Mushaf, sahifa 91

  1. مَنْ يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ ۖ وَمَنْ تَوَلَّىٰ فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظًا

    Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ.

    4:80
  2. وَيَقُولُونَ طَاعَةٌ فَإِذَا بَرَزُوا مِنْ عِنْدِكَ بَيَّتَ طَائِفَةٌ مِنْهُمْ غَيْرَ الَّذِي تَقُولُ ۖ وَاللَّهُ يَكْتُبُ مَا يُبَيِّتُونَ ۖ فَأَعْرِضْ عَنْهُمْ وَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ ۚ وَكَفَىٰ بِاللَّهِ وَكِيلًا

    Улар, итоат, дерлар. Ҳузурингдан чиққач эса, бир тоифалари айтганингдан бошқага хуфёна тил бириктирадилар. Аллоҳ хуфёна тил бириктирган нарсаларини ёзиб қўяди. Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккал қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур. (Ояти карима «Улар» деб айтаётган кишилар–мунофиқлардир. Уларга Қуръон оятларини ўқиб берсалар, Аллоҳнинг амрларини етказсалар, қисқа қилиб «итоат», дейишади. «Итоат»дан бошқа ният йўқ, деб кўрсатмоқчи бўлишади. Аслида эса, мақсадлари бошқа, шунинг учун ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларидан чиқишганидан сўнг «итоат»ни унутиб, бошқача иш тутишади.)

    4:81
  3. أَفَلَا يَتَدَبَّرُونَ الْقُرْآنَ ۚ وَلَوْ كَانَ مِنْ عِنْدِ غَيْرِ اللَّهِ لَوَجَدُوا فِيهِ اخْتِلَافًا كَثِيرًا

    Қуръонни тадаббур этиб кўрмайдиларми?! Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганда, ундан кўп ихтилофлар топар эдилар. ( Қуръонга мурожаат этиб, уни тадаббур қилиб кўрган одам ҳақиқатни англаб етади. У илоҳий китобдир, унинг илоҳийлигини тадаббур қилган одам буни дарҳол англайди. Чунки Қуръонни жиддий ўрганишга киришган одам унда ҳеч қандай зиддият йўқлигини пайқайди.)

    4:82
  4. وَإِذَا جَاءَهُمْ أَمْرٌ مِنَ الْأَمْنِ أَوِ الْخَوْفِ أَذَاعُوا بِهِ ۖ وَلَوْ رَدُّوهُ إِلَى الرَّسُولِ وَإِلَىٰ أُولِي الْأَمْرِ مِنْهُمْ لَعَلِمَهُ الَّذِينَ يَسْتَنْبِطُونَهُ مِنْهُمْ ۗ وَلَوْلَا فَضْلُ اللَّهِ عَلَيْكُمْ وَرَحْمَتُهُ لَاتَّبَعْتُمُ الشَّيْطَانَ إِلَّا قَلِيلًا

    Қачонки уларга эминлик ёки ҳақ тўғрисида бир иш–хабар етса, уни таратадилар. Агар уни Пайғамбарга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар. Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганда, озгинангиздан бошқангиз шайтонга эргашиб кетар эдингиз.

    4:83
  5. فَقَاتِلْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ لَا تُكَلَّفُ إِلَّا نَفْسَكَ ۚ وَحَرِّضِ الْمُؤْمِنِينَ ۖ عَسَى اللَّهُ أَنْ يَكُفَّ بَأْسَ الَّذِينَ كَفَرُوا ۚ وَاللَّهُ أَشَدُّ بَأْسًا وَأَشَدُّ تَنْكِيلًا

    Аллоҳнинг йўлида жанг қил! Ўзингдан бошқадан масъул қилинмайсан. Мўминларни қизиқтир. Шоядки Аллоҳ куфр келтирганларнинг шиддатини даф қилса. Аллоҳ шиддати қаттиқ ва азоби ортиқ зотдир.

    4:84
  6. مَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً حَسَنَةً يَكُنْ لَهُ نَصِيبٌ مِنْهَا ۖ وَمَنْ يَشْفَعْ شَفَاعَةً سَيِّئَةً يَكُنْ لَهُ كِفْلٌ مِنْهَا ۗ وَكَانَ اللَّهُ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ مُقِيتًا

    Ким яхши шафоат қилса, ундан ўз насибаси бўлур. Ким ёмон шафоат қилса, ундан ўз наибаси бўлур. Аллоҳ ҳар бир нарсанинг баҳосини берувчи зотдир. (Араб тилида «шафоат» сўзи бизда танилган маънодан кўра кенгроқ маънода ишлатилади. Бировни бошқалар олдида оқлаш учун қилинган саъй-ҳаракат ва гап-сўз ҳам шафоат ҳисобланади. Инчунин, қоралаш учун қилингани ҳам. Шунингдек, бу ишнинг яхшилигини тушунтириш учун тарғиб қилиш, унга қизиқтирш яхши шафоат, ўша ишни ёмон деб тушунтириш эса, ёмон шафоат ҳисобланади.)

    4:85
  7. وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا ۗ إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلَىٰ كُلِّ شَيْءٍ حَسِيبًا

    Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсанинг ҳисобини олувчи зотдир. ( Исломдаги саломлашиш энг гўзал ва энг маъноли саломлашишдир. Исломда танигангаю танимаганга салом бериш суннатдир. Саломга алик олиш эса, вожибдир.)

    4:86

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf