Sura 29 Ankabut

  1. مَثَلُ الَّذِينَ اتَّخَذُوا مِنْ دُونِ اللَّهِ أَوْلِيَاءَ كَمَثَلِ الْعَنْكَبُوتِ اتَّخَذَتْ بَيْتًا ۖ وَإِنَّ أَوْهَنَ الْبُيُوتِ لَبَيْتُ الْعَنْكَبُوتِ ۖ لَوْ كَانُوا يَعْلَمُونَ

    Аллоҳни қўйиб, ўзга дўстлар тутганларнинг мисоли ўзига уй тутган ўргимчакка ўхшайди. Ҳолбуки, энг заиф уй ўргимчакнинг уясидир. Кошки билсалар эди. (Аллоҳдан ўзганинг йўлини тутганлар, унинг уйидан ўзга уйда яшашни ихтиёр қилганлар ўзларининг ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини кошки билсалар эди. Уларнинг тузган тузумлари худди ўргимчак уясига ўхшаб, ўта нимжон эканини билсалар эди. Такаббурликлари ила Аллоҳ қуриб берган улуғвор қасрни инкор этиб, ўргимчак уясида яшашни ихтиёр қилаётганларини билсалар эди. Бу ҳақиқатни биладиларми, билмайдиларми — уларга фарқи йўқ.)

    29:41
  2. إِنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا يَدْعُونَ مِنْ دُونِهِ مِنْ شَيْءٍ ۚ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ

    Албатта, Аллоҳ улар ўзидан бошқа нима нарсага дуо қилаётганларини яхши биладир. Ва У азиз ва ҳаким зотдир.

    29:42
  3. وَتِلْكَ الْأَمْثَالُ نَضْرِبُهَا لِلنَّاسِ ۖ وَمَا يَعْقِلُهَا إِلَّا الْعَالِمُونَ

    Ушбу мисолларни Биз одамлар учун келтирурмиз. Лекин уларга олимлардан ўзгаларнинг ақллари етмас. (Ҳа, Аллоҳ таоло келтираётган мисолларни ақлли кишиларгина тўла тушуниб етадилар. Ундан ўзларига ибрат оладилар. Ақлсизлар эса, бу мисолларни тушуниш ўрнига Макка мушриклари каби: «Муҳаммаднинг Робби пашша ва ўргимчакни гапириб юрибди», деб масхара қиладилар.)

    29:43
  4. خَلَقَ اللَّهُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ بِالْحَقِّ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَآيَةً لِلْمُؤْمِنِينَ

    Аллоҳ осмонлар ва ерни ҳақ ила яратгандир. Албатта, бунда мўминлар учун оят-белги бордир.

    29:44
  5. اتْلُ مَا أُوحِيَ إِلَيْكَ مِنَ الْكِتَابِ وَأَقِمِ الصَّلَاةَ ۖ إِنَّ الصَّلَاةَ تَنْهَىٰ عَنِ الْفَحْشَاءِ وَالْمُنْكَرِ ۗ وَلَذِكْرُ اللَّهِ أَكْبَرُ ۗ وَاللَّهُ يَعْلَمُ مَا تَصْنَعُونَ

    Сенга китобдан ваҳий қилинган нарсани тиловат қил ва намозни тўкис адо эт, албатта, намоз фоҳиша ва мункар ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри буюк ишдир. Аллоҳ нима қилсангиз, билур. (Қуръонни тиловат қилиб, кишиларга етказиш Ислом даъватининг асосий омилидир. Ушбу илоҳий китоб маъноларини кишиларга етказиш, унинг таълимотларига амал қилишга чақириш даъватчининг асосий иши бўлмоғи лозим. Биз «намозни тўкис адо эт» деб таржима қилган жумлани тўридан-тўғри, сўзма-сўз ўзбекчага ағдарадиган бўлсак, «намозни тик турғиз» бўлиб чиқади. Демак, намозни ўқиш билан намозни тик турғизиш, яъни, тўкис адо этиш орасида фарқ бор. Аллоҳ таоло Пайғамбарга (с. а. в.) намоз ўқи деб эмас, намозни тўкис адо эт, деб хитоб қилмоқда. Мана шу нуқтадан кимнинг намози ҳақиқий, кимники сохта эканини билиб оламиз. Намозни ҳамма ҳам ўқийверади, лекин намозхон фоҳиша ва мункар ишлардан қайтмаса, унинг ўқиган намози ҳақиқий бўлмайди. Қачонки намозхон намозни тўкис адо қилса, фоҳиша ва мункар ишлардан қайтади.)

    29:45
  6. وَلَا تُجَادِلُوا أَهْلَ الْكِتَابِ إِلَّا بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِلَّا الَّذِينَ ظَلَمُوا مِنْهُمْ ۖ وَقُولُوا آمَنَّا بِالَّذِي أُنْزِلَ إِلَيْنَا وَأُنْزِلَ إِلَيْكُمْ وَإِلَٰهُنَا وَإِلَٰهُكُمْ وَاحِدٌ وَنَحْنُ لَهُ مُسْلِمُونَ

    Сизлар аҳли китобларнинг зулм қилганларидан бошқалари билан фақат яхши услубда мужодала этинглар ва уларга: «Биз ўзимизга нозил қилинган ва сизга нозил қилинган нарсага иймон келтирдик, бизнинг илоҳимиз ва сизнинг илоҳингиз бирдир ва биз унга бўйсунгувчимиз», денглар. (Оятда зулм қилмаган аҳли китоблар билан яхши, гўзал услубда мужодала қилишга амр этилмоқда. Аввало, зулм қилган аҳли китоблар ким эканини ажратиб олайлик. Аҳли китобларнинг зулм қилганлари хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, ўзларига келган илоҳий таълимотларни бузиб, Аллоҳга ширк келтирган, соф ақидани ўзгартирганлардир. Демак, улар билан яхши услубда мужодала қилишга ўрин йўқ, чунки улар золимлардир.)

    29:46
  7. وَكَذَٰلِكَ أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ ۚ فَالَّذِينَ آتَيْنَاهُمُ الْكِتَابَ يُؤْمِنُونَ بِهِ ۖ وَمِنْ هَٰؤُلَاءِ مَنْ يُؤْمِنُ بِهِ ۚ وَمَا يَجْحَدُ بِآيَاتِنَا إِلَّا الْكَافِرُونَ

    Ана шундай қилиб, сенга ҳам китоб нозил қилдик. Бас, Биз уларга китоб берган кимсалар унга иймон келтирурлар. Анавилардан ҳам унга иймон келтирадиганлари бор. Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор этурлар. (Қуръон оятларини ким инкор этса, ким уларга иймон келтирмаса, ўша кофирдир. Хоҳ у аҳли китобдан бўлсин, хоҳ мушриклардан бўлсин, хоҳ бошқа тоифадан бўлсин. Баъзи бир устамон аҳли китоблар ҳозирда содда мусулмонларнинг бошини аввалги оят маъноси билан айлантирмоқдалар. Мана, Қуръонда сизлар билан бизни тенг дейилган, Илоҳимиз бир, фарқи йўқ, келинглар, Инжил ўқинглар, черковга киринглар, деб йўлдан урмоқдалар. Кейинги оят эса, айтилмай қолиб кетмоқда. Мусулмонлар Қуръондан узоқлашганда ана шундай мусибатлар келиб чиқади. Ислом келди, бошқа барча динлар ботил бўлди. Қуръон келди, бошқа барча китоблар насх бўлди. Ушбу ҳақиқатни ҳамма яхши билмоғи даркор.)

    29:47
  8. وَمَا كُنْتَ تَتْلُو مِنْ قَبْلِهِ مِنْ كِتَابٍ وَلَا تَخُطُّهُ بِيَمِينِكَ ۖ إِذًا لَارْتَابَ الْمُبْطِلُونَ

    Ундан олдин ҳеч бир китобни тиловат қилмас эдинг ва қўлинг билан хат ёзмас эдинг. Агар шундай бўлганида, ботил аҳллари шубҳага тушган бўлур эдилар. (Бу ўқиш-ёзишни билади, бирор китобдан ўқигандир, бирор устоздан ёзиб олгандир, деб Қуръоннинг илоҳий китоб эканлиги ҳақида шубҳага тушган бўлар эдилар.)

    29:48
  9. بَلْ هُوَ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ فِي صُدُورِ الَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ ۚ وَمَا يَجْحَدُ بِآيَاتِنَا إِلَّا الظَّالِمُونَ

    Йўқ! У(Қуръон) илм берилганлар кўксидаги очиқ-ойдин оятлардир. Бизнинг оятларимизни фақат золимларгина инкор қилур.

    29:49
  10. وَقَالُوا لَوْلَا أُنْزِلَ عَلَيْهِ آيَاتٌ مِنْ رَبِّهِ ۖ قُلْ إِنَّمَا الْآيَاتُ عِنْدَ اللَّهِ وَإِنَّمَا أَنَا نَذِيرٌ مُبِينٌ

    Ва улар: «Унга Роббидан мўжизалар нозил қилинса эди», дедилар. Сен: »Мўъжизалар ёлғиз Аллоҳнинг ҳузуридадир. Мен эса, фақат очиқ-ойдин огоҳлантиргувчиман, холос», дегин.

    29:50
  11. أَوَلَمْ يَكْفِهِمْ أَنَّا أَنْزَلْنَا عَلَيْكَ الْكِتَابَ يُتْلَىٰ عَلَيْهِمْ ۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَرَحْمَةً وَذِكْرَىٰ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

    Уларга Бизнинг сенга ўзлари учун тиловат қилинаётган ушбу китобни нозил этганимиз кифоя қилмайдими?! Албатта, бунда иймон келтирадиган қавмлар учун раҳмат ва эслатма бордир.

    29:51
  12. قُلْ كَفَىٰ بِاللَّهِ بَيْنِي وَبَيْنَكُمْ شَهِيدًا ۖ يَعْلَمُ مَا فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ ۗ وَالَّذِينَ آمَنُوا بِالْبَاطِلِ وَكَفَرُوا بِاللَّهِ أُولَٰئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ

    «Мен билан сизнинг орамизда гувоҳликка Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У осмонлару ердаги нарсани билур. Ботилга иймон келтириб, Аллоҳга куфр келтирганлар, ана ўшалар ўзлари зиён кўргувчилардир», деб айт.

    29:52
  13. وَيَسْتَعْجِلُونَكَ بِالْعَذَابِ ۚ وَلَوْلَا أَجَلٌ مُسَمًّى لَجَاءَهُمُ الْعَذَابُ وَلَيَأْتِيَنَّهُمْ بَغْتَةً وَهُمْ لَا يَشْعُرُونَ

    Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Агар белгиланган ажал бўлмаганида, уларга, албатта, азоб келган бўлур эди. Албатта, уларга у тўсатдан, улар сезмаган ҳолда келур.

    29:53
  14. يَسْتَعْجِلُونَكَ بِالْعَذَابِ وَإِنَّ جَهَنَّمَ لَمُحِيطَةٌ بِالْكَافِرِينَ

    Улар сендан азобни тезлаштиришни талаб қилурлар. Ҳолбуки, жаҳаннам ҳеч шубҳасиз кофирларни ўраб тургувчидир.

    29:54
  15. يَوْمَ يَغْشَاهُمُ الْعَذَابُ مِنْ فَوْقِهِمْ وَمِنْ تَحْتِ أَرْجُلِهِمْ وَيَقُولُ ذُوقُوا مَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ

    У кунда азоб уларни устларидан ва оёқлари остидан ўраб олур ва У зот: «Қилиб юрган амалларингиз (жазосини) тотинг!» деб айтур.

    29:55
  16. يَا عِبَادِيَ الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّ أَرْضِي وَاسِعَةٌ فَإِيَّايَ فَاعْبُدُونِ

    Эй иймон келтирган бандаларим, албатта, Менинг ерим кенгдир. Бас, Менгагина ибодат қилинглар. (Сиз Менинг бандамсиз, ер Менинг ерим. Кофирлар бирор жойда иймонингиз учун, дину диёнатингиз учун сизга тинчлик бермаётган бўлса, қийноқ-қистовга олаётган бўлса, Менинг ерим кенг, бошқа томонида яшаб, истиқомат қилишингиз мумкин.)

    29:56
  17. كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ ۖ ثُمَّ إِلَيْنَا تُرْجَعُونَ

    Ҳар бир жон ўлимни топажакдир. Сўнгра Бизгагина қайтарилурсиз.

    29:57
  18. وَالَّذِينَ آمَنُوا وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَنُبَوِّئَنَّهُمْ مِنَ الْجَنَّةِ غُرَفًا تَجْرِي مِنْ تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا ۚ نِعْمَ أَجْرُ الْعَامِلِينَ

    Иймон келтириб, яхши амалларни қилганларни жаннатдан остидан анҳорлар оқиб турган олимақом жойларга жойлаштирурмиз. У ерда абадий қолурлар. Амал қилгувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!

    29:58
  19. الَّذِينَ صَبَرُوا وَعَلَىٰ رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

    Улар сабр қилган ва Роббиларигагина таваккул қиладиган зотлардир.

    29:59
  20. وَكَأَيِّنْ مِنْ دَابَّةٍ لَا تَحْمِلُ رِزْقَهَا اللَّهُ يَرْزُقُهَا وَإِيَّاكُمْ ۚ وَهُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ

    Ўз ризқини кўтара олмайдиган қанчадан-қанча жонзотлар бор. Уларга ҳам, сизларга ҳам Аллоҳ ризқ берадир. Ва У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрадиган бўлсак, кўпгина жонзотлар ризқга муҳтож бўлганида, уни тановвул қилишдан бошқа нарсани билмайди. Ризқ топиш учун ҳаракат ҳам қилмайди. Ризқни ўзи билан кўтариб ҳам юрмайди. Ўзига ризқ жамғармайди ҳам. Фақат ризқ керак бўлганида, уни тановвул қилади, холос. Аммо ризқ топилмасдан, бирортаси очқаб ўлиб ҳам қолмайди. Ризқини териб еб юраверади. Фақат инсонгина ризқ тўплашни одат қилган. Илоҳий таълимотлардан узоқ бўлган баъзи бир одамлар ҳаётни ризқ-рўз учун курашишдан иборат, деб ўйлайдилар. Улар ўзларича, ризқни ўзимиз топмоқдамиз, деб гумон қиладилар.

    29:60

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf