Sura 25 Furqon

  1. وَقَالَ الَّذِينَ لَا يَرْجُونَ لِقَاءَنَا لَوْلَا أُنْزِلَ عَلَيْنَا الْمَلَائِكَةُ أَوْ نَرَىٰ رَبَّنَا ۗ لَقَدِ اسْتَكْبَرُوا فِي أَنْفُسِهِمْ وَعَتَوْا عُتُوًّا كَبِيرًا

    Бизга учрашдан умидсиз бўлганлар, бизга фаришталар туширилса ёки, Роббимизни кўрсак эди, дерлар. Батаҳқиқ, улар ўзларидан кетдилар ва катта туғён-ла туғён қилдилар.

    25:21
  2. يَوْمَ يَرَوْنَ الْمَلَائِكَةَ لَا بُشْرَىٰ يَوْمَئِذٍ لِلْمُجْرِمِينَ وَيَقُولُونَ حِجْرًا مَحْجُورًا

    Улар фаришталарни кўрадиган кунда, ҳа, ўша кунда жиноятчиларга хушхабар бўлмас. Ва у(фаришта)лар: «Ҳаром, ҳаром», дерлар. (Эй кофир-мушриклар, сизларга хушхабар ҳаром, жаннат ҳаром, мағфират ҳаром, меҳр-шафқат ҳаром, осойишталик ҳаром... дерлар.)

    25:22
  3. وَقَدِمْنَا إِلَىٰ مَا عَمِلُوا مِنْ عَمَلٍ فَجَعَلْنَاهُ هَبَاءً مَنْثُورًا

    Ва қилган амалига келиб, уларни тўзон каби сочиб юборурмиз. (Кофирларнинг бу дунёда қилган баъзи бир яхши амаларидан умидлари бўлиши мумкин. Аммо иймон бўлмаганидан кейин у ишлар ҳеч фойда бера олмайди. Қиёмат куни Аллоҳ таоло у амалларни ҳам тўзон каби сочиб юборади.)

    25:23
  4. أَصْحَابُ الْجَنَّةِ يَوْمَئِذٍ خَيْرٌ مُسْتَقَرًّا وَأَحْسَنُ مَقِيلًا

    Ўша кунда жаннат эгаларининг қароргоҳлари ва оромгоҳлар ғоят яхшидир.

    25:24
  5. وَيَوْمَ تَشَقَّقُ السَّمَاءُ بِالْغَمَامِ وَنُزِّلَ الْمَلَائِكَةُ تَنْزِيلًا

    У кунда булутли осмон ёрилиб, фаришталар бўлак-бўлак тушурилурлар.

    25:25
  6. الْمُلْكُ يَوْمَئِذٍ الْحَقُّ لِلرَّحْمَٰنِ ۚ وَكَانَ يَوْمًا عَلَى الْكَافِرِينَ عَسِيرًا

    У кунда ҳукмронлик Роҳманга ҳақ бўлур. У кун кофирлар учун кўп қийин кун бўлур.

    25:26
  7. وَيَوْمَ يَعَضُّ الظَّالِمُ عَلَىٰ يَدَيْهِ يَقُولُ يَا لَيْتَنِي اتَّخَذْتُ مَعَ الرَّسُولِ سَبِيلًا

    У кунда золим икки қўлини тишлаб: «Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди!» дер.

    25:27
  8. يَا وَيْلَتَىٰ لَيْتَنِي لَمْ أَتَّخِذْ فُلَانًا خَلِيلًا

    «Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди.

    25:28
  9. لَقَدْ أَضَلَّنِي عَنِ الذِّكْرِ بَعْدَ إِذْ جَاءَنِي ۗ وَكَانَ الشَّيْطَانُ لِلْإِنْسَانِ خَذُولًا

    Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келгандан сўнг у (дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир», дер. (Муҳаммаддан (c. а. в.) бошқага эргашганларнинг барчасининг ҳоли шу бўлади. Қуръон йўлидан бошқа йўлга юрган, Қуръондан бошқа дастурга амал қилганларнинг барчасининг ҳоли шу бўлади. Қиёмат куни уларнинг ҳаммасининг бу дунёдаги «дўст»лари ёрдамсиз ташлаб кетади.)

    25:29
  10. وَقَالَ الرَّسُولُ يَا رَبِّ إِنَّ قَوْمِي اتَّخَذُوا هَٰذَا الْقُرْآنَ مَهْجُورًا

    Ва Пайғамбар: «Эй Роббим, албатта, менинг қавмим ушбу Қуръонни тарк этдилар», деди. (Муҳаммад (с. а. в.) Роббиларига шикоят қилиб, эй Роббим, менинг қавмим–Қурайш ушбу Қуръонни тарк этди, дедилар. Аллоҳ таоло уларнинг қилмишларини жуда яхши билади. Аммо Пайғамбар (с. а. в.) ўзларининг дардларини тўкиб солиш учун, Аллоҳнинг амрини тўла бажарганликларини билдириш учун айтмоқдалар.)

    25:30
  11. وَكَذَٰلِكَ جَعَلْنَا لِكُلِّ نَبِيٍّ عَدُوًّا مِنَ الْمُجْرِمِينَ ۗ وَكَفَىٰ بِرَبِّكَ هَادِيًا وَنَصِيرًا

    Ана шундай. Ҳар Пайғамбар учун жиноятчилардан душман қилганмиз. Ҳидоят ва ёрдамчиликда Роббинг Ўзи кифоя қилур.

    25:31
  12. وَقَالَ الَّذِينَ كَفَرُوا لَوْلَا نُزِّلَ عَلَيْهِ الْقُرْآنُ جُمْلَةً وَاحِدَةً ۚ كَذَٰلِكَ لِنُثَبِّتَ بِهِ فُؤَادَكَ ۖ وَرَتَّلْنَاهُ تَرْتِيلًا

    Куфр келтирганлар: «Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди», дедилар. Биз сенинг қалбингни у билан собит қилиш учун шундай қилдик ва уни дона-дона қилиб ўқидик. (Яъни, эй Муҳаммад, Биз сенинг қалбингни Қуръон билан собит қилиш, қувватлаш учун уни бўлак-бўлак ҳолда нозил этдик ва гўзал равишда дона-дона қилиб ўқиб бердик. Қуръон бирданига тушмасдан, бўлак-бўлак бўлиб тушар, ҳар ваҳий келганида Пайғамбарнинг (с. а. в.) қалблари қувватланар, кучларига куч, ғайратларига ғайрат қўшилар эди.)

    25:32
  13. وَلَا يَأْتُونَكَ بِمَثَلٍ إِلَّا جِئْنَاكَ بِالْحَقِّ وَأَحْسَنَ تَفْسِيرًا

    Улар сенга бирор масал келтирсалар, Биз, албатта, сенга ҳақни ва гўзал шарҳини келтирамиз.

    25:33
  14. الَّذِينَ يُحْشَرُونَ عَلَىٰ وُجُوهِهِمْ إِلَىٰ جَهَنَّمَ أُولَٰئِكَ شَرٌّ مَكَانًا وَأَضَلُّ سَبِيلًا

    Жаҳаннам томон юз тубан ҳолларида судраладиганлар, ана ўшалар, маконлари энг ёмон, йўллари энг адашган кимсалардир.

    25:34
  15. وَلَقَدْ آتَيْنَا مُوسَى الْكِتَابَ وَجَعَلْنَا مَعَهُ أَخَاهُ هَارُونَ وَزِيرًا

    Батаҳқиқ, Биз Мусога китобни бердик ва унга акаси Ҳорунни вазир қилдик.

    25:35
  16. فَقُلْنَا اذْهَبَا إِلَى الْقَوْمِ الَّذِينَ كَذَّبُوا بِآيَاتِنَا فَدَمَّرْنَاهُمْ تَدْمِيرًا

    Бас: «Иккингиз бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмга боринг», дедик. Сўнг уларни ер билан яксон қилдик.

    25:36
  17. وَقَوْمَ نُوحٍ لَمَّا كَذَّبُوا الرُّسُلَ أَغْرَقْنَاهُمْ وَجَعَلْنَاهُمْ لِلنَّاسِ آيَةً ۖ وَأَعْتَدْنَا لِلظَّالِمِينَ عَذَابًا أَلِيمًا

    Ва Нуҳ қавми Пайғамбарларни ёлғонга чиқарганларида ғарқ этдик ва уларни одамларга ибрат қилдик. Ҳамда Биз золимларга аламли азоблар тайёрлаб қўйдик.

    25:37
  18. وَعَادًا وَثَمُودَ وَأَصْحَابَ الرَّسِّ وَقُرُونًا بَيْنَ ذَٰلِكَ كَثِيرًا

    Од, Самуд ва қудуқ эгаларини ҳамда бу орадаги асрларни эсла. (Биз «қудуқ» деб таржима қилган сўз ояти каримада «расс» ибораси ила ифодаланган бўлиб, ичи маҳкамланмаган, нураб турган қудуққа айтилади. Ривоятларда келишича, ўша жиноятчи қавм қудуқ атрофида ўтирганларида, у қулаб, ҳаммалари ичига тушиб ҳалок бўлган эканлар. Баъзи тафсирчиларимиз, бу қавм Солиҳ алайҳиссалом қавми, десалар, бошқалари Шуайб алайҳиссалом қавмидир, дейдилар. Ибн Жарир Табарий эса, улар Ухдуд эгаларидир, деган эканлар. Улар ҳақида Буруж сурасида сўз юритилган.)

    25:38
  19. وَكُلًّا ضَرَبْنَا لَهُ الْأَمْثَالَ ۖ وَكُلًّا تَبَّرْنَا تَتْبِيرًا

    Улардан ҳар бирига мисоллар келтирдик. Ва уларни қириб битирдик. (Яъни, ўша ўтмиш асрлардаги барча жиноятчи қавмларнинг ҳар бирига ўрнак бўлсин учун мисоллар келтирдик. Улар ибрат олмадилар, ўзларини ўнгламадилар.)

    25:39
  20. وَلَقَدْ أَتَوْا عَلَى الْقَرْيَةِ الَّتِي أُمْطِرَتْ مَطَرَ السَّوْءِ ۚ أَفَلَمْ يَكُونُوا يَرَوْنَهَا ۚ بَلْ كَانُوا لَا يَرْجُونَ نُشُورًا

    Батаҳқиқ, улар ёмонлик ёмғири ёғдирилган шаҳарга келган эдилар. Уни кўрмаган эдиларми?! Йўқ! Улар қайта тирилишдан умидсиз эдилар. (Ушбу ояти каримадаги «ёмонлик ёмғири ёғдирилган шаҳар»дан мурод Лут алайҳиссалом қавми яшаган шаҳардир. Маълумки, бу шаҳарни Аллоҳ таоло тош ёғдириб ҳалок қилгандир. Оятдаги «Улар»дан мурод эса, Макка кофирлари. Улар Шомга қилган сафарларида Лут алайҳиссалом қавми шаҳри харобалари ёнидан ўтар эдилар. Агар уларда инсоф бўлганида, заррача тафаккур бўлганида, кўрганларидан ибрат олардилар.)

    25:40

Tarjima: Muhammad Sodik Muhammad Yusuf