларга, қул озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳнинг йўлига ва йўл ўғлиларига берилиши Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Аллоҳ билгувчи ва ҳикматли зотдир. («Садақалар» деганда «закот» назарда тутилгандир. Демак, садақаларни ҳар ким ҳам олавермайди, балки Аллоҳ таоло Ўзи тайинлаган кишиларгина оладилар. Бошқаларга закот олиш ҳаромдир. «Кўнгилларини улфат қилинадиганлар». Яъни, баъзи кишиларнинг кўнгилларини Исломга моил қилиш учун ҳам закотдан тушган молдан берилади. «қарздорларга»–турли сабабларга кўра қарз бўлиб қолган одамга уни узиш учун ёрдам тариқасида закотдан берилади. «Аллоҳнинг йўли»–энг аввало, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилаётганларни, қолаверса, дину диёнат, мусулмонлар оммаси фойдаси учун бўладиган ишларни ичига олади. «йўл ўғли»–яъни, сафарда, ватанидан узоқда оғир ижтимоий ҳолга тушиб қолган шахс.)

    9:60

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf