Sura 19 Maryam, oyat 30 – 56

  1. قَالَ إِنِّي عَبْدُ اللَّهِ آتَانِيَ الْكِتَابَ وَجَعَلَنِي نَبِيًّا

    У: «Албатта, мен Аллоҳнинг бандасиман. У менга китоб берди ва мени Пайғамбар қилди.

    19:30
  2. وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنْتُ وَأَوْصَانِي بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ مَا دُمْتُ حَيًّا

    Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди. Модомики ҳаёт эканман, намоз ва закотни адо этмоқни тавсия қилди.

    19:31
  3. وَبَرًّا بِوَالِدَتِي وَلَمْ يَجْعَلْنِي جَبَّارًا شَقِيًّا

    Мени онамга меҳрибон қилди ва жабр-ситам қилгувчи, бадбахт қилмади.

    19:32
  4. وَالسَّلَامُ عَلَيَّ يَوْمَ وُلِدْتُ وَيَوْمَ أَمُوتُ وَيَوْمَ أُبْعَثُ حَيًّا

    Менга туғилган кунимда ҳам, ўладиган кунимда ҳам ва қайта тириладиган кунимда ҳам салом бордир«, деди.

    19:33
  5. ذَٰلِكَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ ۚ قَوْلَ الْحَقِّ الَّذِي فِيهِ يَمْتَرُونَ

    Мана шу шубҳа қилишаётган Ийсо ибн Марям тўғрисидаги ҳақ сўздир. (Баъзилар уни «худо» дедилар, баъзилар оналари Биби Марямни зинокорликда айбладилар. Бу қуруқ ва асоссиз сўзларга эмас, Аллоҳнинг ҳақ каломига ишониш керак.)

    19:34
  6. مَا كَانَ لِلَّهِ أَنْ يَتَّخِذَ مِنْ وَلَدٍ ۖ سُبْحَانَهُ ۚ إِذَا قَضَىٰ أَمْرًا فَإِنَّمَا يَقُولُ لَهُ كُنْ فَيَكُونُ

    Бола тутмоқ Аллоҳга ҳеч тўғри келмас. У бундан покдир. У бир ишни истаса, унга «Бўл!» дейдир. Бас, бўладир.

    19:35
  7. وَإِنَّ اللَّهَ رَبِّي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ ۚ هَٰذَا صِرَاطٌ مُسْتَقِيمٌ

    «Ва, албатта, Аллоҳ менинг Роббимдир ва сизнинг Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир».

    19:36
  8. فَاخْتَلَفَ الْأَحْزَابُ مِنْ بَيْنِهِمْ ۖ فَوَيْلٌ لِلَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ مَشْهَدِ يَوْمٍ عَظِيمٍ

    Сўнгра фирқалар ўзаро ихтилофга тушдилар. Куфр келтирганларга буюк кундаги кўринишдан вой бўлсин. (Насоролар ҳозиргача Ийсо алайҳиссалом хусусида ихтилофдалар. Баъзилари, Ийсо Аллоҳнинг ўғли деса, баъзилари Ийсо ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборат учликнинг бири дейди; баъзилари эса, Ийсо ота худо, она худо ва бола худодан бири–бола ўғил худо, дейдилар. Уларнинг орасида Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг бандаси, Расули, руҳи ва калимаси дейдиганлар ҳам бор. Аммо ҳанузгача мазкур ихтилофлар давом этиб келмоқда.

    19:37
  9. أَسْمِعْ بِهِمْ وَأَبْصِرْ يَوْمَ يَأْتُونَنَا ۖ لَٰكِنِ الظَّالِمُونَ الْيَوْمَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

    Бизга келадиган куни қандай ҳам яхши эшитадилар, қандай ҳам яхши кўрадилар. Лекин золимлар бугунги кунда очиқ залолатдадирлар.

    19:38
  10. وَأَنْذِرْهُمْ يَوْمَ الْحَسْرَةِ إِذْ قُضِيَ الْأَمْرُ وَهُمْ فِي غَفْلَةٍ وَهُمْ لَا يُؤْمِنُونَ

    Уларни ҳасрат кунидан, иш битмиш пайтидан огоҳ қил. Улар ғафлатдадирлар, улар иймон келтирмаслар.

    19:39
  11. إِنَّا نَحْنُ نَرِثُ الْأَرْضَ وَمَنْ عَلَيْهَا وَإِلَيْنَا يُرْجَعُونَ

    Албатта, Биз ерга ва унинг устидаги кимсаларга меросхўр бўламиз ва Бизгагина қайтурлар.

    19:40
  12. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِبْرَاهِيمَ ۚ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَبِيًّا

    Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди.

    19:41
  13. إِذْ قَالَ لِأَبِيهِ يَا أَبَتِ لِمَ تَعْبُدُ مَا لَا يَسْمَعُ وَلَا يُبْصِرُ وَلَا يُغْنِي عَنْكَ شَيْئًا

    Қачонки у отасига: «Эй отам, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бера олмайдиган нарсага ибодат қиласан?

    19:42
  14. يَا أَبَتِ إِنِّي قَدْ جَاءَنِي مِنَ الْعِلْمِ مَا لَمْ يَأْتِكَ فَاتَّبِعْنِي أَهْدِكَ صِرَاطًا سَوِيًّا

    Эй отам, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман.

    19:43
  15. يَا أَبَتِ لَا تَعْبُدِ الشَّيْطَانَ ۖ إِنَّ الشَّيْطَانَ كَانَ لِلرَّحْمَٰنِ عَصِيًّا

    Эй отам, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир.

    19:44
  16. يَا أَبَتِ إِنِّي أَخَافُ أَنْ يَمَسَّكَ عَذَابٌ مِنَ الرَّحْمَٰنِ فَتَكُونَ لِلشَّيْطَانِ وَلِيًّا

    Эй отам, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», деган эди.

    19:45
  17. قَالَ أَرَاغِبٌ أَنْتَ عَنْ آلِهَتِي يَا إِبْرَاهِيمُ ۖ لَئِنْ لَمْ تَنْتَهِ لَأَرْجُمَنَّكَ ۖ وَاهْجُرْنِي مَلِيًّا

    У: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени, албатта, тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» деди.

    19:46
  18. قَالَ سَلَامٌ عَلَيْكَ ۖ سَأَسْتَغْفِرُ لَكَ رَبِّي ۖ إِنَّهُ كَانَ بِي حَفِيًّا

    У: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, у менга жуда ҳам лутфи марҳаматлидир.

    19:47
  19. وَأَعْتَزِلُكُمْ وَمَا تَدْعُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ وَأَدْعُو رَبِّي عَسَىٰ أَلَّا أَكُونَ بِدُعَاءِ رَبِّي شَقِيًّا

    Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», деди.

    19:48
  20. فَلَمَّا اعْتَزَلَهُمْ وَمَا يَعْبُدُونَ مِنْ دُونِ اللَّهِ وَهَبْنَا لَهُ إِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ ۖ وَكُلًّا جَعَلْنَا نَبِيًّا

    Бас, улардан ва улар Аллоҳдан ўзга ибодат қилаётган нарсадан четланганида, Биз унга Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик ва барчаларини Пайғамбар қилдик. (Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳни, Унинг динини деб ўз ватанлари, қавм-қариндошларини тарк этиб, ҳижрат қилган эдилар. Аллоҳ таоло у зотни ёлғиз қўймади. Қариб қолган бўлсалар ҳам, Исҳоқ ва Яъқубни берди. Иброҳим алайҳиссалом насабини бардавом айлади. Энг муҳими, уларнинг ҳаммасини Пайғамбар қилди.)

    19:49
  21. وَوَهَبْنَا لَهُمْ مِنْ رَحْمَتِنَا وَجَعَلْنَا لَهُمْ لِسَانَ صِدْقٍ عَلِيًّا

    Ва уларга Ўз раҳматимиздан ҳадя этдик ҳамда уларга ростгўй ва олий тил бердик.

    19:50
  22. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ مُوسَىٰ ۚ إِنَّهُ كَانَ مُخْلَصًا وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّا

    Китобда Мусони эсла. Албатта, у танлаб олинган Набий ва Расул эди. (Эй Муҳаммад, илоҳий Китоб–Қуръонда Мусо алайҳиссалом қиссасини эсла. У Аллоҳ таоло томонидан танлаб олинган банда: ҳам Набий ва ҳам Расул эди. Биз Аллоҳ томонидан бандаларга етказиш учун кўрсатмалар олган шахсни Пайғамбар деб одатланиб қолганмиз. Аслида эса, Пайғамбарлик моҳият жиҳатидан икки турлидир. Бир турларига «Набий», бошқаларига «Расул» дейилади. Набийлар Аллоҳдан ваҳий келган, бироқ китоб берилмаган, шунингдек, даъватлари кенг оммага эмас, ўзлари учунгина кифоя қилган зотлардир. Расул Аллоҳ томонидан ваҳий берилган, даъватлари кенг оммага мўлжалланган зот ҳисобланадилар. Мусо алайҳиссалом ушбу икки сифатни ўзларида мужассам қилган Пайғамбарлардан биридир.)

    19:51
  23. وَنَادَيْنَاهُ مِنْ جَانِبِ الطُّورِ الْأَيْمَنِ وَقَرَّبْنَاهُ نَجِيًّا

    Биз унга Турнинг ўнг томонидан нидо қилдик ва муножот учун Ўзимизга яқинлаштирдик.

    19:52
  24. وَوَهَبْنَا لَهُ مِنْ رَحْمَتِنَا أَخَاهُ هَارُونَ نَبِيًّا

    Ва унга Ўз раҳматимиздан оғаси Ҳорунни Пайғамбар қилиб ҳадя этдик. (Оғалари Ҳоруннинг Пайғамбар бўлишини Мусонинг алайҳиссалом ўзлари Аллоҳ таолога дуо қилиб сўраган эдилар.)

    19:53
  25. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِسْمَاعِيلَ ۚ إِنَّهُ كَانَ صَادِقَ الْوَعْدِ وَكَانَ رَسُولًا نَبِيًّا

    Ва китобда Исмоилни эсла. Албатта, у ваъдасига содиқ ҳамда Расул ва Набий бўлган эди.

    19:54
  26. وَكَانَ يَأْمُرُ أَهْلَهُ بِالصَّلَاةِ وَالزَّكَاةِ وَكَانَ عِنْدَ رَبِّهِ مَرْضِيًّا

    У аҳлини намозга ва закотга буюрар эди ва Робби наздида рози бўлган эди.

    19:55
  27. وَاذْكُرْ فِي الْكِتَابِ إِدْرِيسَ ۚ إِنَّهُ كَانَ صِدِّيقًا نَبِيًّا

    Ва китобда Идрисни эсла. Албатта, у сиддиқ ва Набий бўлган эди.

    19:56

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf